Бадиий асарда ёзилишича, номаълум одамларнинг тақдири сайхонлик, кимсасиз қумликлар билан боғланади. Улар бу ерларда яшашни тирикликнинг ягона риштаси сифатида қабул қилади. Йиллар ўтиб, уларнинг болалари, авлодлари шу кимсасиз манзилларга мослашади, гарчи беаёв ғаним қум балоси билан мунтазам курашишга тўғри келса ҳам. Зеро, Ватан, ота-она танланмайди. У Яратган томонидан инсон тақдирига битилади. Шунинг учун ҳам улар муқаддас, шунинг учун ҳам уларнинг қадри баланд.
Мана шундай жаннатмакон юртнинг фарзанди бўлиш, меҳнатсевар, танти ва оқкўнгил кишилар қуршовида улғайиш бахт эмасми?! Онгу шууримизга, қалбимизга сингиб кетган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриятлар ва урф-одатлар билан ғурурланмай бўладими?
Арнасой жаннатмакон юртимизнинг бир парчаси сифатида турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келаётган ана шундай қадриятлар ўчоқларидан бири ҳисобланади. Зеро, туман номида кўпмиллатлилик нафаси сезилиб туради. Бу ердаги «Ҳайдаркўл» (халқ тилида «Айдаркўл», дейилади) Арнасойни Қозоғистон билан боғлаб туради. 1975 йилда ташкил этилган туманнинг илгари туб аҳолиси бўлмаган. Манбаларга кўра қўшни туманлардан кўчиб келган аҳоли шу ерда ўрнашиб қолган. Қозоқлар кўлни «арна» яъни, «сой» дейишган. Ўзбеклар унга «сой» сўзини қўшиши натижасида эса «Арнасой» сўзи келиб чиққан. 40 йиллик тарихга эга туманда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус ва бошқа миллат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшашмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз ҳудудларида замонавий массивлар, обод қишлоқлар, серфайз манзилларга рўбару келиш одатий ҳолга айланди. Бундай бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари таг-замирида, албатта, ҳукуматимиз юритаётган ички ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг нечоғли тўғри танланганининг натижаси десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Бугун мамлакатимиз ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Демократик жамиятнинг эркин муносабатлар негизини белгилайдиган, миллий тараққиёт талабларига тўла-тўкис жавоб берадиган Конституциямиз яратилгани, кўплаб қонун ва норматив ҳужжатларнинг қабул қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мана шундай ижобий ўзгаришлар ҳар бир ватандошимизга чексиз фахр-ифтихор ва шукроналик туйғусини инъом этмоқда. Бу эса бизни мулоҳазага ундаши табиий. Энг аввало, республикамизда инсон манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳамда ҳар бир жабҳада самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига катта эътибор қаратилди. Бу ўз навбатида, барча аҳоли қатламлари турмуш тарзи яхшиланишини, хизмат кўрсатиш сифати оширилишини таъминлаётган ҳудудий дастурлар ижроси билан боғлиқ. Президентимизнинг 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилганларида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Эндиликда «Халқ биздан рози бўлса, яратган ҳам биздан рози бўлади», деган ғояни амалга ошириш, халқимизнинг ишончини қозониш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш учун тинимсиз меҳнат қилишимиз, изланиш ва ташаббус кўрсатиб ишлашимиз лозим.
Худди шу нуқтаи назардан қараганда, Арнасой туманида ҳам сезиларли даражадаги туб ўзгаришлар, яратувчилик, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Яъни бугунги кунда туман иқтисодиёти ўсиб, аҳоли реал даромадлари муттасил ортиб бораётганини, оилаларнинг моддий фаровонлиги тобора ўсаётганини кузатиш мумкин. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан иқтисодиёт тизимини модернизациялаш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган юксак эътибор боис меҳнат аҳлининг тадбиркорлик имкониятлари кенгайиб бормоқда. Уларга берилаётган амалий ёрдам, яратилаётган қулай имкониятлар эса иқтисодиётимизнинг таянч бўғинига айланган хусусий секторнинг янада ривож топишига, тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсишига, истеъмол бозори рақобатбардош маҳсулотлар билан бойишига, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишига замин яратмоқда. Бу ишлаб чиқарилаётган ва етиштирилаётган маҳсулотларимизни нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлишини таъминламоқда.
