Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мустақиллик йилларида хорижий инвестицияларни жалб этишга катта эътибор берилаётгани, қолаверса, қулай инвестиция муҳити инвестицион банклар фаолиятининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда, яъни инвестиция фаолиятини ташкил этишда ишбилармонликни, тадбиркорлик моҳиятини чуқур англаган ҳолда иш юритиш ҳамда бозор иқтисодиёти ва унинг кўпқиррали муносабатларини ҳар томонлама теран англаш жуда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Иқтисодиётнинг асосий таянч устунларидан бири ҳисобланадиган банк тизимида, умуман олганда молия бозорида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида мазкур соҳада ҳам сезиларли силжишлар ҳамда ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Биз ҳам айни жиҳатларни эътироф этган ҳолда, инвестицион банкларнинг фаолият хусусиятлари, улар томонидан амалга ошириладиган операцияларнинг турларини атрофлича таҳлил этишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, инвестицион банк фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган дастлабки шарт-шароитларни шакллантириш бўйича таклифлар беришга ҳаракат қиламиз.
Аслида, инвестицияларни жалб қилиш ва молиялаштириш анча мураккаб жараён. Шу боис, инвестиция фаолиятининг янада муҳим бўлган ривожи учун мазкур омилларни илмий таҳлил қилиш лозим. Қолаверса, қулай инвестиция муҳити яратилиши республикамизда инвестиция фаолиятини ривожлантириш ва амалга оширишнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Энди, баъзи бир иқтисодий адабиётларда келтирилган маълумотлар асосида мулоҳаза юритадиган бўлсак, инвестицион банк хусусидаги умумий қарашларга мувофиқ, молиявий тақсимлаш имкониятини яратишга хизмат қиладиган барча хизматлар мажмуи инвестицион банк фаолиятини ташкил қилади. Бошқача айтганда, инвестицион банклар молия бозоридаги савдоларни рағбатлантирувчи функциялар тизимини қамраб олиш билан бирга, капитал бозорларида ўзига хос воситачилик функциясини бажаради.
Мавзунинг баъзи бир жиҳатлари хусусида тўхталишдан олдин айтишимиз керакки, одатда, ҳар бир банк сиёсий, иқтисодий, ташкилий ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда ўзининг кредит сиёсатини ишлаб чиқиши ва уни амалга ошириши, шунингдек, ссуда операцияларидан келадиган даромад ва уларни самарали молиялаштиришга катта эътибор қаратишлари мумкин. Яъни, тижорат банклари депозитларни жалб қилиш ва ушбу маблағларни ссуда кўринишида мижозларига тақсимлаш орқали молиявий воситачилик функциясини бажарса, инвестицион банклар эса капитал бозорларида инвесторлар ва эмитентлар ўртасидаги савдоларни ташкил этиш ёки унга кўмаклашиш орқали воситачилик қилади. Капитал бозорларидаги воситачилик функциясидан ташқари, инвестицион банклар ўз ҳисобидан иккиламчи бозордаги савдоларда иштирокчи сифатида ҳам қатнашади. Шу ўринда биз, инвестицион банкнинг воситачилик ва мулк савдоси бўйича фаолиятини ажратиб олиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Яъни, воситачилик фаолияти қуйидагилардан иборат:
● бирламчи бозорга инвестицион банк маҳсулотларини таклиф этиш;
● молиявий маслаҳатлар;
● иккиламчи бозорда мавжуд маҳсулотлар билан савдоларни амалга ошириш.
Мулк савдосида инвестицион банклар операцияларни ўз номидан ва ўз маблағи ҳисобига амалга оширади. Қолаверса, бирламчи бозорда янги муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар билан савдо қилинади ва бунда инвестицион банкларнинг роли муҳим саналади.
Айниқса, корпоратив облигацияларни эмиссия қилиш ва уларни потенциал инвесторларга сотиш жараёнини инвестицион банклар иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Облигацияларга муқобил тарзда корпорациялар акцияларни эмиссия қилишлари ҳамда ушбу фаолиятни эса инвестицион банкларнинг қарз ва акциядорлик капиталини жалб қилиш бўйича операциялари сифатида эътироф этишлари мумкин. Айни пайтда шуни айтиш жоизки, қарз капиталини жалб қилиш фонд бозорида қарз мажбуриятларини жойлаштириш орқали амалга оширилади. Облигацияларни жойлаштириш инвестицион банкнинг (универсал банкнинг инвестицион-банк бўлинмаси) бевосита иштирокида юз беради. Хусусан, халқаро амалиётда облигацияларни жойлаштиришнинг йирик ташкилотчилари ҳисобланган банклар қаторига J.P.Morgan, Citigroup, Morgan Stanley, Goldman Sachs, Deutsche Bank, UBS, Bank of America, Banco Santander Central Hispano кабиларни киритиш мумкин.
