Кўриб турганингиздек, республикадаги меҳнат ресурслари сони 2015 йилда – 18395,5, 2020 йилда – 19885,4, 2025 йилда эса 21376,1 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда. Таҳлиллар кўрсатишича, яқин келажакда ҳам меҳнат ресурслари сонининг ўсиш суръати жами аҳоли сонига (14,0%) нисбатан юқори бўлади.
Истиқболда аҳоли таркибида меҳнат ресурсларининг улуши мунтазам кўпайиб боради. Агар 2015 йилда меҳнат ресурслари улуши 58,3 фоизни ташкил қилган бўлса, 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 59,4 фоизгача етиши кутилади.
Бизнинг ҳисоб-китобларга қараганда, 2015–2025 йилларда иқтисодий фаол аҳоли сони 25,9 фоизга кўпайиши, аксинча бу даврда иқтисодий нофаол аҳоли сони эса 16,6 фоизга камайиши кутилади. Шунга мос ҳолда 2015 йилда республика бўйича аҳолининг иқтисодий фаоллик даражаси 77,0 фоиздан 2025 йилда 83,4 фоизгача ортиши, меҳнат ресурслари таркибида иқтисодий нофаол аҳолининг улуши 23,0 фоиздан 16,6 фоизгача етиши кутилади.
Айтиш жоизки, республикада аҳолининг иқтисодий фаоллигининг ортиши давлат томонидан ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли дастурлар ишлаб чиқишни тақозо этади. Чунки мақсадли комплекс дастур меҳнат бозорининг келажакдаги фаолиятида асосий тадбирларни ишлаб чиқишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун меҳнат бозори фаолиятининг мақсадли комплекс дастурини амалга оширишга алоҳида аҳамият бериш зарур.
Бизнингча, мақсадли комплекс дастурлар қуйидагиларни назарда тутиши лозим:
● саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда жонли меҳнат ва иш жойларига ўсиб бораётган талабларни қаноатлантириш;
● ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги бозор мувозанатига эришиш;
● юқори малакали ходимларни шакллантириш;
● меҳнат бозори инфратузилмаси объектларини самарали ривожлантириш;
● иш билан банд бўлмаган шахсларнинг ишончли ижтимоий ҳимояланишини таъминлашни назарда тутади.
Бу каби самарали натижаларга эришиш учун учун аввало, дастурни амалга оширишнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларини, молиялаштириш манбаларини ҳамда ижрочи ва масъулларнинг вазифаларини аниқ белгилаб олиш зарур. Истиқбол дастурларини ишлаб чиқишда мақсадга йўналтирилганлик, комплекслик, боғланганлик, қамровлилик, аниқлик, кўп вариантлик, ҳақиқийлик, рационаллик, устуворлик, чекланганлик, муддатлилик, бошқарувчанлик ва эгасига мўлжалланганлик каби хусусиятларни ҳисобга олиш лозим.
Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлиги истиқболини кўзлаб ишлаб чиқилган мақсадли дастурларда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:
2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларга тенг бўлган 870 та йирик инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга биноан 415 та янги корхона барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш назарда тутилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра дастурни амалга ошириш қуйидаги натижаларга эришиш имконини беради:
● машинасозлик, кимё, нефть-газ-кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати каби юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тармоқлар жадал ривожлантирилади. Бунинг натижасида саноат маҳсулотларининг 1000 тадан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади;
● саноат ишлаб чиқаришининг 5 йилда 1,5 баробарга ўсиши, саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 24 фоиздан 2020 йилга бориб 27 фоизгача ортиши мўлжалланмоқда;
● юқори технологияли маҳсулотлар экспортини янада ошириш ва 52 мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратиш назарда тутилмоқда [3].
Маҳаллий хомашё ва материалларни чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажмини оптималлаштириш мақсадида 2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш дастури тайёрланмоқда. Дастур маҳаллий минерал хомашёни чуқур қайта ишлашни ва талаб юқори бўлган 1225 та маҳсулот турини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган 600 та лойиҳани ўз ичига олади. Дастурнинг ижроси ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдоридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради [4];
2015 йил 6 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2313-сонли қарори [5] асосида 2015–2019 йилларда «Ўзбек миллий автомагистрали» таркибига кирувчи республикадаги автомобиль йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда йўл ташкилотларининг ишлаб чиқариш базаларини техник ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш минглаб янги иш ўринларини ташкил этишга имкон беради.
