Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қирол Людовик XIV давридан буён Франция модаларни расм қилувчи мамлакат саналади. Ҳозирги пайтда у дизайннинг креативлиги ва албатта, алоҳида француз таровати ҳамда жозибаси билан одамларни ўзига жалб қилган, ғаройиб коллекциялари билан жаҳон аҳлини лол қолдирган ҳолда биринчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. Шу сабабли мамлакатимиз «от кутюр» ватани билан дизайнерлик санъати таълими соҳасидаги ҳамкорликни ўзи учун устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олган. Чунки Франция мода индустрияси соҳасида ютуқларга эришишдан аввал нафақат унинг имижи, балки иқтисодиёти ҳам муваффақиятли ривожланишининг ҳал қилувчи омилига айланган мода ва дид юксалишининг кўп йиллик тажрибасига эга.
Францияга ташриф жараёнида журнал делегацияси республикамизнинг шу юртдаги элчихонаси уюштирган наманганлик тўқимачилари маҳсулотларининг тақдимот маросимида иштирок этди. Бу тадбирда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг инвестициявий ва экспорт имкониятлари мамлакатимиз тўқимачилик маҳсулотларига катта қизиқиш билдираётган Франциянинг Groupe Marck, Lener Cordier, Chargeurs, Cano S.A.S. ҳамда Америка Қўшма Штатларининг The World Trade Corporation компаниясига намойиш этилди. Анжуманга Париждаги Халқаро мода академияси президенти жаноб Жан-Филипп Воклер ҳам ташриф буюрди. Биз фурсатдан фойдаланиб, ундан интервью олдик.
– Жаноб Воклер, дастлаб ўзингиз анчадан буён бошқараётган Мода академиясининг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз айни муддао бўларди.
– Бу академияни 1830 йилда катта бобомнинг отаси очган. Мен уни авлоддан-авлодга ўтувчи мерос сифатида қабул қилиб олганман. Шунга кўра ўзига хос анъаналари ва тажрибаларини асраб-авайлаб ва ривожлантириб келаяпман. Ана шунинг натижасида бугунга келиб катта имкониятларни қўлга киритганмиз. Масалан, ажойиб гул (кашта) тикиш, шунингдек, ҳам аёллар, ҳам эркаклар костюмларини моделлаштириш техникаларига эгамиз. Асосий вазифамиз тўқимачилик саноатининг модельеридан тортиб бошқарувчилари ва менежерларигача бўлган вакилларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан иборат. Маъмурий-техник фанлардан ташқари стилистлар, тикиш технологлари ва дизайнерлар сингари ижодий мутахассислар тайёрлашга ҳам жиддий эътибор қаратамиз.
Офисимиз Франция пойтахтида жойлашган. Шу боис юқори даражадаги мода намояндалари, Париждаги барча мода уйлари ва компаниялари билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Хизматларимизга талаблар ошаётгани туфайли Япония, Хитой, Корея, Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда ҳам фаолият юритаяпмиз. Яқинда шерикларимиз сафига Ўзбекистон ҳам қўшилди. У ерда жорий йилнинг сентябридан иш бошлаймиз. Бу биз учун яхши янгилик саналади, чунки амалиётимизда илк бор ўзининг қадимий анъаналари ва тажрибаларига эга мамлакат билан ҳамкорликни йўлга қўяяпмиз.
– Айни йўналишдаги ҳамкорлик қандай форматда амалга оширилади? Бизнинг талабалар мамлакатимизда фэшн-индустриянинг Франциядаги каби юқори даражасига эришишлари учун академия уларга нималарни таклиф қилади?
– Биз хорижда биринчи марта Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамжиҳатликда Франция Мода академиясининг филиали форматида бундай нуфузли ўқув-таълим тузилмасини ташкил этдик. Ҳозир дастлабки талабалар қабул қилинди. Уларни мутахассисларимиз академиямиздаги асосий йўналишлар ва фанлар бўйича ўқитишади. Бу таълим дастури махсус моделлаштириш, дизайн ва гул тикиш техникаларимизни ўргатишни ҳам ўз ичига олади.
