Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Юртимизда истиқлолимизнинг қутлуғ 30 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда сўнгги 4 йил ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда туб бурилиш палласи бўлганига ишонч ҳосил қиласан киши.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ислоҳотларнинг янги босқичида иқтисодиётнинг «қон томири»га қиёсланадиган молия-банк тизимида мислсиз ўзгаришлар юз берди. Таъбир жоиз бўлса, молия муассасалари халққа бир қадам яқинлашди, замон талабларига ҳамоҳанг ишлай бошлади.
Ҳозирги тезкор давр талабидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ қилинаётган пухта ўйланган, аниқ чора-тадбирлар самарасидир.
Айтиш жоизки, республика молиявий хизматлар бозорининг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлган «Агробанк» акциядорлик тижорат банки фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Трансформация жараёнлари жадаллашиб, инновацион хизматлар жорий этилаётгани туфайли у мамлакатнинг энг замонавий тижорат банки сифатида тўла шаклланди.
Барқарор ўсиш пойдевори яратилди
Кейинги пайтда молиявий институтларнинг барқарорлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ролини оширишга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки қулай бизнес муҳитини қарор топтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли ҳаёт даражасини юксалтиришда тижорат банклари ғоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис охирги 4 йил ичида давлатимиз раҳбарининг банк тизимини қўллаб-қувватлашга оид қабул қилган Фармон ва қарорлари ижроси доирасида «Агробанк» АТБ фаолиятининг барқарорлиги таъминланди ва ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Ушбу муҳим ҳужжатлар бўйича банк капиталлашуви даражасини ошириш учун жами 4,5 трлн. сўм маблағ йўналтирилди. Бунинг ҳисобига банк устав капитали миқдори 2017 йил бошига қиёсланганда 14 мартага кўпайиб, 5,3 трлн. сўмга етказилди.
Шубҳасиз, бу банкнинг маҳаллий ва хорижий ресурсларни жалб қилиш, иқтисодиёт тармоқларини фаол кредитлаш борасидаги имкониятларини яна кенгайтирди. Буни тасаввур қилиш учун халқаро кредит линияларини жалб этишдаги ўсиш суръатларини келтириш ўринлидир.
Гап шундаки, 2016 йилда атиги битта хорижий банкдан 30 млн. АҚШ доллари жалб қилинган бўлса, 2017-2021 йиллар давомида 18 та халқаро молия институтлари ва хорижий банклар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, 703 млн. доллар миқдорида линиялар жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди. Бундан ташқари, ички манбалар ҳисобидан жалб қилинган депозитлар ҳажми қарийб 5 баробарга ошди. Бошқача қилиб айтганда, депозитлар миқдори 7,3 трлн. сўмга кўпайиб, 9,2 трлн. сўмга етказилди.
Умуман олганда, банк томонидан 2017 йилдан буён иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун жами 76 трлн. сўмликдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди. Шунингдек, 2021 йил август ойи ҳолатига кўра, банк активлари 34,6 трлн. сўм, кредит қўйилмалари 28,9 трлн. сўмни ташкил қилди. Бу 2017 йилдагига нисбатан қарийб 10 баробарга ошди, деганидир.
Қўлга киритилаётган ушбу ютуқлар давлатимиз раҳбарининг «Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича «ўз аравасини ўзи тортиши» керак. Шундагина бозор шароитига мос, замонавий бошқарув тизимига эга молиявий институтга айлана олади», дея куйиниб айтган сўзларидан тўғри хулоса чиқарилиб, банк тизимини ислоҳ қилиш ва инвестициявий фаоллигини ошириш борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар самараси туфайлидир.
