Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи юртимиздаги энг йирик, салоҳиятли корхоналардан ҳисобланади. Бу ерда замонавий илғор инновацион технологияларни татбиқ қилиш, янги материаллар, шу жумладан, янги катализаторларни ўрнатиш, эскирган ускуналарни алмаштириш орқали қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришилмоқда.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида автомобиль бензинининг юқори октанли таркибий қисмини ишлаб чиқариш мақсадида каталитик риформинг қурилмасидан фойдаланилади. Қурилманинг технологик жараёнини самарали юритишда узлуксиз равишда айланиб турадиган, таркибида водород мавжуд бўлган газ (ВCГ) муҳим роль ўйнайди. Жараён хомашёси – оғир нафта қурилмага келиб тушганида ВCГ билан аралаштирилади ва бунинг натижасида ҳосил бўладиган ВCГ иссиқлик аралашмаси ва риформат (юқори октанли маҳсулот) ҳисобидан иккита ноёб иссиқлик алмаштиргич (Франциянинг «DELAUNAYETFILS» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 21E-01 А ва В позициядаги «Техас Минораси» сифатида машҳур бўлган вертикал кожухли-найчасимон иссиқлик алмаштиргич)да иситилади.
Йигирма йил узлуксиз фойдаланиш натижасида 2017 йилга келиб табиий жараёнлар ҳисобидан иссиқлик алмаштиргичларда тиқилиб қолиш ҳолати кузатилди ва бу уларнинг ўтказувчанлиги пасайишига олиб келди. Оқибатда асосий технологик параметрлардан бири, хусусан, ВСГ айланиш жараёни бузилди, бу ишлаб чиқарилаётган риформатнинг сифати ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатди.
Агар 2003 йилда ўртача 79,3 м3/соат юкламада ВСГ сарфи ўртача 49000 нм3/соатни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда ўртача 78 м3/соат юкламада ВСГ сарфи ўртача 24000 нмЗ/соатга етди. 2017 йилда эса бу кўрсаткич пасайишда давом этиб, ўзгармас юкламада 16000 нм3/соат даражасига тушиб қолди. Натижада ВСГнинг айланишини минимал йўл қўйиладиган даражаларда сақлаб туриш мақсадида қурилманинг юкламасини туширишга, шунингдек, риформат ишлаб чиқаришни, автобензин миқдорини камайтиришга тўғри келди.
Бундан ташқари иссиқлик алмаштиргичлар ўтказиш қобилиятининг пасайиши туфайли хомашёни иситиш харажатлари сезиларли даражада ошди. Чунончи, 2003 йилда 21F01 печига бериладиган ёқилғи газининг сарфи 2000 нм3/соатни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда мазкур кўрсаткич 3000 нм3/соатга кўтарилди.
Ҳамидилло МИРЗАЖОНОВ,
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош механиги