Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистоннинг маданий, тарихий, гастрономик, MICE (турли корпоратив тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган бизнес сайёҳлик йўналиши), этно, эко, агро, спорт ва тиббий туризм йўналишларидаги салоҳияти ҳавас қилгулик даражада эканини соҳа экспертлари алоҳида эътироф этади. Бинобарин, мамлакатимиз қадимдан тарихий Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бўлиб, машҳур сайёҳларнинг қимматли хотиралари орқали асрлар давомида бутун дунё нигоҳини ўзига қаратиб келмоқда.
Бугунги кунда ўлкамизда 8 200 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд. Шундан 209 тасини ўз ичига олган тўрт музей-шаҳар – Хива шаҳридаги Ичанқалъа, Бухоро шаҳри ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари ҳамда маданиятлар чорраҳаси – Самарқанд UNESCOнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу муаззам кентлар, шунингдек, Термиз ҳам бориб кўриш керак бўлган (must see) шаҳарлар сифатида дунё туристларини мафтун этиб келмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда қардош юрт – Туркиядан мамлакатимизга сайёҳлар оқими икки баробар ошди. Ўз навбатида ҳамюртларимизнинг ҳам халқаро туризм марказларидан бири саналган бу давлатга ташрифи янада жадаллашган. Бунда, табиийки, икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётгани муҳим омил бўлаётир. Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ҳукуматлари ўртасида 2017 йил октябрь ойида «Туризм соҳасида ҳамкорлик» битими имзоланиб, унга кўра икки мамлакатнинг туризм салоҳияти фаол тарғиб қилинмоқда. Лекин ўзаро ҳамкорлик доирасида маданий ва зиёрат туризми соҳаларида мавжуд салоҳиятдан тўла-тўкис фойдаланиляпти, дейишга ҳали бироз эрта. Олдинда бу йўналишда кўзда тутилган режалар ҳам, рўёбга чиқариладиган ишлар ҳам бисёр.
Жаннатмонанд юртимиз Туркия учун жозибали бозор
Туркиянинг маданий ва туризм соҳасидаги ютуқлари тарғиботи ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ юртимизда самарали олиб борилмоқда. Бундан ташқари турк фильмлари ва сериаллари Ўзбекистон бозорида оммалашиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. 34 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон жаҳон майдонида ҳар қандай йирик иқтисодиёт учун Марказий Осиёдаги энг йирик бозор сифатида гавдаланмоқда.
Шу билан биргаликда Туркиянинг юқори мавқега эга корпоратив бирлашмалари, туроператорлари, медиа-холдинглари, жамоат ташкилотлари, қолаверса, таниқли санъаткорлари, олимлари, кинорежиссёрлари билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини танитиш, турклар «Ота юрт» деб таъриф берадиган Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун муносиб сабаблар борлигини етказиш ишлари изчиллик касб этяпти. Сўнгги йилларда Туркиядан кўплаб ОАВ, ижтимоий тармоқлар вакиллари, блогерлар, туроператорлар таклиф этилиб, тарихий шаҳарларимизга саёҳатлар уюштирилди. Уларнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали миллионлаб кузатувчиларга юртимизнинг маданий мероси, туристик салоҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Зиёрат туризми халқаро форуми доирасида ушбу давлатдан бир қатор йирик дин арбоблари ва уламолар ўлкамизга ташриф буюриб, қадимий шаҳарларимизнинг, буюк алломаларимизнинг ислом дини тараққиётида тутган ўрни ҳақидаги билим ва тасаввурларини янада бойитиш имконига эга бўлдилар. Бунинг натижасида Туркиянинг Истанбул, Бурса, Кўния вилоятлари уламолари ва муфтийларининг жума намозлари маърузаларида Ўзбекистондаги зиёратгоҳларга ташриф буюришга қаратилган даъватлар янгради
Таълимга сармоя – келажакка сармоя
Иқтисодиётимиз тармоқларига кучли давлатлардан, жумладан, Туркиядан салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш қанчалик аҳамиятли бўлса, туризм таълими соҳасидаги ҳамкорлик ҳам шунчалик долзарбдир. Зеро, таълимга ажратилган маблағ келажакка киритилган сармоя саналади. Қувонарлиси, юртимизда туризм таълимини ривожлантиришда туркиялик мутахассислар билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг қамрови кенгайиб боряпти. Самарқанд Халқаро Ипак йўли туризм университети, Марғилон туризм коллежи каби қатор таълим муассасаларимизга Туркиядан профессор-ўқитувчиларини жалб қилишдан ташқари бу ихтисослашган таълим масканларининг моддий-техник базасини яхшилашда, лабораторияларини модернизациялашда ҳам турк шерикларимизнинг кўмаги салмоқли бўлмоқда.
Ҳамкорлик битими доирасида
Бугун ҳаммага аёнки, COVİD-19 пандемияси шароитида аксарият давлатларда карантин чекловлари жорий қилиниб, чегаралар ёпилгани иқтисодиётнинг муайян йўналишларида, айниқса, туризм соҳасида, таъбир жоиз бўлса, муаллақ вазиятни ҳосил қилди. Давлатлараро сайёҳлар оқими гўё тўхтаб қолди. Умид борки, пандемияни жиловлаш чора-тадбирлари натижа бериб, сайёрамизда яна тез орада ҳаёт ўз изига туша бошлайди. Худди шундай, пандемия тугагач, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Туркия Радио-телевидение идораси (TRT) билан имзолаган ҳамкорлик битими доирасида туризм диверсификацияси, таълими ва тарғиботи йўналишларидаги саъй-ҳаракатлар муваффақиятли давом этади, дейишимизга асос бор.
Ўзбекистон ва Туркиянинг тарихий шаҳарлари ўртасидаги муштаракликни акс эттиришга қаратилган кўплаб тарғибот тадбирларини ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Ёхуд Кўния ва Бурса меъморчилигида Самарқанд ва Бухоро меъморчилик мактабларининг таъсири мавзуси ҳам алоҳида тарғибот ва тадқиқотга арзийди. Шунингдек, Истанбулда, Эдирнада ва Қайсарининг маданий тараққиётида Мотуридия ақидасининг, Нақшбандия тариқатининг, Мовароуннаҳр олимлари ва мутафаккирларининг ролига доир тарғибот материаллари ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслиги аниқ.