Янгиланиш ва юксалиш пиллапояси
Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида миллий иқтисодиётда бозор механизмлари ва тамойилларини кенг жорий этиш, айниқса, банклар ўртасида рақобатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар банк тизими амалиётига назар солсак, айнан бозор тамойиллари ва механизмлари қўлланилиши юқори натижалар берганига ишонч ҳосил қиламиз. Шунинг учун «Агробанк»да трансформацияни олиб бориш орқали уни халқаро андозаларга мувофиқ иш юритадиган инновацион тижорат банкига айлантириш, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бирламчи вазифага айланган.
Таъкидлаш керакки, банк трансформациясини амалга ошириш мақсадида дастлаб 2017-2018 йилларда банк фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича етакчи хорижий банклардан экспертлар жалб этилди. Ўз навбатида, халқаро банк амалиёти ютуқларини ўрганиш мақсадида бир гуруҳ ходимлар Туркия, Россия, Германия, Грузия, Хитой ва Ҳиндистон давлатларининг етакчи банкларида тажриба ошириб қайтишди.
Трансформация жараёнининг навбатдаги босқичи этиб белгиланган 2019-2020 йилларда Осиё тараққиёт банки ҳамда KPMG халқаро консалтинг компаниялари жалб қилиниб, банкни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Унинг асосида қабул қилинган янги бизнес моделга кўра келгусида «Агробанк» фаолиятини 2 та асосий йўналиш бўйича ривожлантириш белгилаб олинди.
Биринчиси, давлат дастурлари ижрочиси сифатида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш баробарида, агросаноат тармоғи корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Иккинчиси, банкнинг тижорат бизнеси, хусусан, корпоратив мижозлар, кичик бизнес субъектлари, чакана бизнес кўламини кенгайтириш йўналишидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Банк трансформацияси бошлангандан буён ўтган 4 йил давомида олиб борилаётган шу каби пухта ўйланган чора-тадбирлар, айтиш жоизки, банк ҳаётида юксалиш даврини бошлаб берди. Буни 2020 йил якунлари бўйича банк асосий кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшилангани ҳам тасдиқлайди. Бинобарин, соф фойда 18 мартага ўсиб, 255 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, активлар рентабеллиги (ROA) 3 мартага ортиб, 1 фоиз, капитал рентабеллиги (ROE) 2 мартага кўпайиб, 5,1 фоиз, операцион самарадорлик (CIR) 28 фоиз бирликка яхшиланиб, 60 фоиз ўсгани кўп нарсани англатади.
Аҳолининг тадбиркорлик руҳи уйғонди
Президентимиз томонидан камбағалликни камайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини давлат кўмагида бой қилиш ҳаракатлари бошланди. Бу борадаги лойиҳаларни молиялаштиришда таянч банклар қаторида «Агробанк» АТБ масъул этиб бириктирилди.
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир», деган эди Президентимиз ўз чиқишида. Ушбу ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, айни пайтда камбағалликка қарши курашишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси, давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланмоқда. Яъни дастурлар доирасида жами 7 трлн. 44 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Бунинг эвазига қанчадан-қанча аҳоли бизнес фаолиятини йўлга қўйиб, муқим даромад манбаига эга бўлди. Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига охирги 4 йил ичида банк томонидан хизмат кўрсатилаётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 80 мингтага ошгани фикримиз тасдиғидир.
Шу билан бирга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2 719 та лойиҳани молиялаштириш учун 4,7 трлн. сўмлик кредитлар йўналтирилди. Пировардида 33 мингтадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шу маънода, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини камбағалликдан чиқариш, уларда тадбиркорлик руҳини уйғотишда «Агробанк» энг яқин ҳамкор, молиявий мададкорга айланган, десак, айни ҳақиқат.
