(O´zbek) Ўзбекистоннинг миллий статистика тизими: ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар

3-2021

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимиз та­рақ­қиё­тининг замонавий босқи­чида миллий статистика соҳа­сини ислоҳ қилиш, хал­қаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш, асосийси, статистик маълумотларнинг ишончлилиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий натижалари эса кенг жамоатчилик, шу жумладан, халқаро статистика ҳамжамияти ҳамда хал­қаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани айни ҳақиқатдир.
     Ҳар қандай тизимнинг фаолият самарадорлиги бевосита унинг меъё­рий-ҳуқуқий асослари қай даражада мукаммаллигига боғлиқ бўлади. Ўз­бекистон Республикасининг «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуни салкам 19 йил аввал, 2002 йилда қа­бул қилинган бўлиб, таҳлиллар унинг бугунги кун талабига ва халқаро тавсияларга тўлиқ мос келмаслигини кўрсатмоқда. Шунга кўра Ўзбекистон Республикасининг «Расмий статистика тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқи­либ, яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан маъқуллангани соҳа ривожида янги даврни бошлаши, шубҳасиз.
     Соҳа қонунчилигида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 16 март­да қабул қилинган «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуни ҳам муҳим аҳамият касб этади ва мус­тақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ва унинг тизимли амалга оширилишини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий пойдеворини яратади.
     Ушбу мамлакат ҳаётидаги муҳим тадбирни юқори сифатда ўтказиш юзасидан барча зарур тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Мунтазам равишда республика миқёсида аҳоли ўртасида кенг тарғибот-таш­виқот ишлари олиб борилмоқда. Тад­бирга доир видеороликлар, мақола­лар ва учрашувлар аҳолининг кенг қатламида бу борадаги саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
     Асосий табдир 2023 йилга белгиланган, шу билан бирга 2021 йилда Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори­чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида ялпи аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилган.
     Умуман олганда мазкур тадбирни ўтказиш якунида мамлакатимизда аҳоли ва унинг турмуш тарзига доир муҳим социал кўрсаткичларни аниқ­лаб олиш имкониятига эга бўлинади.
     Яна бир муҳим ҳужжат бу – «2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси» бўлиб, Стратегия доирасида ташки­лий-ҳуқуқий ва статистик инфратузилмани такомиллаштириш, фойдаланувчилар ва етказиб берувчилар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш, ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, алоҳида статистик йўналишлар, тар­моқ ва ҳу­дудлар статистикасини та­комиллаш­тириш ҳамда тизимда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари муҳим йўналишлар сифатида белгиланган. Уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича 86 банддан иборат «Йўл харитаси» тасдиқланган.
     Соҳани ислоҳ қилишда статистик методологияни халқаро андозаларга мослаштириш масаласига ҳам жиддий ёндашилмоқда. Хусусан, бугунги кунда умумий ҳисобда 200 дан зиёд статистик услубиётлар мавжуд бўлиб, шулардан 111 таси сўнгги тўрт йилда, шу жумладан, 8 таси 2021 йилнинг ўтган даврида янгидан қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари сўнгги тўрт йилда 26 та, 2021 йилнинг ўтган даврида эса 4 та статистик услубиёт такомиллаштирилди.
     Инфляция даражасини ҳисоблаш ва мониторингини юритиш борасидаги ишларни халқаро андозаларга мослаштириш мақсадида янги методика ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. 2018 йилдан бошлаб инфляцияни баҳолаш ишлари БМТ Статистика бўлими ва Халқаро вал­юта жамғармаси тавсиялари асосида ўзгармас вазнларда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
     Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тавсия этилган «Миллий ҳисоблар тизими-2008» талабларини амалиётга тўлиқ жорий этиш, шунингдек, мамлакат ялпи ички маҳ­сулоти кўрсаткичларида яширин иқ­тисодиёт ҳажмларини қамраб олиш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чи­қилиб, босқичма-босқич тегишли тад­бирлар амалга ошириб келин­моқда.
     Очиқлик ва шаффофлик тамо­йилларига риоя этиш – бу йўналишда ҳам айниқса, сўнгги тўрт йил туб бу­рилиш даври сифатида таърифланади. Жумладан, одатий жадвал кўринишида тақдим этиладиган статистик маълумотлардан ташқари пресс-релизлар кўринишида таҳлилий-ста­тистик маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш амалиёти жорий этилди. Халқаро андозалар ва илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда чоп этиладиган статистик нашр­лар сифат ва ҳажм жиҳатидан буткул янгиланди.
 
 
Баходир БЕГАЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Раиси, и.ф.д., профессор

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.