Истиқлол халқимизга чексиз имкониятларни туҳфа этаётганини ҳар бир соҳадаги ўсиш ҳамда ривожланиш жараёнларида кўриб турибмиз. Мустақиллик йилларида халқимиз ҳаётида асрларга татигулик ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди. Айниқса, жойларда давлат ва ҳудудий дастурлар асосида бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни тизимли ислоҳ қилиш масалаларига жиддий аҳамият қаратиляпти. Энг муҳими, барча соҳалар қатори озиқ-овқат саноатида ҳам янги чўққиларни забт этишга эришилмоқда. Чунки, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиши, ривожланиш истиқболлари, аҳоли турмуш даражаси ва сифати кўп жиҳатдан мазкур вазифалар амалга оширилаётгани билан боғлиқ.
Таъкидлаш лозимки, озиқ-овқат хавфсизлиги республикамиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қабул қилинганлиги боис, юртимизда аҳоли жон бошига нисбатан етиштирилаётган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари – ғалла, гўшт, сут, тухум ва мева-сабзавотлар миқдори ҳамда қайта ишланган ҳажмлари кескин кўпаймоқда. Натижада, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг барчасини ўзимизда ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилиб, озиқ-овқат мустақиллиги ва хавфсизлигига эришилганлиги халқаро миқёсда тан олиниб эътироф этилгани катта воқеа бўлди. Унинг асосий жиҳатлари илғор тажриба сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан ривожланаётган бошқа мамлакатларга ўрганиш ва амалиётда қўллаш учун тавсия этилди.
Бундай салмоқли ишлар, самарали ислоҳотлар ўз навбатида, Жиззах вилояти ривожланишига ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатаётгани ҳар бир жабҳада кузатилаётган ижобий ўзгаришларда, дадил одимларда намоён бўлмоқда. Вилоят аҳли янги-янги марраларни эгаллаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунга келиб Жиззах йирик саноат марказларидан бирига айланмоқда. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.
Хусусан, вилоятда 2014 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 310 та корхона мавжуд бўлган бўлса, 2016 йилнинг ўтган даврида 450 га яқин корхона фаолият олиб бораётгани қайд этилди.
Ҳудуднинг иқтисодий истиқболлари ҳақида сўз кетганида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат салоҳиятини юксалтириш ҳисобига ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини қайд этиш лозим. Хусусий секторга қаратилаётган эътибор боис, кўплаб янги корхоналар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Жумладан, озиқ-овқат саноатида янги корхоналар ташкил этилиб, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, диверсификациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда тадбиркор ва фермерларга яратилаётган шароит, қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ўз вақтида ижро этилиши ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва уни саноат асосида қайта ишлаш, юқори сифатли замонавий истеъмол маҳсулотлари миқдори ва турларини кўпайтириш борасида босқичма-босқич аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳада юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиши, ўз навбатида, маҳсулот турлари кўпайишига, бозор зарур истеъмол товарлари билан бойишига, экспорт салоҳияти кенгайишига, импорт ҳажмларининг кескин қисқаришига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.
Соҳани ривожлантиришдаги ижтимоий-сиёсий фаоллик, изланишлар, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмалари мунтазам рағбатлантирилиб борилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, замонавий ва қудратли озиқ-овқат саноатини шакллантириш ҳамда мунтазам равишда ривожлантириш учун республикамизда асосий эътибор маҳаллий хом ашёларни қайта ишлашга қаратилмоқда. Ушбу мақсадда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш дастурлари амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, жадал суръатларда ривожланаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатига эътибор юқори бўлаётгани бугунги кунда соҳада чуқур таркибий ва иқтисодий чора-тадбирлар қўлланиб, биринчи навбатда, аҳоли эҳтиёжларини ўзимизда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари билан қондириш кўзда тутилмоқда.
Иккинчидан, тармоқ корхоналарини олий ва ўрта махсус маълумотли муҳандислар ва малакали техник кадрлар билан таъминлаш ишлари тубдан яхшиланмоқда. Вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантириш механизмлари йил сайин такомиллаштирилиб, ишлаб чиқарувчиларнинг жамиятимизда тутган мавқеи тобора мустаҳкамланиб, ижтимоий фаоллиги оширилмоқда. Уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббус ҳамда ғояларини рўёбга чиқаришга катта эътибор берилаётгани ҳамда аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бораётгани ҳам чекка ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этиб, турмушимиз кун сайин обод ва фаровон бўлиб бормоқда.
