Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Истиқлолнинг шонли саҳифаларига кўз ташлар эканмиз, мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида юз берган ўзгаришлар ўз-ўзидан амалга ошмаганига гувоҳ бўламиз. Ватанимизнинг мустақил тараққиёт йўли барча жабҳаларда дунё андозалари даражасидаги янгиланиш, ривожланишлар сари дадил қадам ташлади. Ўтган йигирма беш йил ичида салмоқли ютуқларга эришиб, дунё ҳамжамиятининг юқори эътирофига сазовор бўлдик. Буни иқтисодиётимизнинг муҳим таркибий қисми бўлган аграр соҳада ҳам кузатиш мумкин.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли хўжалик юритиш механизми тубдан янгиланиб, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ер ўзининг ҳақиқий эгаси – тажрибали деҳқону фермерлар қўлига ўтди. Натижада эса, улар яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ пахта, ғалла, пилла, мева-сабзавот, полиз, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш салмоғи ва сифати йил сайин ортиб бормоқда. Шунингдек,чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишлари ҳам жадал ривожланишига, дунёнинг энг замонавий технологиялари асосида сифатли ва харидоргир озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланишига эришилмоқда. Айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони тобора кўпайиб бораётгани, деҳқон ва фермер хўжаликлари республикамиз иқтисодий салоҳиятига сезиларли ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳол.
Истиқлолга эришилмаганда бундай муваффақиятлар қаерда эди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Шу боис, кечаги кунимизни асло ёддан чиқаришимиз керак эмас. Мустабид тузум даврида Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги туфайли деҳқончилик, иқтисодиётимиз не-не йўқотишларни кўрмади, халқимиз қандай жабру жафоларни ўз бошидан ўтказмади?! Ўша даврда собиқ иттифоқда ишлаб чиқариладиган пахта толасининг 63– 65 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келарди. Суғориладиган асосий майдонларга пахта экилар, бунинг оқибатида эса йигирма бир миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган юртимизга кўплаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари четдан олиб келинарди. Қулай тупроқ-иқлим шароитига эга бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон аҳолиси биргина нонга бўлган эҳтиёжини Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан келтирилган дон маҳсулотлари эвазига қоплашга мажбур эди. Бу ҳам етмагандек, экин майдонларига узоқ йиллар давомида фақат битта экин – пахта экилиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эътибор қаратилмаганлиги туфайли тупроқ унумдорлиги кескин пасайиб кетди.
Истиқлолнинг дастлабки пайтларида омборларда бир неча кунга етарли дон қолган, нақд очарчилик остонасида турган эдик. Шундай танг, оғир пайтда Президентимиз Ислом Каримов ғалла мустақиллиги масаласини ўртага қўйиб: «Токи ғалла мустақиллигига эришмас эканмиз, иқтисодий мустақиллик ҳақида гапириш ортиқча», деган эдилар. Шу тариқа халқимизни ўзимизда етиштирилган дон ва дон маҳсулотлари билан таъминлаш, ғалла мустақиллигига эришишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этила бошланди. Тез орада бу ўз самарасини берди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда 1991 йилда 1 миллион тоннага яқинроқ ғалла ҳосили олинган бўлса, бу кўрсаткич 2001 йилда 4,1 миллион тонна, 2015 йилда эса 7,3 миллион тоннадан зиёдроқни ташкил этди.
Шу билан бирга, пахтачиликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Қолаверса, серқуёш заминимизда етиштирилган пахта толасининг сифат кўрсаткичлари ҳам юқори даражада бўлиб, рангининг тиниқлиги, пишиқлиги ва узунлиги, энг муҳими, саноатбоплиги билан ажралиб туради. Мамлакатимизда пахтачилик тармоғида ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётгани, аввало, ғўзанинг тезпишар, серҳосил, тола сифати юқори, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли навлари яратилиб, илғор агротехнологиялар татбиқ этилаётгани ана шундай ютуқларга эришиш имконини бермоқда. Айни пайтда, янги ғўза навларини яратиш, уруғчилик тизимини яхшилаш ва пахта етиштиришда тежамкор технологияларни ишлаб чиқариш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар янада чуқурлаштирилган ҳолда олиб борилаяпти. Бу эса пахтачиликда янги уфқларни очишга хизмат қилиши шубҳасиз.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ҳозирги пайтда ер юзи аҳолисининг 840 млн нафари тўйиб овқатланмаган ҳолда кун кечиришга мажбур. Бу жаҳонда деярли ҳар саккиз нафар кишидан бири шундай қисматга дучор деганидир. Бундан ташқари, дунё аҳолиси тўлақонли овқатланмаслик натижасида асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Демак, бу жиҳатлар озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш нақадар устувор вазифа эканлигидан далолат беради.
