Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Миллий тўқимачилик саноат ва тўқимачилик тарихан шаклланган анъаналарга эга бўлган, маҳаллий хомашёларга асосланган ва кўпчиликнинг меҳнат билан бандлигини таъминлайдиган соҳалар жумласига киради. Демак, мамлакатимизда айни йўналишга ихтисослашган янги корхоналарни барпо этишда масаланинг ушбу жиҳатларини алоҳида назарда тутиш, мавжуд имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, пахтачиликда ғўзани парваришлашдан тортиб, ҳосилини йиғиштириб олиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзида мужассам этган замонавий кластер усулини амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда эзгу мақсадда тасдиқланган тегишли ҳужжатлар, айниқса, Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017–2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори, 2017 йил 14 декабрдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, ҳукуматимиз охирги пайтларда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришининг янги шаклларини қўллаш, кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, соҳадаги ишларни янада ривожлантириш юзасидан қабул қилган қарорлар дастуриламал вазифасини ўтайди.
Албатта, уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар зое кетмаётир, аксинча, «Интилганга толе ёр!» деганларидек, ҳозирданоқ ижобий самарасини бераётир. Бунга мамлакатимизнинг турли гўшаларида эришилаётган натижалар мисолида яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Экспорт салоҳиятини юксалтириш омилларидан бири
Ўтган йили Фарғона вилоятида енгил саноатнинг барча тоифасига мансуб саналган, йилига жами 143,6 минг тонна калава, 149,9 млн. квадрат метр ип газлама, 20,6 минг тонна трикотаж мато ва 106,5 млн. жуфт пайпоқ тайёрлаш қувватларига эга 1520 та корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. Улар томонидан қарийб 3 848,7 млрд. сўмлик товарлар тайёрланди. Соҳанинг вилоят бўйича ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларидаги улуши 30 фоизга етди.
Энг муҳими, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар жамоалари давр талабларини ҳисобга олиб, бозор иқтисодиётига монанд фаолият юритиш пайида бўлишди. Пахтачиликка кластер усулини жорий этиш жараёнида эса асосий эътибор қишлоқ хўжалиги ҳамда енгил саноат тармоғи тараққиётини кескин жадаллаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш эвазига қўшимча қиймат яратиш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш ўринлари очиш, қайта ишлаш жараёнида барча иштирокчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш масалаларига қаратилди. Чунончи, Риштон туманидаги «Русс – Узбек текс» қўшма корхонасига 6245 гектар ер ажратилганди. Агротехник тадбирлар сифатли олиб борилгани, маъданли ўғитлардан ўринли фойдаланилгани, ҳашаротларга қарши кимёвий воситалар ўз вақтида қўлланилгани сабабли 2018 йилнинг ўзида 18600 тонна пахта етиштирилди. Шунинг баробарида 20 та сеялка, 10 та ҳар хил русумли трактор ва 10 та тиркама сотиб олинди. Бунданам қувонарлиси, мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди.
Бинобарин, кластер тизими ҳудудларда саноат кооперацияси ривожланишига, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти кенгайишига, қишлоқ хўжалиги тизимида камида 70 фоиз қўшимча расмий ва барқарор иш ўринлари яратилишига, норасмий секторда ишлаётганларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлашга хизмат қилади. Алқисса, хомашё таннархи пасайишига, маҳсулотларнинг сифат ва нарх бўйича рақобатбардошлиги таъминланишига, экспорт салоҳияти ортишига ижобий таъсир кўрсатади.