Туманда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, ҳуқуқий, маданий соҳаларда ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар юз бераяпти. Умуман олганда, республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, орзу-умидлари рўёбга чиқиши, озод ва обод Ватанимиз ҳар жиҳатдан равнақ топиши учун хизмат қилаётганини англаш, сидқидилдан ҳисса қўшишга интилиш қувонарли ҳол албатта. Бу жиҳат ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий омиллар билан боғлиқ эканлиги ҳар иккала жабҳанинг баравар ривожланишига катта йўл очиб бермоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Яъни ҳисобот йилида саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янгиларини ишга тушириш, кўп тармоқли фермерлик ҳаракатини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишларига жиддий эътибор берилмоқда. Бунинг натижасида барча жабҳаларда иқтисодий ривожланиш суръатлари барқарорлашди.
Хусусан, аҳоли истеъмол молларининг умумий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 53,8 фоизга, жон бошига тақсимлаганда 825,5 минг сўмга тўғри келди. Саноатнинг етакчи тармоқларидан бири енгил саноатда тўқимачилик, пахта тозалаш, пойабзал, қурилиш материаллари, мебель ишлаб чиқариш ҳажмлари кўпайди, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш жадал ривожланмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўллар очиб берилиб, соҳа ривожига ҳамда аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Натижада хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши тобора ортмоқда. Масалан, ҳисобот йилида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 53,8 фоизни, қишлоқ хўжалиги 100,0 фоизни, қурилиш-пудрат ишлари 100,5 фоизни, чакана савдо 96,5 фоизни ва жами хизмат кўрсатиш улуши 99,0 фоизни ташкил этди.
Бу каби муваффақиятлар аҳолини янгича фикрлашга ҳамда истиқболли ташаббуслар кўрсатиб сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда. Энг муҳими улар узоқни кўзлаб, мақсадли дастурлар асосидаги ҳудудий лойиҳаларни ишлаб чиқаришга самарали татбиқ қилмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқатнинг асосий қисми, саноат маҳсулотларининг эса аксарият қисми тадбиркорларимиз ҳиссасига тўғри келаётгани фикримиз тасдиғидир. Ана шу омиллар туфайли, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар йил сайин ўсмоқда.
Туман иқтисодиёти барқарор ривожланишида, ялпи ҳудудий маҳсулотлардаги улуши ортишида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Шу сабабли соҳа самарадорлигини ошириш учун қулай муҳит, ҳуқуқий ва иқтисодий асослар, енгиллик ва имтиёзлардан унумли фойдаланилмоқда. Хўжалик юритишни молиялаштириш, кредитлаш, суғурталаш тизимини ҳамда маҳсулот, техника, ёқилғи ва минерал ўғитлар учун ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича янги меъёрлар татбиқ этилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг иқтисодий мустақиллиги кенгайди. Масалан, кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан қайта ишланаётган маҳсулотлар ҳам ички, ҳам ташқи бозорларга эркин кириб бориши учун барча йўллар очиб берилди. Бу ўз навбатида, хорижлик ҳамкорларнинг мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқишларини орттиради. Шунинг учун ҳам кўп тармоқли фермерлик ҳаракатини устувор йўналиш сифатида ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ва тизимли хизмат кўрсатувчи инфратузилмаларни ривожлантириш олдимизда турган энг долзарб вазифалар сирасига киради.