Ҳеч кимга сир эмас, иқтисодиётни янада эркинлаштириш йўлида мамлакатимизда инвестиция фаолияти билан шуғулланувчилар учун қўлланаётган иқтисодий механизмлар ҳам йилдан-йилга такомиллаштириб борилишига жиддий эътибор берилмоқда. Бу борада, Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида эса юртимиз иқтисодиёти ривожланиб, янада тараққий этиб бормоқда. Юқорида қайд этилган фикр-мулоҳазаларга кўра, мамлакатимиздаги тижорат банклари кредитларининг иқтисодиётимизда тутган ўрни мустаҳкамланиб бориши амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар молиявий таъминотининг кучайишига, иқтисодиёт реал секторининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланишига замин яратмоқда. Шу ўринда инвестицион банк фаолиятини туркумлашни жоиз деб билдик.
Инвестицион банкларнинг облигациялар муомаласи ва уни жойлаштириш бўйича хизматлари таркибига қуйидагилар киради:
● облигация мажбурияти таркибини (параметрлари ва тузилмасини ишлаб чиқиш);
● эмитентнинг фонд бозоридаги стратегиясини шакллантириш;
● рўйхатга олишга доир барча ҳужжатларни тайёрлаш;
● облигацияга рейтинг олиш жараёни бўйича эмитентга маслаҳат бериш;
● облигация мажбурияти бўйича ахборот ва потенциал инвесторларга тақдимот ўтказиш бўйича кўмак бериш;
● келишилган муддатларда облигация мажбуриятини жойлаштиришни амалга ошириш;
● облигацияни муомалага чиқариш натижалари бўйича ҳисобот тайёрлаш;
● иккиламчи бозорда облигациялар котировкасини ташкил этиш, қўллаб-қувватлаш ва ш.к.
Акциядорлик капиталини жалб қилиш эса уч усулда амалга оширилади:
хусусий (ёпиқ) жойлаштириш (private placement), бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO, initial public offering) ва иккиламчи жойлаштириш (SPOб second public offering, follow-on offering, seasoned public offering).
Хусусий жойлаштириш – бу, қимматли қоғозлар сотувини оммавий таклиф қилмасдан туриб, чекланган ва олдиндан келишилган манфаатдор инвесторлар гуруҳига сотиш ҳисобланади. Мазкур ҳолатда инвестицион банклар потенциал инвесторларни аниқлайди ва ўз мижозлари – эмитентлар билан келишиб олади.
Агар корхонага зарур бўлган молиялаштириш ҳажми сезиларли даражада юқори бўлса ва бозорда ўз мавқеини янада мустаҳкамлашни истаса, унда бирламчи оммавий жойлаштиришдан фойдаланади. IPO фонд бозоридаги «илк қадам» бўлиб, у корхонанинг муайян муваффақиятга эришиши учун хизмат қилади. Иккиламчи хусусий жойлаштириш корхонанинг такроран фонд бозорига (иккиламчи) чиқишидир. Бунга сабаб сифатида бизнеснинг кенгайиши, сезиларли миқдорда акцияларнинг йирик акциядорлик жамиятларига сотилиши (агар йирик акциядорлик компанияси IPO даврида ўз акцияларини жойлаштирмаган бўлса) кабилар келтирилиши мумкин. Шунингдек, инвестицион банклар бажарадиган муҳим операциялар қаторига бирикиш ва қўшиб олиш (M&A, mergers and acquisitions) бўйича операцияларни киритиш мумкин.
Одатда, корпорацияларнинг йириклашуви табиий равишда бизнес кўламининг кенгайиши бирикиш ва қўшиб олиш битимлари орқали юз беради. Бирикиш ва қўшиб олиш битимининг мураккаблиги шундаки, у муайян компетенция ва малака талаб қилиши боис, корпорациялар бундай битимларни тузишда профессионал маслаҳатчи ёллашни мақбул деб ҳисоблайди. Маслаҳатчи эса, ўз навбатида, бирикиш ва қўшиб олиш битими ташаббусини кўтариш, тузиш ва уни тугаллашда корпорацияга кўмаклашади. Яна шуни ҳам айтиш лозимки, бирикиш ва қўшиб олиш битимини тузишда корпорациялар бир қатор мақсадларни кўзлайди, яъни:
● биринчидан, корпорациялар мазкур битим орқали стратегик жиҳатдан муҳим активларни қўлга киритиши;
● иккинчидан, корпорациялар янги бозорларга кириб боришни, бозордаги улушини мустаҳкамлашни режалаштириши;
● учинчидан, кўлам самарасига эришиш учун битимга киришиши;
● тўртинчидан, молиявий ёки диверсификациялаш борасидаги сабаблар бундай битимларга ундаши мумкин.
Дарҳақиқат, халқаро амалиёт кўрсатишича, инвестицион банклар иштирокисиз амалга ошириш кўзда тутилган бирикиш ва қўшиб олиш битимларининг аксарияти муваффақиятсизликка учраган ёки тугалланмаган. Демак, инвестицион банкларсиз қўшиб олиш ёки бирикиш битимларини тузишга ҳаракат қилиш мантиқсиз ҳолатга айланган.