– Кимлар филиалнинг қалдирғоч талабалари бўлишди? Улар бу ерда эгаллаган билим ва кўникмаларини қаерда, қай йўсинда қўллай оладилар?
– Аввало, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ходимлари ва унда таҳсил олаётганлар академиямизнинг дастлабки талабалари бўлишди. Улар бизнинг гул солиш ва тикиш, моделлаштириш, кийим дизайни техникаларимизни ўрганиб, ўз ўқитувчилик фаолиятларини жаҳон мода тенденцияларига мувофиқ давом эттиришади. Махсус технологияларимиз ва техникаларимизни ҳуқуқий ворислар сифатида «Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмасининг тегишли тикув ишлаб чиқаришлари ва тўқимачилик корхоналарида амалда қўллашади. Ишларининг асосий йўналишлари академиямиз филиалида ўзлаштирилган билим-кўникмалардан ишлаб чиқаришда фойдаланишдан иборат бўлади. Биз Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан эксклюзив техникаларимизни ҳамда муҳандис-технологларни тайёрлаш методларини ўқитиш учун ўқув юртимизнинг бўлажак талабаларига етказиш тўғрисида ҳамкорлик битими тузганмиз.
– Ёшларимиз олган ўзбек-француз таълими қанақа ҳужжат билан тасдиқланади ва унинг тан олиниш даражаси қандай бўлади?
– Филиал битирувчиларига бериладиган дипломлар Ўзбекистонда ҳам, Францияда ҳам бирдек амал қилади. Ушбу ҳужжат билан улар ўз қобилиятлари ва иқтидорларини бизнинг мамлакатда француз мутахассислари билан баб-баравар, тўлиқ амалга оширишлари мумкин. Шу билан бирга мансабда ўсиш истиқболлари истисно этилмайди.
– Хабаримиз бор, битим устида ишлаш асноси барча имкониятларни ўрганиш ва ажойиб қўшма лойиҳа деталларини келишиш учун мамлакатимизда бир неча бор бўлдингиз. Сизнингча, Ўзбекистон ва унинг фэшн-индустрия соҳасида Франция билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш имкониятлари қандай?
– Тан олиш жоизки, биз ҳеч қачон Марказий Осиёда мода саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қўшма битимимизда белгиланган йўналишлар бўйича ишламаганмиз. Ўзбекистон бу борада биринчи ва ишончли ҳамкоримиз бўлмоқда. Ҳаммаси бундан бир ярим йилча бурун Ўзбекистон тўқимачилик саноати делегацияси аъзолари юртимизга ташриф буюриб, Франция Тўқимачилик федерацияси вакиллари билан учрашганларидан кейин бошланди. Ўша тадбирда сизнинг ҳамюртларингиз тўқимачилик саноати учун ҳам, Ўзбекистоннинг юксак модаси учун ҳам жуда зарур юқори малакали миллий кадрлар франциялик мутахассислар томонидан тайёрланиши соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича жўяли таклифни илгари суришди. У бизни қизиқтириб қўйди ва ҳамкорлигимизга асос солдик.
Мен мазкур таълим лойиҳасига доир масалалар юзасидан юртингизда бир неча марта бўлдим. Эндиликда Ўзбекистон вакиллари билан ҳар бир янги учрашувни сабрсизлик билан кутаман. Негаки, ўзбек халқи ўзига хос урф-одатлари ва маданияти, меҳмондўстлиги ва самимийлиги, қадимий цивилизациянинг ажойиб ёдгорликлари билан мени лол қолдирган. Ўзбекистонга навбатдаги сафарим академиямиз филиалининг тантанали очилиши маросимида иштирок этиш учун жорий йилнинг сентябрь ойида бўлади.