Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўз бағрида 130 дан ошиқ миллат ва элатларни бирлаштирган Ўзбекистон деб аталмиш ушбу тарихий маконда шу қутлуғ замин фарзандларининг бири сифатида азалдан қозоқ миллатининг вакиллари ҳам бошқа халқлар қатори, қардош ўзбек халқи билан бир жону бир тан бўлиб, дўстлик ва ишонч ришталарини бузмай яшаб келмоқда. Улар кўпмиллатли республикамизнинг сиёсий барқарорлиги, иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий тараққиёти йўлида фаол иштирок этиб, жонажон Ватанимизнинг ҳар томонлама юксалишига баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Шу боисдан ҳам биз гўзал, бағри кенг, тинч ва осойишта, ҳар томонлама ривож топган Ўзбекистондек жаннатмакон юртда умргузаронлик қилаётганимиздан ғурурланамиз. Чунки, ўзбеклар билан қозоқлар тили, дини, маданияти, дунёқараши, урф-одатлари бир, бир-бирининг қалбидаги ҳис-туйғуларини гапирмасдан тушунадиган қон-қариндош халқлардир. Мақсадлар бирлиги, эзгу ниятлар муштараклиги бир ота, бир она фарзандлари эканини исботловчи далиллардир. Шунингдек, бу бетакрор юртда бизнинг эркин фаолият юритишимиз, айниқса, ўғил-қизларимиз етук шахслар бўлиб камол топишлари учун ҳамма нарса муҳайё эканлигидан дилда ифтихор туйғулари тўлиб-тошади. Шунинг учун ҳам биз ўзимизни бахтиёр ҳисоблаймиз.
Аслида ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги кўп асрлик тарихга эга. Азал-азалдан бу икки халқнинг яқин қўшни бўлиб тинч ва тотув яшаб келаётгани ҳаммамизга маълум. Уларнинг ери ҳам, суви ҳам туташ, улар доимо бир-бирларига ҳамкор, ҳатто урф-одатлари хам жуда яқин.
Бу икки қардош халқнинг тақдирлари ҳам бир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ташқи душманларга қарши курашда бир-бирига ёрдам берган. Улар араб, форс, мўғул ва қалмоқ босқинчиларига қарши биргаликда кураш олиб борган. Шунинг учун ҳам улар бирининг ютуғидан бири суюнади. Қадим замонларда қозоқ халқининг Сарим Датов ва Маханбет Ўтемесов каби асл фарзандлари озодлик учун курашда муваффақиятсизликка учрагач қувилиб, ўзбеклар орасида паноҳ топган. Бу меҳр ҳалигача қозоқ халқи оғзида достон бўлиб келмоқда. Қозоқ халқининг буюк шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев Алишер Навоийни ўзига устоз деб билган, ўзининг машҳур асарларида ўзбек халқининг тадбиркорлиги ва меҳнатсеварлиги ҳақида ижобий фикрлар билдириб, ўз халқини улардан кўп нарсалар ўрганишга чақирган.
Йиллар мобайнида икки халқ ўртасида сақланиб келаётган мустаҳкам дўстлик туфайли ўзбек ва қозоқ юртида тинчлик ва ҳамкорлик барқарор бўлиб келмоқда. Чунки Тошкент шаҳри қозоқлар учун ҳам маданий-маърифий марказ бўлиб келган. Ўтган XVIII–XIX асрларда ҳаёт кечирган қозоқ халқининг атоқли бийи ва донишманди Тўла би Тошкентда фаолият кўрсатиб, бир қанча муддат унинг ҳокими ҳам бўлиб турган ва ҳоки шу ерга қўйилган. Қозоқ халқининг яна бир машҳур бийи бўлган Айтеке би эса ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиб Навоий вилоятининг Нурота туманида дафн этилган. XX асрнинг бошларида Ахмет Байтурсунов, Турар Рисқулов, Мустафа Чўғай, Султонбек Хўжанов, Сакен Сайфуллин, Мухтор Авезов сингари қозоқ зиёлилари Тошкентда ўқиб билим олган ва шу юртда ўз ижодий фаолиятларини бошлаган.
Ушбу мақолалар тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.