Кластер истиқболига йўналтирилаётган сармоялар
Банкимиз номидан ҳам маълумки, аграр соҳа ва у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истиқболли бизнес лойиҳаларини молиялаштириш фаолиятимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Маълумки, қишлоқ хўжалигига бозор тамойилларини жорий қилиш орқали соҳани сифат жиҳатидан ривожлантириш ва саноатлаштириш мақсадида кластер тизими жорий қилинди. Ҳозирги пайтда республикамизда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерлари умумий сони 122 тага етган бўлса, шундан 91 таси «Агробанк» мижози ҳисобланади. Жами 384 минг гектар майдонда пахта етиштираётган мазкур кластерларда занжирли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, яъни чигит экишдан тортиб, то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга бўлган жараёнларни қамраб оладиган инвестициявий лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ қилиняпти. Жумладан, 2021-2023 йилларда пахта-тўқимачилик кластерларида умумий қиймати 501,4 млн. долларлик 43 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларнинг 300 млн. доллари банк кредити асосида молиялаштирилиши, бунинг ҳисобига қарийб 17 000 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Ҳозирги кунгача кластерларнинг шу каби занжирли механизм асосида пахта толасини чуқур қайта ишлашга қаратилган 272 млн. АҚШ доллари миқдорида лойиҳалар молиялаштирилди. Бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, ажратилаётган банк кредитлари миқдори йил сайин ошириб борилаверади.
Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда улар билан кооперация асосида фаолият юритаётган фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадларига 2,4 трлн. сўмлик кредитлар берилди.
Тез орада ишга туширилиши кутилаётган «agrozamin.uz» электрон савдо платформаси умуман, барча турдаги қишлоқ хўжалиги корхоналари учун қўшимча қулайликлар тақдим этиши, шубҳасиз. Негаки, ушбу платформа орқали боғ ва дала неъматлари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникалари олди-сотдиси, соҳага оид хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Замонавий билим ва тажрибалар – амалиётга
Қишлоқ хўжалигида замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш, амалиётга интенсив ва инновацион агротехнологияларни татбиқ этиш орқали аграр соҳада юқори самарадорликка эришишда «Агробанк» томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг хизмати биқиёсдир. Масалан, юртимиз деҳқон, фермер ва кластерлар иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини бойитиш, илғор тажрибаларни ўргатиш мақсадида 100 та китобдан иборат тўплам яратилди. Банк қошида ташкил этилган 120 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари, олим ва экспертлардан иборат илмий гуруҳ изланишларининг маҳсули бўлган ушбу тўплам 10 минг нусхада чоп этилиб, республикамиз бўйича бепул тарқатилмоқда.
Шунингдек, agrobank.uz сайти ва agro100_kitob_bot телеграм манзилида электрон шаклда фойдаланиш имконияти яратилиб, ушбу воситалар орқали 30 минг марта кўчириб олинди.
Банкимиз томонидан мамлакат қишлоқ хўжалиги равнақи йўлида амалга оширилган яна бири йирик лойиҳа «Фермерлар мактаби» ташкил этилганидир. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – қишлоқ хўжалиги йўналишида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни режалаштирган аҳолига ўз бизнесини йўлга қўйишга ва ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Мазкур лойиҳа Тошкент давлат аграр университети ҳамда унинг Нукус, Самарқанд ва Термиз филиаллари, шунингдек, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда 5 та ҳудудда ташкил этилиб, тингловчилар минтақалар бўйича жалб этилмоқда.
Мактабларда чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, иссиқхона хўжалиги ҳамда бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишлари бўйича хориж стандартлари асосида дарслар берилаётгани туфайли ёшларнинг қизиқиши ортмоқда.
Аграр таълимга ортиб бораётган талабни инобатга олиб, келгусида ўқув жараёнини такомиллаштириш, янги йўналишларни қамраб олиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Онлайн хизматлар таклиф этишда етакчи
Ҳозирги тезкор замон талабидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар тижорат банклари олдига хизматлар бозорини давр талабига уйғун равишда такомиллаштириш, тезкор, қулай ва сифатли хизмат кўрсатишни тақозо қилмоқда. Табиийки, бунга амалиётга замонавий дастурлар, IT ютуқларини қўлламасдан туриб эришиб бўлмайди. Шунинг учун «Агробанк»да автоматлаштирилган банк тизимлари самарали ишлашини баҳолаш мақсадида (PWC) халқаро консалтинг компанияси жалб этилган ҳолда, IT аудитдан ўтказилди.
Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасида 4 та йирик лойиҳа ижросига киришилди. Булар – CRM – мижозлар билан муносабатларни бошқариш тизими, HR – инсон ресурсларини бошқариш тизими, BRMS – бизнес жараёнларни бошқариш, яъни кредит конвейр тизими, ESB – турли ахборот тизимларини бирлаштириш тизими (шина).
Ўзбекистон молиявий хизматлар бозорида биринчи бўлиб «Агробанк» АТБ томонидан жисмоний шахслар учун Онлайн микроқарз ҳамда «Онлайн кредит» хизмати тақдим этилгани бунга ёрқин мисолдир. Ушбу янги хизматнинг афзаллиги шундаки, ундан 24/7 режимида масофадан фойдаланиш мумкин. Вақт сарфлаб банк офисларига келишга, ҳужжатлар тақдим этишга ҳожат йўқ. Амалиёт «Agrobank mobile» мобиль иловаси ҳамда «Интернет банкинг» тизими орқали қўлингиздаги гаджетларда бажарилади.
Яна бир янгилик – онлайн халқаро пул ўтказмалари ҳам мамлакатимиз молиявий хизматлар бозорида илк бора «Агробанк» томонидан йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Россиянинг «Сбербанк»и билан ҳамкорликда жорий қилинган ушбу хизмат туридан банкка бормасдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасида банк картасига пул маблағларини қабул қилиб олиш мумкин.
Мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида чакана хизматларга ихтисослашган chakana.uz маркетплейси ҳам жорий қилинди. B2C форматдаги мазкур платформада 7 000 дан зиёд маҳсулотларни онлайн харид қилса бўлади. Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда 1400 дона янги банкомат олиб келиниб, республика бўйича жойлаштирилди.
Худди шунингдек, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш учун пластик карталарни бепул етказиб бериш, Ўзбекистон бўйлаб миллий валютадаги пул ўтказмалари, мультивалюта «Visa» карталари, «Humo» кредит карталари ҳамда пластик картани осонлик билан олиш имконини берувчи картоматлар, ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиб хизмат кўрсатувчи мобиль офис хизматлари сингари янги хизмат турлари ишлаб чиқилди, 333 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш марказлари (24/7) ташкил этилди.
Узоқ муддатли ривожланиш стратегияси
Истиқлол йилларида «Агробанк» АТБ ўзининг самарали фаолияти билан мижозлар меҳрини, ҳамкорлар ишончи қозона олди. Зеро, ўтаётган ҳар бир йил муваффақиятларга бойлиги билан банк ҳаётида ўчмас из қолдирмоқда. Бироқ кўплаб ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган ишлар бирталай. Аввало, банк молиявий барқарорлиги ва хизматлар сифатини баҳолашда умумэътироф этилган замонавий усуллар ва меъёрларни жорий қилиш талаб этилади.
Тизимда олиб борилаётган ушбу чора-тадбирлардан кўзланган мақсад шуки, Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Фармонида банк трансформациясини ташкил қилиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг изчил ижросини таъминлаш, пировардида «Агробанк»нинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, илғор банк амалиёти асосида фаолият юритаётган тизимга айлантириш ҳамда аҳолининг банк тизимига ишончини янада мустаҳкамлашдир.
Мамлакатимизда тижорат банклари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар асосида ташкил этишга қаратилган стратегик ислоҳотлар бунга, албатта, эришиш имконини беради. Бу жараёнларда юртимиздаги йирик молия муассасаларидан бири бўлган «Агробанк» АБТ олдинга сафларда туриб, иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш, аҳолини тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш каби эзгуликларда камарбаста бўлаверади.
«Агробанк» АТБ матбуот хизмати