Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Наманган ўзининг енгил саноат маҳсулотлари билан юртимизда донг таратган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар салмоғи ҳам ўзгача. Ўтган йили мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, янги замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича 57 та лойиҳа ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Натижада, 19 та янги корхона ташкил этилиб, 38 та корхонада техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Лойиҳа ташаббускорлари маблағлари эвазига мазкур корхоналарга жами 910 та замонавий дастгоҳлар ўрнатилди, бунинг натижасида 1011 та янги иш ўрни яратилди. Умуман, 2015 йилда модернизация дастури бўйича 78 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 2778 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Шу ўринда яна бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Хусусан, шаҳардаги «Натурал инвест» МЧЖ, «Наманган агромаш» АЖ, собиқ «Шифо ЛТД» МЧЖ ҳудудидаги бўш турган ер майдонлари негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Ҳозирча ана шундай зоналарнинг учтаси ташкил этилиб, 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади. Бундан ташқари, 2015 йилда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш бўйича бешта истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Яъни, «Дамбоғ пойабзал савдо» ХК, «Исоқжон савдо сервис» МЧЖ, «Лазиз гранд сервис» МЧЖ каби корхоналарда айни пайтда сифатли ва харидоргир пойабзаллар ишлаб чиқарилмоқда.
2015–2018 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш бўйича шаҳарда умумий қиймати 44,1 млн долларлик тўртта йирик лойиҳани 2017–2018 йилларда ҳаётга жорий қилиш мўлжалланган. Агар ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, «Наманган тўқимачи» МЧЖда калава ип, мато, «Арт Софт» ҚКда калава ип, момиқ сочиқ, «Ифтихор кийим саноат» МЧЖда трикотаж маҳсулотлари ва «Наманган шарбати» МЧЖда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Хизмат кўрсатиш ва сервис дастурига асосан ўтган йили 67 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиб, 331 та янги иш ўринлари яратилди. Шу жумладан, 42 та чакана савдо, учта умумий овқатланиш, битта автомобиль ва бошқа техникаларни таъмирлаш устахонаси, 24 та бошқа турдаги хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Мазкур соҳани ривожлантириш учун шаҳардаги бешта тижорат банки томонидан 2015 йилда жами 32,5 млрд сўм (режа 119,5 %) кредит маблағлари ажратилди. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бутун юртимизда бўлгани каби Наманган шаҳрида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилмоқда. Бу борада соҳа ривожига хизмат қиладиган ва аҳоли фаровонлигини оширишда самарали омил бўладиган ташаббуслар мутасаддиларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Натижада, шаҳар иқтисодиёти тармоқлари бўйича хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши тобора ортиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 64,1 фоизни, қишлоқ хўжалигида 99,1 фоизни, асосий капиталга киритилган инвестицияларда 85,5, фоизни, қурилиш ишларида 86,3 фоизни, чакана савдо айланмасида 54,1 фоизни ҳамда аҳолига пулли хизмат кўрсатишда 48,4 фоизни ташкил этмоқда.
Юртимиз ҳудуди қадимий цивилизация бешикларидан ҳисобланади. Ўлкамизда қад ростлаган меъморий обидалар, ота-боболаримиздан мерос қолган ва бизгача етиб келган осориатиқалар, илм-фан ва бой маданий мерос, қолаверса, юртимизнинг бетакрор табиати, жўғрофий жойлашуви, халқимизнинг бағри кенглиги республикамизни дунёдаги туризм имкониятлари юқори давлатлардан бири эканлигини англатади. Бундай имкониятдан самарали фойдаланиш, уни халқимиз фаровонлиги йўлида сафарбар этиш учун ҳукуматимиз томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вилоятимиз имкониятлари ҳисобга олиниб, Наманган шаҳрида ҳам эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудда янги меҳмонхона ва мотеллар бунёд этиш, туристик хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Натижада, ўтган йили ушбу йўналишдаги ишларга жами 3,5 млрд сўмлик сармоя йўналтирилди.
Сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган дастурлар туфайли, юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Бу борада, айниқса, мустақил ҳаётга қадам қўяётган коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳар қанча таҳсинга сазовор. 2015 йили шаҳримизда 13865 та янги иш ўрни яратилиб, режа 100,2 фоизга бажарилди. Янги иш ўринларини йирик ишлаб чиқариш субъектларини ишга тушириш, мавжудларини модернизациялаш, кенгайтириш, кичик корхона ва микрофирмалар, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклларига эътибор қаратиш, кооперация шартномаси асосида касаначилик иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, шаҳримизда мунтазам равишда меҳнат ярмаркалари ташкил этилади. Масалан, ўтган йили саккиз марта ташкил этилган тадбирларда коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Натижада, шаҳарда фаолият кўрсатаётган касб-ҳунар коллежларининг 8229 нафар битирувчиси жами 116 та йўналиш бўйича иш ўрнига эга бўлди.
Хуллас, Наманган шаҳри аҳлининг тадбиркорлиги, ўз юртини янада обод қилишга астойдил интилиши ҳар бир юмушда ва ҳар бир жабҳада намоён бўлмоқда. Бу ҳолатни кузатиб, чуқур ҳис қилган киши ҳам бир четда қолиб кетмасликка ҳаракат қилади. Ва у, ўз навбатида, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга астойдил бел боғлайди. Шу билан бирга, орзу ҳаваси, муроду мақсадини Ватан тараққиёти билан муштарак кўради. Чунки, мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши, иқтисодий қудрати ортиши – элу юртнинг равнақ топишини ҳам белгилаб беради. Бу, бир-бирига боғлиқ омилларни теран ҳис қилаётган меҳнат аҳли Юртбошимиз белгилаб берган тараққиёт йўлидан оғишмай дадил қадам ташламоқда!
Баҳодир БЕКХОДЖАЕВ,
шаҳар ҳокими