Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, фаол инвестиция сиёсатини қўллаш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, зарур ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида республикамизда АКТ жадал суръатлар билан ривожланмоқда.
Айни пайтда мамлакатимиз тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олишни, шу асосда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда.
Жаҳон тажрибасида глобал иқтисодиётда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Мазкур технологияларнинг ривожланиши мамлакатнинг рақобатбардошлик даражасига таъсир кўрсатиши, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини бериши, бошқаришни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар очиб беришини унутмаслигимиз зарур. Шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда жаҳон миқёсида яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5,5 фоизи ахборот-коммуникация технологияларига тўғри келмоқда. Нуфузли халқаро экспертларнинг фикрича, 2020 йилда бу кўрсаткич тўққиз фоиздан ошади. Масалан, Корея Республикасининг ялпи ички маҳсулотида ахборот-коммуникация технологияларининг улуши 11,8 фоиздан зиёдни, Швецияда етти фоизни, Америка Қўшма Штатларида эса 6,8 фоизни ташкил этади.
Сўнгги йилларда иқтисодиётимизнинг мазкур тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганига қарамасдан, ҳозирги вақтда биз, бу борада дастлабки босқичда турганимизни тан олишимиз даркор. Яъни, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг атиги икки фоизга яқини ахборот-коммуникация технологиялари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ахборот-коммуникация технологиялари ижтимоий-иқтисодий ривожланишга хизмат қилади. Бу эса, мамлакат миллий даромади ортишига ва иқтисодиётнинг самарали ишлашига замин яратади. Бу борада республикада ҳуқуқий-меъёрий база шакллантирилган, жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2012 йил 21 мартдаги «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларни янада жорий қилиш ва ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги, 2013 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ва Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 9 декабрдаги «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, жамиятни ахборотлаштириш ва электрон ҳукумат тизимини жорий этиш жараёнларининг ривожланиши, интернет тезлигининг ортиши, интерактив хизмат турлари, электрон ҳужжат алмашув тизими, рақобатбардош электрон ахборот ресурслари ва хизматларини кенг жорий этишда муҳим роль ўйнамоқда.
Ҳозирги пайтда бутун дунёда АКТни ривожлантириш ва оммалаштириш билан боғлиқ бўлган устуворликларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Унинг таъсири давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳа, илм-фан ва таълим, маданият ва одамларнинг турмуш тарзида кузатилади. Улар одамларга ўз салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш, барқарор иқтисодий ўсиш, фаровонлик даражасини ошириш, демократия, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадларига эришиш имконини яратади.
Республикамиз ҳам мазкур жараёнлардан четда қолаётгани йўқ ва глобал ахборот жамиятини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг узоқ истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси ҳам ахборот жамиятига томон ҳаракатланиш, уни шакллантириш омиллари ва шарт-шароитларини яратиш ва амалга оширишга йўналтирилган. Бундай стратегия Ўзбекистонга жаҳон иқтисодий маконига тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида кириб бориш имконини бермоқда.
Ахборот-коммуникация хизматлари имкониятлари ўсиб бориш тенденцияси мамлакатимизга ҳам тўла маънода тегишли. Бунга алоқа ва ахборотлаштириш соҳасининг ЯИМдаги улушининг таҳлили ҳам асос бўлади.
Таҳлил маълумотларидан келиб чиққан ҳолда, АКТ соҳасининг ЯИМдаги улуши 2008 йилда 3,9 фоизга тенг бўлган. Бу кўрсаткич 2002 йилга нисбатан 1,8 баробар юқори бўлган. АКТ соҳаси даромадлари 2008 йилда қарийб 1,5 трлн сўмга етган бўлса, 2015 йил якунларига келиб беш трлн сўмдан ошди. Ушбу рақамлар АКТ соҳаси жадал суръатлар билан ривожланаётганлигидан далолат беради.
Cоҳанинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши пастлиги захиралар имкониятларидан самарали фойдаланишни талаб этади.
Шу нуқтаи-назардан республикада ахборот-коммуникация технологиялари ривожланишининг асосий кўрсаткичлари таҳлилини амалга оширамиз. Давлат ахборот ресурсларининг сони йилдан-йилга ўсиб бораётгани ижобий тенденция ҳисобланади. Жумладан, 2006 йилда давлат ахборот ресурслари сони 44 тани, 2017 йилга келиб ушбу кўрсаткич қарийб етти баробарга ортиб 295 тани ташкил этди. Ушбу жараённи ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин. Таҳлилнинг кейинги босқичида давлат ахборот тизимларининг ўзгариш динамикаси таҳлили амалга оширилган.
Давлат ахборот тизимлари сони ва сифатини ошириш жамиятнинг ахборот тизимларига бўлган хоҳиши ортишига олиб келади. Республикамизда ахборот тизимлари динамикасининг ўсиб бориши 2015 йилда жуда юқори натижаларни қайд этганини кўрамиз:
Халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун белгиланган тариф 1 Мбит/с учун 177,23 АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,6 фоизга арзонлаштирилган. Кенг полосали телекоммуникация хизматларидан фойдаланувчилар сонини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида, умумий ўрнатилган портлар сони 722,9 мингтани, фойдаланилган портлар сони эса 468 мингтани ташкил этди. АКТ ривожланишининг яна бир асосий кўрсаткичи – бу, халқаро интернет тармоғига уланиш тезлиги ҳисобланади. Таҳлилий маълумотларга кўра, халқаро интернет тармоғига уланиш тезлиги катта суръатлар билан ўсиб бормоқда. Жумладан, агар 2010 йилда халқаро интернет тармоғига уланиш тезлиги 1,27 гбит/с бўлган бўлса, 2017 йил бошига келиб, ушбу кўрсаткич қарийб 56 баробар ортган ва 59,4 гбит/с тенг бўлган. Ушбу кўрсаткич мамлакатимизда ахборотлаштириш жараёнлари тезлашиши ҳамда электрон ҳукумат тизимини жорий этишнинг жадаллашиши билан бевосита боғлиқ.
Озод РАЖАБОВ,
ТАТУ илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи