Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон саноатидаги ислоҳотлар 90-йилларда ностратегик соҳалардаги (енгил саноат, мебель ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, электротехника саноати, машинасозлик) корхоналарни хусусийлаштиришдан бошланди. Айнан сермашаққат соҳаларни ривожлантириш саноатни тараққий эттиришнинг юқори динамикасини таъминлаб, бандликка катта миқдорда меҳнат ресурслари жалб этилишига ёрдам берди.
Шундай оғир шароитда ҳам мамлакатимиз на ўзимизнинг субъектларга, на хорижий инвесторларга ўзининг стратегик (айниқса, қазиб чиқарувчи саноати) корхоналарини сотиш йўлидан бормади. Хомашё ресурсларини қазиб олиш монопол рентаси бутун халққа тегишли бўлиши керак – ушбу тамойилга биз, четдан берилган «тавсия»ларга қарамай қатъий риоя қилдик. Нефть ва газ секторига замонавий технологиялар Маҳсулотларни тақсимлаш битимлари (МТБ)ни, шу жумладан, «Газпром», «Лукойл» Россия компаниялари билан битимлар тузиш механизми ҳамда стратегик хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар тузиш орқали жалб қилинди.
Энг аввало, диверсификациялаш ва қўшимча қийматни ошириш мақсадида асосий инвестициялар иқтисодиётнинг қайта ишлаш секторларига, жумладан, стратегик, етакчи хорижий инвесторлар билан технологик шерикчилик асосида амалга оширилишига эътибор қаратилди.
1996 йилнинг ўзидаёқ, аксарият собиқ республикалар ишлаб чиқаришни ҳали технологик модернизация қилишни ўйлаб кўрмаган бир пайтда, 1997 йилда Асакада автомобиль заводини, 2002 йилда эса йилига 125 минг тоннадан зиёд полиэтилен ишлаб чиқарувчи ўта қимматбаҳо ҳисобланган Шўртан газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳаларини амалга оширдик.
Кейинги йилларда эса, Навоий вилоятида тоғ-кон металлургия заводлари, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, енгил автомобиллар, «МАN» юк ташувчи автомобиллар, «Исузу» автобус ва юк ташувчи машиналар учун кучли агрегатлар ишлаб чиқарувчи юқори технологияли йирик корхоналар барпо этилди. Ўтган йил охирида дунёнинг энг замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларидан бири ҳисобланган – йилига 80 минг тонна полипропилен, 400 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш қувватига эга Сургил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга туширилди.
Қайд этиш керак, ҳозир Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий кучи, ўсиш локомотиви саноат соҳаси ҳисобланади. Бу мустақиллик даврида эришилган энг катта ютуқларимиздан бири бўлди десак, асло муболаға бўлмайди, нега деганда, унинг тузилмадаги улуши 35 фоизгача ўсиб, қишлоқ хўжалигининг улуши 18 фоизга қадар босқичма-босқич пасайиб бормоқда.
Бу ҳолат қуйидаги саноат тармоқларида кузатилади. Масалан, республика учун мутлақо янги саноат тармоқларининг, яъни автомобилсозлик (жумладан, двигателлар ва асосий бутловчи деталларни ишлаб чиқариш), нефть ва газ-кимё, нефть-газ автомобилсозлиги, замонавий қишлоқ хўжалиги автомобилсозлиги, талаблар бўйича қурилиш материаллари саноати, темир йўл автомобилсозлиги, маиший электротехника жиҳозлари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва микробиология соҳасини ташкил этиш билан боғлиқ бўлди.
Озиқ-овқат, текстиль, чарм-пойабзал, мебель саноатида нафақат хомашёни дастлабки қайта ишлаш билан, балки кўп босқичли ишлаб чиқаришдан то юқори сифатли тайёр маҳсулотларни тайёрлашгача бўлган жараённи ўзлаштиришга эришилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 60 фоиздан кўпроқ қисми ўтган йиллар мобайнида нолдан барпо этилган юқори технологияли тармоқларда тайёрланаётган маҳсулотлар эканлиги бизга катта мамнуният етказиши табиий ҳолдир.
Саноат тузилмасини диверсификациялаш натижасида экспорт тузилмаси ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Агар 90-йиллар бошида экспорт тузилмасида 60 фоизни пахта хомашёси ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда экспортнинг 70 фоизини қайта ишланган маҳсулотлар ташкил этмоқда. Бундай маҳсулотлар қаторига автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари, замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари, тайёр тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари, замонавий кабель-ўтказгич маҳсулотлари ва б. киради.
Ўзбекистоннинг ўзига хос географик жойлашуви уни денгиз портларига чиқишини сезиларли даражада қийинлаштиришига қарамай, бугунги кунда ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатига экспорт қилинмоқда.
