Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Жаҳон – кенг, дунёда мамлакат – кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга ато этилган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланиши лозим»
Ислом КАРИМОВ
Бугунги Мустақиллик шодиёналари шукуҳининг қадри ҳам, қиммати ҳам мана шу 25 йил давомида босиб ўтилган йўлнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етишимиз билан белгиланади. Президентимиз бошчилигида «ўзбек модели» барча жабҳаларга муваффақиятли жорий этилиб, буюк истиқболга эришиш йўли – Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширила бошланди.
Озод ва обод ватанимизда чорак асрда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда оламшумул натижаларга эришилишида, албатта, қўшни давлатлар билан тенг ҳуқуқли ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик йўли танлангани ҳам ўзига хос муҳим роль ўйнади. Яъни, «…биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз».
Шу билан бирга, республикамизда давлат ва жамият бошқаруви самарали ташкил этилиб, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, тадбиркорлигу ташаббускорликка, деҳқону фермерлар фаолияти қўллаб-қувватланишига, ҳудудий ҳамда тармоқлараро дастурлар ижроси таъминланишига кенг йўллар очиб берилди. Ҳеч шак-шубҳа йўқ, республикамиз учун истиқлолнинг йигирма беш йиллик йўли жуда залворли ва зафарли бўлди.
Президентимизнинг «Биз ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва шубҳасиз, ҳеч қачон кам бўлмаймиз», деган даъватлари юртдошларимизни яратувчанликка чорлади. Дарҳақиқат, қўлга киритилаётган ютуқлар кўламига назар ташлаб, халқимизнинг маданий, маърифий, илмий салоҳияти ҳеч кимникидан кам эмаслигига амин бўламиз. Бу эса, ўз олдимизга қўйилган мақсадларни сўзсиз амалга ошириш имконияти катта эканлигидан далолат беради. Бу жиҳат бизга чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.
Бундай шодиёна, шукуҳли кунларда барча тармоқ ва соҳа вакиллари – ишчи-ю мутасадди, деҳқону фермер, тадбиркору ишлаб чиқарувчи, ҳар бир фуқаро ортга, синовларга бой бўлган машаққатли ва зафарли йўлга бот-бот қараши, мамлакат тараққиётининг тамал тошлари қай тарзда, қандай мураккаб шароитларда қўйилганини ғурур билан эслаши табиий.
Халқаро ҳамжамият кенг миқёсда эътироф этаётганидек, республикамиздаги жиддий ўзгариш ва янгиланишларнинг асосий натижалари, энг аввало, инсон манфаатлари, юрт равнақи, ёш авлоднинг ёрқин келажаги учун йўналтирилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, тўғри танланган тараққиёт йўлимиз, ислоҳотларнинг юқори самарадорлигига эришилаётганлиги истиқлол асосларини мустаҳкамлаб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда собиқ республикалардан фарқли ўлароқ, ижтимоий-иқтисодий соҳалар параллел равишда, адолат тамойилларига асосланиб ривожлантирилиб, давлат ва жамият бошқаруви салбий силсилаларсиз дунё андозаларига ўтказилди. Бу дегани, «Янгисини қурмай, эскисини бузмаслик» қоидасига қатъий амал қилинди. Яъни, ҳар бир соҳа ёки тармоқлар бўйича давлат дастурлари татбиқ этилишининг замонавий услублари аграр соҳага, саноат ишлаб чиқаришига, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш (таълим кўламини тубдан ўзгартириш, тиббий ва сервис хизматларини замонавийлаштириш, муҳтож аҳоли қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш, тадбиркору ҳунармандларга кенг кўламли ижтимоий, молиявий кўмак бериш)га давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.
Айниқса, республикамиз раҳбарининг жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарши чоралар дастурининг ўз вақтида қабул қилгани, бу – пул-молия муносабатларида нафақат кескинликнинг олдини олишга хизмат қилди, балки, иқтисодий жиҳатдан ривожланишни таъминлаш мақсадларига йўналтирилгани ва самарали натижалар бериши билан ўзига хос муваффақиятлар эшикларини очиб берди.
Жамиятнинг фаровонлашуви ҳамда юксалиш даражасини илм-фаннинг ривожланиши, интеллектуал салоҳият белгилайди. Айниқса, тараққиётнинг ҳозирги ўзгарувчан, мураккаб шароитида илм-фанга эътибор, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз билим ва имкониятларини намоён этишлари учун шарт-шароит яратиб бериш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг улкан имкониятлар мамлакати эканлигини юзага чиқаришда ҳамда тараққий этишини таъминлашда – «ўзбек модели» бешта бир-бирига узвий боғланган комплекс моделлар сифатида мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишига, аҳоли турмуш фаровонлиги сифат жиҳатдан тамомила янги босқичга кўтарилишига, натижада эса, инсон омили ҳар томонлама ривожланишига замин яратди. Бунинг натижасида таълим-тарбия ва илм-фанда янги билимлар яратишга, уни ҳаётга татбиқ этишга қодир бўлган етук ва профессионал мутахассислар тайёрлашга киришилди.
Энг муҳими, келажагимиз таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлоднинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашга, шу юртнинг ҳақиқий эгаси сифатида Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини кўриш энг улуғ бахтдир!
Мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқ ва марралар – Ватанимиз салоҳиятини, иқтисодий ва интеллектуал куч-қудратини тўлиқ намойиш этишда, албатта, тўғри танланган стратегик йўлнинг аҳамияти катта. Бу йўл – буюк келажакка, улуғ мақсадларимиз манзилини яқинлаштиришга хизмат қилади!
Анвархон САЙДАХМЕДОВ,
«O‘zIA» махсус мухбири