Жаҳонда ана шундай мураккаб вазият кузатилаётган бир пайтда жонажон диёримизда мўл-кўлчилик, фаровонлик. Халқимиз бу кунларга осонликча эришгани йўқ. Истиқлолнинг дастлабки даврида одамлар дўконлар олдида нон сотиб олиш учун «турна қатор» бўлиб навбатда турганлигини яхши эслайди. Қисқа вақт ичида вазият ўзгарди: бугунги кунга келиб бозорлардан тортиб, дала дўконлари-ю, супермаркетлар расталаригача турфа ноз-неъматларга тўла. Бугун одамлар эҳтиёжидаги маҳсулотларни сифатига қараб харид қиляпти. Маълумки, Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган қулай шарт-шароитлар, имтиёз ва имкониятлар ҳамда деҳқону фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил олинмоқда.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача 6–7 фоиздан кам бўлмаяпти. Биргина 2015 йилда далалардан 7,3 млн тоннадан ортиқ дон, 12,8 млн тоннадан зиёд сабзавот ва картошка, салкам икки миллион тонна полиз маҳсулотлари, қарийб 2,8 млн тонна мева, 1,5 млн тоннадан зиёд узум маҳсулотлари йиғиштириб олинди. Гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 2014 йилга нисбатан 106,7, сут ишлаб чиқариш 107,1, тухум ишлаб чиқариш 111,1 фоизни ташкил этди. Бу қишлоқ меҳнаткашлари, соҳа мутахассислари ва мутасаддиларининг қишнинг изғирини-ю, баҳор инжиқликлари, ёзнинг жазирама иссиғини матонат билан енгиб қилган меҳнатлари самарасидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 36 мингдан ортиғи кўп тармоқли йирик субъектларга айланди. Бунинг қувонарли жиҳати шундаки, айни пайтда улар фақатгина деҳқончилик ёки чорвачилик билан чекланиб қолмасдан, балки замонавий технологиялар, ихчам қайта ишлаш ускуналарини жалб этган ҳолда, қўшимча тармоқларни ўзлаштиришга ҳаракат қилишаяпти. Бу аҳоли, айниқса, қишлоқ одамларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим роль ўйнамоқда.
1990 йилларда аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини импорт ҳисобига қоплаган Ўзбекистон бугунги кунда муҳим кундалик истеъмол товарларга бўлган талабни қондириб қолмасдан, балки уларни катта миқдорда экспорт қилмоқда. Ушбу жараён фермер хўжалигида ишловчиларнинг даромадларини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоялаш ва муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш билан бирга олиб борилмоқда. Энг муҳими, мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилаётган имтиёзлар натижасида фермерлар қишлоқларни янада обод ва кўркам қилишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга, иқтисодиёт равнақига салмоқли ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2015 йил июнь ойида Рим шаҳрида бўлиб ўтган 39-конференциясида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришган давлатларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон 14 та давлат қаторида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эришган ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирланди.
Экспертларнинг таъкидлашича, юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги ҳамда хуштаъмлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туради.
Буни жорий йилнинг 12–16 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида қатнашган кўплаб хорижлик экспертлар, ишбилармонлар ҳам алоҳида эътироф этишди. Ярмарка якунларига кўра, республикамизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича умумий қиймати икки млрд доллардан зиёд 270 та шартнома имзоланди. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавотлар, 25 фоизини узум, 20 фоизини мева, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, икки фоизини қовун ташкил қилди.
Демак, Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талаб дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Шу боис ҳам, ҳукуматимиз томонидан истиқболда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги «2016–2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламалдир. Чунки, мазкур ҳужжатда тупроқ унумдорлиги нисбатан паст, сув таъминоти оғир, кам рентабелли экин майдонларига пахта ва ғалла ўрнига мева-сабзавот, картошка, мойли, озуқабоп экинлар экиш вазифалари белгилаб берилди. Уларнинг амалга оширилиши натижасида яқин беш йилда бошоқли дон етиштириш ҳажмини 8,5 млн тоннага етказиш, картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоизга, гўшт етиштиришни 26,2 фоизга, сутни 47,3 фоизга, тухумни 74,5 фоизга кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш мўлжалланмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотининг 40 фоиздан ортиғини чорвачилик маҳсулотлари ташкил этади. Ушбу соҳада ҳам эркин бозор механизмлари шакллантирилгани, кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида чорва моллари бош сони ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ортиб бораяпти. Чорвачилик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларда наслли қорамоллар подасини кўпайтириш мақсадида кейинги ўн йил мобайнида Польша, Австрия, Голландия, Германия каби Европа мамлакатларидан 60 минг бошдан ортиқ наслли қорамол келтирилди. Бу, ўз навбатида, соҳа маҳсулдорлиги ортишига сабаб бўлиб, наслчилик хўжаликларида сигирлардан бир кунда 20–25 килограммдан ёки лактация давомида 6–7 минг кгдан сут соғиб олинмоқда. Аҳолини сут, гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар сабабли халқимизнинг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилаяпти. Гўшт ва сутни қайта ишлайдиган, маҳсулотни қадоқлайдиган юзлаб мини-технологиялар ўрнатилиб, ишга туширилди.