Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ушбу кўрсаткични аниқлаш учун мазкур ҳудудда яратилган туристик маҳсулотлар умумий ҳажмининг қатор йиллар бўйича ўсиш динамикаси аниқланади ва улар бир маромда ўсаётган бўлса, туризм барқарор ривожланмоқда ва мос равишда иқтисодиётни ҳам ривожланишига ҳисса қўшмоқда, деган хулосага келиш мумкин. Иқтисодиётнинг ривожланиши бўйича тадқиқотлар ўтказилган ва улар тегишли нашрларда чоп этилган. Бу борада М.Қ.Пардаев, Т.Х.Мамасоатов, О.М.Пардаевларнинг эътироф этишича, иқтисодий ўсишнинг қуйидаги турлари мавжуд. Рецессия (пасайиш) – агар ўтган йилга нисбатан паст бўлса беқарор ўсиш – бир ошиб, бир камаяётган бўлса; мунтазам ўсиш – 100,1 дан 105,0 фоизгача ўсиш таъминланган бўлса; барқарор ўсиш – 105,1 – 108,0 фоизни ташкил этса; юқори суръатда ўсиш – 108,1 – 110,0 фоиздан иборат бўлса, жадал суръатда ўсиш – 110,1 фоиздан зиёд ўсишга эришилаётган бўлса.
Туризмнинг тўлов балансини барқарорлаштиришдаги роли. Бунда халқаро туризмнинг ривожланиши катта аҳамият касб этади. Чунки, мазкур соҳа мамлакат тўлов балансига тегишли тарзда таъсир этади. Бунда кирувчи ва чиқувчи туризмни солиштириш орқали мазкур соҳанинг тўлов балансига таъсирини аниқлаш мумкин. Яъни, мамлакатимиз фуқароларининг хорижга (турист сифатида) чиқиш харажатлари билан айнан шу давлатдан келган туристларга кўрсатилган хизматлар ҳисобидан тушган даромадлар солиштирилиши натижасида мазкур соҳанинг мамлакат тўлов балансига таъсири аниқланади. Агар бизнинг сарфларимиз (Q ички) бошқа давлатдан келган туристлардан тушган даромадларга (Q хорижий) нисбатан кам бўлса тўлов баланси ижобий бўлади. Агар туристларимизнинг қилган сарф харажатлари хорижий туристларга нисбатан кўп бўлиб кетса, тўлов баланси салбий кўрсаткичга эга бўлади.
Q ички < Q хорижий = ижобий;
Q хорижий > Q ички = салбий.
Туризмнинг ўрта синфнинг шаклланишидаги роли. Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Бугунги кунда халқаро туризм ўрта синф учун дам олишнинг кенг тарқалган турига айланиб бормоқда. Шундай бир қонуниятни кўриш, кузатиш қийин эмас – қайси мамлакатда ўрта синф қатлами қанча кўп ва кенг бўлса, унинг сайёҳлик салоҳияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Бу борада ўрта синфга мансуб одамларнинг жуда ҳаракатчан ва тадбиркор бўлиши, уларнинг янгиликларни излаб яшашга, ўз қобилияти ва имкониятларини амалга оширишга интилиши муҳим ўрин тутади». Ҳозирги пайтда барча туристик фирмалар деярли тадбиркорлик асосида хусусий мулк эвазига шаклланиб фаолият кўрсатмоқда. Улар 600 дан зиёд фирма, компания ва туроператорлар сифатида дунёнинг 80 дан ортиқ давлати билан бевосита алоқа ўрнатиб туристларни жўнатиш ва қабул қилиш билан шуғулланмоқда.
Туризмнинг ўрта синф вакилларидаги улуши (Тўу)ни аниқлаш учун олдин умумий тадбиркорлик билан шуғулланадиган субъектлар (Тс) таркибида туристик фирмаларнинг сони (Тф) неча фоиз эканлиги ҳисобланади. Бунинг учун қуйидаги формуладан фойдаланилади:
Тўу = Тф * 100 / Тс.
Туризм том маънода, дунёни тушуниш, дунёни англаш, шу билан бирга дунё саҳнига чиқиш, демакдир.Биз ана шу муҳим соҳани ривожлантиришимиз, унинг кенг имкониятларидан фойдаланишимиз лозим. Президентимиз таъкидлаганидек: «Қадимий маданиятлар бешиги бўлган шаҳарларимизда илк ва кейинги ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим-тарбия соҳалари, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ кенг ривожланган, муҳташам саройлар, масжид ва мадрасалар барпо этилган. Бундай гўзал шаҳарларни бунёд этиш учун нафақат моҳир уста ва қурувчилар, балки математика, астрономия, физика, архитектура, геометрия, геодезия, сейсмология ва кимё каби фундаментал фанларни чуқур биладиган олимларнинг билим ва тажрибаси ҳам керак бўлган». Кўриниб турибдики, қадимдан илм-фан ва маданиятга эга бўлган халқнинг туристик салоҳиятига шубҳа йўқ. Ҳамма гап фақат ундан самарали фойдалана олишда.
Агар туризмни самарали ривожлантиришга эришсак, қуйидаги натижаларни қўлга киритамиз:
● мамлакатимизнинг ялпи миллий маҳсулоти кўпаяди;
● давлат бюджети тўловлар ҳисоби ортишига эришилади;
● иш билан таъминлаш ўсади, янги иш ўринлари яратилади;
● чет эл капитали ортади ҳамда валюта тушуми кўпаяди;
● туризм ривожланиши бошқа соҳалар тараққий этишига таъсир кўрсатади;
● туризм инфратузилмаси ва индустрияси ривожланиши таъминланади;
● туристларнинг дам олиш тузилмалари ислоҳ қилинишига эришилади.
Қисқача қилиб айтганда, буларнинг барчаси пировардида, туризмни ривожлантириш имкониятлари ошишига, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти янада яхшиланишига, уларнинг яшаш даражаси ва сифати оширилишига хизмат қилади.
Жаҳонгир АБИЕВ,
катта илмий ходим-изланувчи