(O´zbek) «Революция» китобини ўқиб…

3-4/2019

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8–9 октябрь кунлари Франция Республикасига амалга оширилган расмий ташрифи арафасида ушбу мамлакат Президенти Эммануэл Макрон қаламига мансуб «Революция» китоби ўзбек тилига таржима қилинди ва нашр этилди. Давлатимиз раҳбари Парижда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда Франция етакчисининг ўзбекча китоби илк нусхасини унга тақдим этди.
     Президент Эммануэл Макроннинг ушбу китобини жорий йилда «Ўзбекистон» нашриёти нашрдан чиқарди. Президент Ш.М.Мирзиёев китобга ёзган «Ақл-идрок овози» сарлавҳали сўзбошисида, жумладан, шундай деб таъкидлаган:
     «Франция Президентининг сиёсий ва иқтисодий дастури тўла ифода этилган ушбу китоб мамлакатимиз академик ва ишбилармон доиралари, олимлар ва амалиётчилар томонидан синчиклаб ўрганилмоқда. Шуниси эътиборлики, ўз китобига «Революция» деб ном берганига қарамасдан, муаллиф «Шок терапияси» ғоясини илгари сурмайди. Унинг фикрича: «Янги муносабатларни ўрнатиш учун аввал яратилган барча нарсаларни бузиб ташлашнинг ҳожати йўқ». Бу ғоя бизнинг юртимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган, пухта ўйланган, ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар фалсафаси билан уйғун ва ҳамоҳанг эканини қайд этиш лозим».
     Ўзбекистон Президентининг бу эътирофи бежиз эмас. Чунки аслида ҳам Президент Э.Макроннинг китобида ўз ифодасини топган сайловолди дастурида Францияни дунё сиёсатининг буюк мамлакатига айлантириш мақсади қўйилган. Француз етакчиси шу йўлдан қатъий бормоқда. Президент Ш.М.Мирзиёев таърифи билан айтганда, «у давлат раҳбари сифатида ўзининг биринчи навбатдаги вазифасини Франциянинг буюклигини ҳамда француз халқининг ўз келажагига бўлган ишончини тиклашдан иборат, деб англайди».
     Шу маънода, Франция Президенти қаламига мансуб «Революция» китобининг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўз юритиш мақсадга мувофиқдир.
     Биринчидан, китоб «Сўниб бораётган умидимизни қайта уйғотиш учун биз дунё воқелигига – у қанчалар кескин ва аччиқ бўлмасин – очиқ юз тутишимиз», деган жумла билан бошланади. Ҳаётий ва самимий руҳдаги шу иборанинг ўзиёқ китобхонни дарров ўзига жалб этади.
     Иккинчидан, Э.Макрон ўз китобида Франциянинг ҳозирги ҳолатига аниқ ташхис қўя олган. Бунда муаллиф ўз фикр-мулоҳазаларини дунё миқёсида юз бераётган тадрижий ва инқилобий ўзгаришлар, юзага келаётган турли муаммолар таҳлили билан ўзаро уйғунликда, ишонарли ва ғоят таъсирчан услубда баён этгани алоҳида диққатни тортади.
     Учинчидан, ушбу китобни мутолаа қилган французлар ўз Президентига «Сиёсат осмонида ўзининг адабий ва фалсафий қирралари ҳам ўта ёрқинлигини кўрсатган порлоқ метеорит», деган таъриф берадилар.
     Тўртинчидан, Э.Макрон «Революция» китоби мисолида қотиб қолган сўллар ва ҳеч кимга қайишмайдиган ўнг партия тарафдорларидан фарқли равишда учинчи йўлни танлаганини аён қилди. Яъни Франциянинг янги Президенти Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ва АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон каби ўзи учун мутлақо янги йўлни – ташаббуслару орзу-истакларга бой социал-либераллар йўлини кашф этди.
     Бешинчидан, Франция Президенти «Биз китобларда битилган билимларга, илму ирфон ва ҳикматларга риоя қилишимиз керак. Адабиёт – ободлигимиз ва фаровонлигимиз гарови», деган фикрни такрорлашни яхши кўради. Бу ғояни Э.Макрон ўзининг «Революция» китоби мазмун-моҳиятига ҳам чуқур сингдирган.
     Айни чоғда, Э.Макрон адиб эмас, балки сиёсатчи, давлат арбоби эканини унутмаслик лозим. Бир ўринда муаллифнинг ўзи ҳам ҳамма нарсага қодир Юпитер бўлишга даъвогар эмаслигини тан олган.
     Шу маънода унинг «Революция» китоби жаҳон адабиёти хазинаси дурдоналари қаторидан абадий жой оладиган адабий асар эмаслиги табиий ҳол. Ушбу китоб ҳақида ижобий фикрлар билан бир қаторда анчагина танқидий мулоҳазалар билдирилганини ана шу оддий ҳақиқат билан изоҳлаш ўринлидир.
     Э.Макрон китоби танқидчиларининг фикрича, авваламбор, асар номи билан мазмуни бир-бирига мос эмас. Яъни уларнинг даъвосига кўра, китобда инқилоб ҳақида ҳеч қандай сўз бормайди, ҳатто Э.Макрон илгари сурган фикр ва ғояларда ҳам инқилобий руҳ сезилмайди. Муаллиф сиёсатчидан ҳам рисоладагидек адиб чиқиши мумкинлигини исботлаган ва Жорж Помпиду услубида ижод қилган, холос.
     Танқидчиларнинг бошқа бир гуруҳи эса Э.Макроннинг китобида аниқликдан кўра мужмаллик кўпроқ, деган фикрни билдиради. Айни чоғда бундай мужмаллик фикрсизлик ёки ғоясизлик оқибатида эмас, балки муаллифнинг сиёсий стратегияси туфайли келиб чиққан. Нима бўлганда ҳам олқишловчилар ва танқид қилув­чилар битта фикрда ўзаро якдил: Э.Макрон ўз мақсадига эришишга астойдил интилмоқда.
     Президент Эммануэл Макрон томонидан Франция­да амалга оширилаётган комплекс ўзгаришлар Ўзбекистонда катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб борилаётгани бежиз эмас. Бинобарин, Президент Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда «Бу ўзгаришлар аввало, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятни янада бирлаштириш, давлат бошқаруви тизими ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, социал соҳани ривожлантириш каби устувор йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир».
     Шу нуқтаи назардан Франция Президентининг сиёсий ва иқтисодий дастури тўла ифода этилган ушбу китоби мамлакатимиз академик ва ишбилармон доиралари, олимлар ва амалиётчилар томонидан синчик­лаб ўрганилаётгани айни муддаодир.
 
 
Акмал САИДОВ,
академик

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.