Бугун вилоятнинг қайси ҳудудига борманг, озиқ-овқат саноати жадал тараққий этишига салмоқли ҳисса қўшаётган янги турдаги замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган корхоналар фаолият олиб бораётганига кўзингиз тушади. Бундан 10 йил аввал вилоят бўйича атиги 80 га яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони қарийб олти баробарга кўпайди. Янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишлари натижасида ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ҳамда маҳаллаларнинг тобора чирой очаётгани тадбиркорларимиз, деҳқону фермерларнинг юксак салоҳиятини намоён этмоқда. Жорий йилда вилоятда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган дастурлар доирасида яна умумий қиймати 25 млрд сўмдан зиёд 95 та лойиҳа фойдаланишга топширилади ва 800 га яқин иш ўринлари яратилади.
Мана шундай юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилаётгани, маҳсулотлар тайёрлаш ва бозор зарур саноат ва истеъмол товарлари билан бойитилаётгани натижасида экспорт салоҳияти кенгаймоқда. Импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар сафи кенгайиши уларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, берилаётган солиқ имтиёзлари, преференциялар билан бевосита боғлиқ. Айниқса, ишлаб чиқариш ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани боис, ички бозорларимиз сифатли маҳсулотлар билан тўлиб бормоқда. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси остидаги ҳар томонлама қулай, тежамкор, сифатли ва арзон маҳсулотлар нафақат ишлаб чиқарувчиларимиз ютуғи балки саноатимиз қувватлари ҳам ортиб бораётганидан далолат беради. Буларнинг натижасида мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар ўзининг юқори самарасини бераётгани ҳамда давлат дастурлари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Масалан, 2014 йилда Жиззах шаҳрида фаолият бошлаган «Бону ширинликлари» масъулияти чекланган жамиятида тижорат банки кредитлари ҳисобига Германия ва Италия давлатларидан замонавий технологиялар олиб келиниб, ўша йилнинг ўзидаёқ тўрт млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2015–2016 йилларда корхона фаолияти кенгайтирилиб, йилига 2000 тонна Европа стандартларига тўлиқ жавоб берадиган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Агар 2015 йилда корхона томонидан аҳолига 6,5 млрд сўмлик маҳсулот етказиб берилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври давомида 7,0 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилди. Келгусида ушбу маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, вилоятда замонавий қайта ишлаш корхоналари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш омборхоналари ташкил этиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, биргина 2016 йилда қуввати қарийб 20 минг тоннага тенг бўлган 40 га яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ҳамда сиғими қарийб 15 минг тонна бўлган 15 та совутгичлар ташкил этилмоқда.
Шу ўринда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ярмаркада қирқдан зиёд мамлакатдан халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, компаниялар, мамлакатимиз мева-сабзавотчилик соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Бу муҳим тадбир нафақат юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини янада мустаҳкамлашга, балки аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, сақлаш ва аҳолига етказиб бериш бўйича олиб борилаётган самарали ишларни тўлиқ намоён этишга хизмат қилади. Энг муҳими, ўзимизда етиштирилаётган экологик тоза, сифатли ва мазали мевалар, узум ва полиз маҳсулотлари чет эллик тадбиркорларнинг ҳам юқори эътирофига сазовор бўлмоқда. Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли, хўжалик юритиш механизми тубдан янгиланиб, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ер ўзининг ҳақиқий эгаси – тажрибали деҳқону фермерлар қўлига ўтганлиги агросаноат соҳаси жадал тараққий этишига катта йўл очиб берди. Жиззахлик деҳқону фермер, тадбиркорлар ушбу ярмаркаларда фаол иштирок этиб, ўзлари етиштираётган маҳсулотларни чет эллик ҳамкорларга етказиб бериш бўйича қулай имкониятларга эга бўлишди. Бунинг натижасида 76 млн долларлик шартнома имзоланди.
Бундай чора-тадбирларни тизимли равишда йўлга қўйган субъектлар қишлоқларда кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик каби бир қанча йўналишларни ҳам жадал ўзлаштиришга эришмоқда. Улар томонидан жаҳоннинг энг илғор технологиялари асосида сифатли ва харидоргир озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу вилоятимизда озиқ-овқат саноати ривожи йилдан-йилга кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишига ҳамда экспорт ҳажмлари ортиб боришига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Олимжон САТТОРОВ,
саноат бўлими бошлиғи