Саноат ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Ўзбекистон индустриал ривожланишининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Даставвал ушбу дастур 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача унинг доирасида 5,5 млрд АҚШ доллари қийматидаги 2600 та лойиҳа амалга оширилди. Маҳаллийлаштириш корхоналарида етти млрд доллар ҳажмидаги йиллик импортнинг ўрнини босувчи саноат маҳсулотларининг 5000 дан зиёд турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бундай маҳсулотларга нефть-газ саноати ускуналари, автомобиль двигателлари, самосвал ва кранлар, технологик мосламалар, саноат ишлаб чиқариши учун мўлжалланган мини асбоб-ускуналар, электродвигателлар, юқори технологияли кабель ўтказгичлар, изоляция материаллари, спорт анжомлари, электро-маиший жиҳозлар, электр қувватини тежовчи ёруғлик асбоблари, қурилиш ва пардозлаш материаллари, тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари, яримфабрикатлар ва саноатнинг бошқа тармоқларида қўлланувчи бутловчи қисмлар киради. Охирги икки йил давомида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш эвазига 97 тур товар гуруҳлари (кон вагончалари, вакуум насослари, қадоқлаш воситалари, миноравий кранлар, пайвандлаш электродлари, ўтга чидамли ва кислотабардош ашёлар, девор қурилишига ишлатиладиган материаллар, сэндвич-панеллар, ковролан, синтетик сунъий газон, автомобиллар учун аудиотизимлар, шиша банкалари, бутилкалар, крахмал, хамиртуруш ва б.) бўйича импорт бутунлай тўхтатилди.
Шунингдек, 306 позиция бўйича (телевизор, кондиционер, совуткич, музлаткич, чангютгич, маиший ёритувчи асбоблар, автомобиль фильтрлари, радиаторлар, цельнометалли баллонлар, спираль ва тўғри чокли пўлат ҳамда мис қувурлари, керамик плитка, линолеум, синтетик толали матолар, тиббий ампулалар, полиграфия бўёқлари, болалар ўйинчоқлари, спорт ускуналари ва б.нинг) импорти икки мартадан кўпроқ қисқартирилди.
Ички талабни рағбатлантириш, тармоқлар ичидаги ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантиришга, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш ва сотиб олишни самарали ташкил этиш мақсадида ҳар йили ўтказиладиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида буютмалар қабул қилиш ва шартномалар тузишда преференциал режимини амалга ошириш имкони яратилди.
Жумладан, 2015 йилда бўлиб ўтган ярмаркада умумий миқдори 11,9 трлн сўмга тенг бўлган 13,3 мингдан зиёд шартнома имзоланди. Бу кўрсаткич аввалги йилгидан 38 фоизга кўпроқдир. Улардан 2,1 трлн сўмдан зиёди – авваллари импорт қилинган маҳсулотларни сотиб олиш учун тузилган шартномалардир. Бу эса, ўз навбатида, 2016 йилда саноат тармоқлари импортини 637,5 млн долларга қисқаришини таъминлайди.
Ҳеч шак-шубҳасиз, бундай фаол саноат ва инвестициявий сиёсатни қўллаш мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни доимий тарзда такомиллаштириб боришга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда республикада 90 дан зиёд мамлакатнинг хориж маблағлари иштирокидаги тўрт мингдан зиёд корхоналари фаолият юритмоқда. Ҳар йили жалб этилаётган инвестицияларнинг 20 фоизини хориж инвестициялари ва кредитлари ташкил этади. Мамлакатимизнинг инвестицион лойиҳаларини амалга оширувчи асосий чет эл ҳамкорлари қаторига «Дженерал моторс», «Боинг», «Хоневелл», «Эйрбас», «МАN», «Клаас», «Кнауф», «Лемкен», «Нестле», «Текнип», АББ, «Максам», «Исузу», «Иточу», «Мицубиси», «Хитачи», «Марубени», «Хьюндай», «Самсунг», «Эл-Джи», «Лотте кемикал», «Хуавей», ЗТЕ, «Си-Эн-Пи-Си», «СИТИК» ва бошқа кўплаб компаниялар киради.
Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» хулосасига кўра, Ўзбекистон 2014–2015 йилларда бизнесни юритиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратган мамлакат-ислоҳотчиларнинг биринчи ўнлигига киритилди. Жаҳон банки экспертлари хулосасига кўра эса, ҳозирда Ўзбекистонда бизнесни ташкил этиш учун нисбатан кам вақт сарф қилинади, масалан, Японияга қараганда – 1,5 марта, Германиядан – 1,6 марта, Греция ва Исроилга нисбатан – икки марта, Испаниядан – 2,2 марта, Хитойдан – 4,8 марта камроқ. Бундан ташқари, мамлакатимизда кичик бизнесга тушадиган солиқ юкининг даражаси бўйича АҚШ, Канада, Германия, Австрия, Франция, Италия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Беларус ва бошқа қатор давлатларга қараганда анча паст.
Юқорида қайд этилган фикрларни умумлаштирган ҳолда, айтиш мумкинки, мустақиллик даврида Ўзбекистон иқтисодиёти деярли олти мартага, аҳолининг реал даромадлари эса тўққиз мартага яқин ўсди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот улуши 6,9 минг долларгача ортди, бу эса, Ўзбекистонга ўрта даражадаги даромадли давлатлар гуруҳига кириш имконини берди.