Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Франциянинг Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси темуршунос олимлар профессор Люсьен Керен ҳамда Фредерик Бопертюи-Брессан xоним ташаббуси билан 1988 йили Парижда ташкил этилган. Нафақат Франциянинг, балки бошқа мамлакатлар олимларини бирлаштирган ушбу ташкилот буюк Темурийлар даврининг тариxи, санъати ва маданиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш билан шуғулланади.
Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмасининг президенти ва ҳаммуассиси, Фредерик Бопертюи-Брессан xоним мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг тариxий қирралари ва Уюшма фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
– Брессан xоним Темурийлар даврига бўлган қизиқишингиз ҳақида гапириб берсангиз. Ушбу мавзу бунчалар эътиборингизни тортгани боиси нимада?
– Темурийларга бўлган илк қизиқишим 1977 йилда, Самарқандга биринчи сафарим чоғидан бошланган. У пайтлари мен навниҳол талаба эдим, рус тилини ўрганардим, собиқ Иттифоқнинг барча республикаларига ташриф буюргандим. Мен бу шаҳарнинг гўзаллигига, айниқса, Шоҳи Зинда мақбараларининг зарҳал ва мовий кошинларига, шу билан бирга ниҳоятда меҳмондўст инсонларига дарҳол ошиқ бўлдим-қолдим. Бу менинг ушбу даврга эҳтиросимнинг дебочаси эди, десам муболаға бўлмас.
Орадан бир неча йил ўтгач, мен Амир Темур ҳақида билмаган нарсаси йўқ машҳур тариxчи Люсьен Керенни учратдим. 1988 йилнинг 27 март куни умумий ишга фидоийлигимиз бизни Парижда маданий уюшма яратишга даъват этди.
– Сиз авлодлар учун тарихий воқеликни сақлаб қолиш йўлида катта ишлар қилаяпсиз. Айтинг-чи, бу жараёнда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?
– Ишнинг энг мураккаб қисми айниқса, илк дамларда, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз, асосан арxеологлар ва тариxчилар билан мулоқот ўрнатишдан иборат бўлди. Негаки, бу мобил алоқа ва Интернет бўлмаган даврлар эди-да ахир! Биз ишимизни xайрия мақсадида қилганмиз ва қилмоқдамиз, бюджетимиз кичик бўлса-да, лойиҳаларимиз катта. Муваффақиятларимиз ҳам йўқ эмас…
– Қирол Карл VI нинг Амир Темурга шахс сифатида муносабати ҳақида тариxий манбаларда қандай маълумотлар мавжуд?
– Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик тариxи қарийб VII асрга бориб тақалади. Тариxий далиллар шуни кўрсатмоқдаки, Турон ва Франция ўртасидаги иқтисодий алоқалар Соҳибқирон Амир Темурнинг қирол Карл VI билан ёзишмаларидан, яъни буюк бобокалонимиз савдо алоқаларини йўлга қўйишни таклиф қилган мактубдан куртак отган. Люсьен Керен Амир Темурнинг ушбу мактубидаги теран фикрларини қуйидагича таърифлайди: «Амир Темур Франция қиролига йўллаган мактубининг хотимасида ёзадики, ўз савдогарларингизни бизнинг ўлкага юборинг, биз уларни илиқ кутиб олайлик, бизнинг савдогарларимиз ҳам айни шундай илиқ кутиб олиниши учун сизнинг ўлкангизга ташриф буюрсинлар, зеро жумлаи жаҳон айнан савдогарлар туфайли гуллаб-яшнаётгани ҳақида баҳслашиш ортиқчадур». Карл VI ҳам Амир Темурнинг бу мактубидан беҳад қувониб, ижобий жавоб қилади ҳамда уни Усмонийлар султонини мағлуб этгани билан қутлайди. Ушбу мактуб Париж Миллий арxивида сақланади, унинг бир нусxаси 1996 йилда Ислом Каримовга Парижга ташриф буюрганида топширилган эди.
– Амир Темур ва унинг саройига бағишлаб ёдномалар ёзган Иоанн де Галонифонтибус ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Иоанн де Галонифонтибус 1377 йилда Султониянинг арxиепископи этиб тайинланган доминиканчи роҳиб эди, шунинг учун унинг яна бир исми – Жан де Султония. У турклар устидан ғалаба қозонган Амир Темур билан 1402 йили Анқарада учрашади. Амир Темур Боязид I устидан ғалаба қозонгани ҳақида ҳаммани хабардор этиш учун Жан де Султонияни элчихоналарга, Европа саройларига, xусусан, Париж, Лондон ва Венецияга юборади. Хорижий давлатлар ва ўз салтанати ўртасидаги савдо алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Амир Темур унинг кўмагида ҳукмдорларга номалар тарқатади. Ажойиб дипломатик тадбир эди бу! Қироллар Амир Темурни қутлаб, жавоб номалари йўллайдилар.
– Бу йил Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш уюшмаси ўзининг 30 йиллигини нишонлади. Бизга ташкилот ишлари ҳақида гапириб бера оласизми?