Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Дунёда асрлар оша ўз салоҳияти ва ижтимоий аҳамиятини йўқотмай барқарор сақлаб келаётган соҳалар кўп. Масалан, бой тарихга эга республикамизнинг етакчи саноат турларидан бири ҳисобланмиш тўқимачиликни олайлик. У замонлар гирдобида кўп ва хўб эврилди, турли шаклларда сайқалланиб, ўзгаришлар сари юз тутди, кези келганда сиёсий қурол сифатида ҳам қўлланилди, ижтимоий масалаларни ҳал этишда дастак вазифасини ўтади, деҳқон ва баззоз (матофуруш)лар тирикчилигининг асосий манбаи бўлиб хизмат қилди.
Аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган бу тармоқ бизнинг давримизда энг инновацион саноат мақомига эга бўлди. Узоқ йиллар турли минтақаларга пахта хомашёси етказиб берувчи мамлакатимиз жаҳоннинг етакчи тўқимачилик маркази сифатида эътироф этила бошланди. Пахтамиз ва тўқимачилик маҳсулотларимиз бир вақтлар турли сиёсий ўйинлар қурбонига айланганига, ҳар хил тўсиқ ва чекловларга дуч келганига қарамай Ўзбекистон уларни 60 га яқин мамлакатга экспорт қилишнинг уддасидан чиқа олди. Жаҳон тўқимачилик бозорида ўз ўрнини топиб олгач, маҳсулот экспорти ҳажмини 7 млрд. долларга оширишга аҳд қилди.
Албатта, қувончли натижаларга эришиш осон кечмади. Бунинг учун ҳар томонлама пухта ҳозирлик, чуқур ўйлаб тузилган режалар ва уларнинг бажарилишини таъминлайдиган қатъий чора-тадбирлар кўрилди. Масалан, охирги пайтларда Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга бағишланган бир қатор қарорлар қабул қилинган. Уларнинг ижроси самараси ўлароқ, сўнгги уч йил ичида тўқимачиликда ишлаб чиқариш деярли икки баробар кўпайди ва пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 2016 йилдаги 410 минг тоннадан 2019 йилда 760 минг тоннагача, маҳсулот экспорти 2 миллиард долларгача ошди. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарида ишловчилар сони 160 мингдан 250 минг кишига етди. Ҳар йили мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва янги қувватларни ишга тушириш ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратилмоқда, жумладан, кўп ҳудудларда йилига 15 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқлари ва кўрсатмалари асосида саноатнинг турли жабҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, тўқимачилик саноатида пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш ва пахта толасини чуқур қайта ишлаш эвазига юқори қийматли маҳсулотлар ҳажмини ошириш устувор вазифалардан бири қилиб белгиланди. Бу ташаббусга тўқимачилик саноати биринчилар қатори жавоб берди ва 2017 йили Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида дастлабки пахта-тўқимачилик кластери пайдо бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва ўша йил 31 мартдаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига биноан уларнинг ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Бу ҳужжатларда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланиши, ҳосилдорликни ошириши ва етиштириладиган пахта хомашёсини ўз вақтида йиғиб-териб олиши, унинг чуқур қайта ишланишини ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириши зарурлиги, энг асосийси, республикада пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига барҳам бериш асосий мақсад эканлиги қайд этилганди. Интилишлар ва натижалар ҳам шунга яраша бўлди. 2018 йилда мамлакат пахта майдонларининг 156 минг гектарида 15 та, 2019 йилда 701 минг гектарида 75 та пахта-тўқимачилик кластери лойиҳалари амалга оширилди. Улар 2 млн. тонна пахта йиғиштириб олиб, ўз олдиларига қўйилган режани тўлиқ бажардилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, республикамизнинг 40 та туманида пахта-тўқимачилик кластерлари иши янги технологиялар негизида ташкил қилингани боис сўнгги 10 йил ичида биринчи марта пахтадан юқори ҳосил кўтарилди. Тошкент трактор заводи ҳамда АҚШнинг John Deere, CNH каби компанияларида ишлаб чиқарилган 160 тадан ортиқ янги пахта териш машиналари сотиб олинди. Бу янгиланиш, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, 40 йил давомида биринчи марта рўй берди.
Ҳозир бутун дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири сув танқислигидир. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерлари ғўза парвариши жараёнида бу масалага масъулият билан ёндашдилар. Пировардида бу йил 4 минг 600 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Исроилнинг «Netafin», Хитойнинг «Qingdao Flourish Textile Machinery CO LTD» ва кўплаб маҳаллий ташкилотлар томонидан томчилатиб суғориш технологияси қуриб битказилиб, пахтазорлар улар ёрдамида суғорилди. 2020 йил якунига қадар эса 117 та туманда 91 та пахта-тўқимачилик кластер лойиҳасини рўёбга чиқариш режалаштирилди. Шу зайл республикамиздаги жами пахта майдонларининг 87 фоизи қамраб олинади.