Мазкур дастурий вазифаларнинг бажарилиши ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда ўз тасдиғини топиши келажакда аҳоли иш билан бандлигининг ўсишига олиб келиши муқаррар. 2015–2025 йиллар давомида иш билан банд аҳоли сони 19,9 фоизга кўпайиши кутилиб, уларнинг сони 2025 йилда 17564,7 минг кишига етиши кутилади. Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, прогноз қилинаётган давр мобайнида иш билан банд аҳоли сони ўртача йилига 1,8 фоиздан кўпайиши кузатилади.
Истиқболда иш билан банд аҳоли сонининг ўсиш суръати республиканинг барча ҳудудларида бир меъёрда кечмайди. Агар прогноз қилинаётган даврда иш билан банд аҳоли сонининг ўсиш суръати Жиззах (28,5%), Қашқадарё (30,0%), Наманган (33,8%), Самарқанд (33,4%), Сурхондарё (35,8%) ва Хоразм (35,6%) вилоятларида республика ўртача кўрсаткичидан юқори, қолган ҳудудларда эса паст бўлиши кузатилади.
Иш билан банд аҳоли сонининг ўсиши яратилаётган иш ўринлари сонига ҳам боғлиқ. Бизнинг ҳисоб-китобларга қараганда, мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1,0 млн. дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Истиқболда иш билан бандлар таркибида расмий секторда иш билан бандлар сони ортиб, аксинча, норасмий секторда иш билан бандлар ва республикадан ташқарига ишлаш учун кетган фуқаролар сони камаяди.
Прогноз қилинаётган даврда (2015–2025 йй.) ишчи кучи таклифи 1,9 фоизга ортиши кутилади. Истиқболда ишчи кучи таклифининг ортиши асосан меҳнат бозорига илк кирувчи шахслар томонидан таъминланади. Яъни бу тоифадаги фуқаролар сони 2015 йилда – 613,7, 2025 йилда эса 658,4 минг кишини ташкил этади.
Республикада ишга жойлашишга муҳтож, иш билан банд бўлмаган аҳоли сони 2025 йилда 2015 йилга нисбатан 3,2 фоизга камаяди. Прогноз қилинаётган даврда аҳоли ва меҳнат ресурслари сонининг ўсиш суръати юқори бўлган Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари республиканинг барча ҳудудларида ишсизлар сони камайиши кутилади. Истиқболда ишсизлар сонининг камайиши билан бир қаторда аҳолининг ишсизлик даражаси ҳам қисқаради. Агар 2015 йилда мамлакатда ишсизлик даражаси 4,7 фоизни ташкил қилса, 2025 йилда эса 3,6 фоизга тенг бўлиши кутилади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон ишсизлик даражаси паст бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олади.
Прогноз қилинаётган даврда меҳнат бозорида ишчи кучига талаб 6,3 фоизга ортиши кузатилади. Бу даврда ишчи кучига бўлган талаб таркибида ходимларнинг табиий ишдан кетиши сабабли пайдо бўладиган иш ўринлари сони – 1,6, меҳнат муассасаларига иш берувчилар томонидан берилган бўш иш ўринлари сони – 44,8, янги ташкил қилинадиган иш ўринлари сони эса 4,9 фоизга ортади.
Таҳлиллар кўрсатишича, истиқболда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифининг унга талабдан ортиқчалиги қисқариб, 2015 йилдаги 62 минг кишидан 2025 йилда 9,2 минг кишини ташкили қилиши кутилади.
Хулоса қилиб айтганда, истиқболда Ўзбекистонда меҳнат бозорининг ривожланиши учун қулай вазият вужудга келади. Бундан самарали фойдаланиш, биринчидан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, иккинчидан, аҳолининг турмуш фаровонлигининг ошишига ёрдам беради.