Мустақиллик йилларида фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, ташаббус ва илғор ғоялари рўёбга чиқиши учун катта эътибор берилмоқда. Бу эса уларнинг жамиятимизда тутган мавқеи мустаҳкамланиб, ижтимоий фаоллиги янада ошишига хизмат қилмоқда. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда фермерларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини юксалтириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокига алоҳида урғу берилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар туфайли қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг асосий қими нодавлат сектори ҳиссасига тўғри келаётганлиги ва иқтисодиётнинг аграр секторида мустаҳкам ҳамда барқарор ривожланиш таъминланаётганини кузатиш мумкин. Яъни 2017 йил бўйича қишлоқ хўжалигида 197,3 млрд. сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди ёки 2016 йилга нисбатан 100,8 фоиз ўсиш қайд этилди. Шу ҳисобдан давлатга 24,9 минг тонна ғалла етказиб берилди.
Туман миқёсида инвестициявий лойиҳалар, кредит қўйилмалари ҳажмини кўпайтириш ишлари учун иккита тижорат банк филиали томонидан 2017 йилда жами 10,3 млрд. сўмлик кредит ажратилди. Бундан ташқари, 2017 йилда 92 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида қиймати 22,3 млрд. сўмлик ва 100 минг долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 353 та янги иш ўрни яратилди. Шундан саноатда 17 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 51 та, қишлоқ хўжалигида 24 та лойиҳа ишга туширилди. Инвестиция дастури бўйича 18,1 минг кв/м. тураржой (100,1 %), 27,9 км ичимлик суви (102 %) ва 3,5 км табиий газ тармоғи (100 %) тортилди. Қурилиш пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилган ишлар ҳажми 15,4 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 92,2 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида 23,0 млрд. сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди, марказлашган маблағлар ҳисобидан битта мактаб ва битта мактабгача таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Барча манбалар ҳисобидан жорий йил давомида 18,1 минг кв/м. тураржой, 27,9 км ичимлик сув, 3,5 км табиий газ қувури фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга, 51 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилиши учун 13,1 млрд. сўмдан ортиқ капитал маблағ сарфланди ва 270 та янги иш ўринлари яратилди.
2017–2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, «Арнасой агробизнес» МЧЖда 1,5 млрд. сўм сарфланиб икки гектар ер майдонида иссиқхона ташкил этиш, «Арнасой пойабзали» МЧЖда йилига 200 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш, 30,0 млрд. сўмлик кредит ҳисобига «Arnasoy gold tex» МЧЖда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ва 280 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 2017 йилда «Узум шарбати» фермер хўжалигида сиғими 100 тонналик музлаткичли омборхона қуриш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга йўналтириш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Президентининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурининг ижроси бўйича 64,9 млрд. сўмлик чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, аҳоли бандлигига қаратилаётган дастурлар ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Айниқса, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга жиддий эътибор берилмоқда. Мустақиллик йиллари давомидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар билан таништиришда дахлдорлик ва шукроналик туйғуларини шакллантириш, «оммавий маданият»нинг салбий таъсирларидан асраб-авайлаш, ёшларимизни халқимиз ва миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бу йўлда ёш авлодни иш билан таъминлаш энг тўғри тадбир ҳисобланади. Яратилаётган иш ўринлари асосан, янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, кичик корхона ва микрофирмалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиш, уй меҳнатининг барча шаклларига эътибор қаратиш, кооперация шартномаси асосида касаначилик, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, бозор инфратузилмаларини ривожлантириш ҳамда ишламаётган корхоналарни қайта ишга тушириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби ўзгаришу ютуқларга астойдил бел боғлаган арнасойликларнинг меҳнатсеварлигига шубҳа йўқ. Уларнинг тадбиркорлиги, ўз юртини обод қилиш орзуси, ватанимизнинг иқтисодий қудратини ошириш иштиёқи, бахтли келажак қуришга бўлган эзгу интилишлари бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларида намоён бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бу азму шижоат, юксак марраларни кўзлаб сидқидилдан меҳнат қилиш азал-азалдан халқимиз табиатига хос бўлган энг улуғ фазилатлардан бири ҳисобланади.