Sorry, this entry is only available in Русский and O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in this site default language. You may click one of the links to switch the site language to another available language.
Саноат корхоналарини ривожлантириш ва жойлаштирилиши натижасида шаҳар ва қишлоқ жойларда сув балансининг, ҳамда бошқа ресурсларнинг ўзгариши рўй беради.
Табиий сувларнинг ифлосланишидаги асосий хавф-хатар маълум вақт ўтгандан кейин заҳарли моддалар миқдорининг белгиланган даражадан ошиб кетишига олиб келади. Ушбу ҳолатларни янги корхоналарни жойлаштиришда, албатта, эътиборга олиш зарур.
Саноат корхоналарини жойлаштириш вариантларини кўриб чиқишда ва уларнинг самарадорлигини аниқлашда сувнинг заҳарланиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий зарар миқдорини, шунингдек, табиатни асраш учун кетадиган харажатларни ҳисобга олиш зарур.
Ушбу услуб шаҳарлар, шаҳар поселкалари, туманлар ва саноат майдончаларидаги муҳандислик омили, экологик ва ижтимоий вазиятни баҳолаш, ижтимоий-иқтисодий самарадорлик мезонлари асосида саноат корхоналарини жойлаштириш ҳудудларини аниқлаш имконини беради.
Саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича асосланган қарорни қабул қилиш учун камида уч йил ичида бир марта захиралар ва жойлашув шароитларини мажмуали тарзда баҳолаш ишларини ташкил қилиш лозим.
Корхонани жойлаштиришнинг мақбул варианти қурилиш учун кетадиган ялпи харажатнинг миқдори орқали аниқланади.
Минтақадаги барча шаҳарлар, қишлоқлар ва саноат майдончалари жойлашув омилларига мувофиқ учта гуруҳга бўлинади:
Биринчи гуруҳга қулай ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шароитига эга бўлган шаҳарлар (поселкалар) киради (саноат майдончалари сув, электроэнергия манбалари билан таъминланганлиги ва бошқалар).
Иккинчи гуруҳга маълум даражада ноқулай ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шароитига эга шаҳар ва поселкалар (фойдаланилаётган ер майдонларидан ажратиш, сув ва электроэнергия билан таъминлаш учун қўшимча қувватларни шакллантириш зарурлиги).
Учинчи гуруҳга ноқулай ижтимоий-иқтисодий ривожланиш шароитига эга бўлган шаҳарлар (поселкалар) киради (сув, электроэнергияни узоқ масофадан олиб келиш лозимлиги, унумдор ерларни ажратиб бериш ва бошқалар).
Саноат корхоналарини жойлаштириш тасдиқланган давлат дастурлари, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятлар қабул қилинган қарорларга асосланиши зарур. Илмий лойиҳа институтлари ишлаб чиққан ва ҳукумат тасдиқлаган аҳолини жойлаштириш схемалари, шаҳар ва ҳудудлар бош режалари минтақаларда саноат корхоналарини жойлаштиришда асосий қўлланма бўлиши керак.
Таҳлиллар ва мажмуали баҳолашда саноат корхоналари жойлашувига таъсир қилувчи қуйидаги омиллар ва шароитлар эътиборга олинади: ҳудудий режалаштириш шароитлари; инженер-геологик шароитлар; сув ва энергия билан таъминлаш; қурилиш базаси; транспорт; меҳнат захиралари; ижтимоий ва экологик шароитлар.
Барча харажатларни ҳисоблашда таклиф этилаётган кўрсаткичлар тизимидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Қурилишни баҳолаш коэффициентлари шаҳарлар, шаҳар поселкалари ва саноат майдончаларининг қулай, нисбатан қулай, ноқулай шароитларини эътиборга олган ҳолда лойиҳа институтлари томонидан аниқланади ва қурилиш меъёрларида ўз аксини топади.
Минтақаларимизда саноатни ривожлантириш ва жойлаштириш механизмларини такомиллаштиришда қуйидаги хориж тажрибалари маълум даражада ҳам амалий, ҳам илмий аҳамиятга эга:
● саноат корхоналарини оқилона жойлаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг асосий қисми махсус қабул қилинган қонун, ҳукумат қарорлари асосидаги мақсадли дастурлардан иборат бўлиши;
● тўғридан-тўғри тартибга солиш механизмлари маълум дастур ёки лойиҳалар доирасида амалга оширилиши;
● саноатни жойлаштириш механизмлари маълум вазият, устувор йўналишларни амалга ошириш билан ўзаро боғлиқ, ўзгарувчан хусусиятга эга бўлиши;
● турли иқтисодий усул ва рағбатлантириш механизмлари қутбли ривожланиши, ўсиш нуқтаси, урбанизация концепцияси, инфратузилма ривожланишига қаратилган минтақавий назарияларни ўзига хос амалиётдаги кўринишидан иборат бўлиши;
● жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида мамлакатларда минтақавий дастурларга эътиборнинг кучайиши, ишсизлик муаммосини ечиш ва аҳоли турмуш даражаси барқарорлигини таъминлашда янги иш жойлари ташкил қилиш.
Хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, республикамиз минтақаларида ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг илмий асосланган концепциясини тайёрлаш, минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги табақалашув, табиий-иқтисодий салоҳиятини эътиборга олиш, саноат корхоналарини ташкил этиш ва уларни оқилона жойлаштиришнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш зарур.
Обидхон САЙДАХМЕДОВ,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти
катта илмий ходим-изланувчиси