Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиздаги тинч-осуда ҳаёт, ҳамжиҳатлик, миллий урф-одат ва анъаналар, ҳунармандчилик намуналари, халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик фазилатлари туфайли Ўзбекистон замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгалламоқда. Бу эса, ўз навбатида, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, республикага туристларни жалб қилиш ва ички туризмни ривожлантириш учун барча шарт-шароитларни яратиш, мавжудларини ривожлантиришга бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда. Дарҳақиқат, мазкур тармоқни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор иқтисодиётнинг муҳим манбаи ҳисобланиб, ЯИМни шакллантириш, бандликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда ҳам етакчи ўрин тутади.
Ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар Қашқадарё вилоятида ҳам ижобий натижаларини бермоқда. Яъни, аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирлар туфайли туризмнинг энг илғор, замонавий қирралари шакллантирилишига эришилмоқда. Энг муҳими, соҳанинг жадал тараққий этиши учун босқичма-босқич дастурий ҳаракатларни рўёбга чиқаришга киришилди.
Хусусан, 2016–2017 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури бўйича жами 95 та лойиҳадан 58 таси амалга оширилди. Шундан Қарши, Муборак, Нишон туманларида биттадан, Косон туманида иккита, Деҳқонобод ва Китоб туманида учтадан, Қарши шаҳрида 15 та, Шаҳрисабз туманида 12 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, меъморий обидаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари қамрови ҳам кенгайди. Бунинг натижасида сайёҳлик инфратузилмаси мустаҳкамланиб, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик маркетинги ва менежменти сифати ўзгаришига ҳамда халқаро туризм, меҳмонхона бошқаруви, хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатиш савияси ортишига эришилмоқда.Турли ички инвестициялар ва хорижий сармоялар жалб этилаётгани ҳам соҳада йирик лойиҳалар муваффақиятида муҳим омил бўлмоқда. Сайёҳларга хизмат кўрсатишдан тушаётган валюта мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Қолаверса, ҳудудларнинг иқтисодий имкониятлари ўсишида ҳам ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Чунки, чет эл валютаси туширилиши ҳисобига туризм иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожланишига ўзига хос ижобий таъсир қилади. Жумладан, минтақалар инфратузилмаси ҳамда янги иш жойлари яратилиши ҳисобига тарихий ва маданий объектлар тикланишининг катта имкониятлари юзага келтирилади.
Бозор муносабатлари шароитида эркин рақобат муҳити яратилиши, туристлар дидига мос меҳмонхоналар қуриш, тарихий ёдгорликлар рекламасига катта эътибор бериш, туризм сервисини такомиллаштириш, турли хил тадбирлар уюштириш туризмга бўлган талабларнинг ортишига ҳамда тармоқнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Ваҳоланки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатига жиддий эътибор берилаётгани ижтимоий-сиёсий фаолликка, маълум бир туризм омиллари шаклланишига билвосита таъсир кўрсатади. Қашқадарёликлар кайфиятидаги кўтаринкилик, шижоат ва бунёдкорлик иштиёқи кундалик амалий ишларда намоён бўлмоқда. Яъни, талаб-эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, туристик ресурслардан унумли фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатиш инфратузилмалари имкониятлари маҳаллий ва чет эллик сайёҳларга юқори савияда таклиф этилмоқда.
2016 йилда мавжуд маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларга ташриф буюрган сайёҳлар сони 348,5 минг нафарни ташкил этди. Шундан 13,5 минг нафари хорижий, 335 минг нафари маҳаллий сайёҳлар улушига тўғри келди. Мазкур ҳудуднинг бой тарихи ҳамда бетакрор иншоотлари, осориатиқалари, кўҳна маданияти дунё аҳлининг, маҳаллий ва хорижий олимларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади. Вилоят ҳудудида мавжуд кўплаб тарихий ёдгорликлар унинг қадим цивилизация бешикларидан бири эканлигига гувоҳлик беради. Қолаверса, тўрт фасл давомида ҳам қор билан қопланган тоғларидан қуйига қараб йўл олсангиз, кўзингиз турфа нодир дарахтлардан иборат бепоён ўрмонларга, уларнинг пойига тўшалган майсазор, яйловларга тушади. Тоғлар бағридан жилдираб оқаётган зилол булоқлар бирлашиб дарёларга айланади. Сўнгра қаршингизда мевалардан шохлари эгилган боғлар, пайкаллари тўла қут-баракали далалар, пахтазору ғаллазорлар намоён бўлади.
Туризм вилоятимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришда етакчи тармоқлардан бирига айланаётгани боис ҳам, дастур доирасида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш бўйича минтақалараро давлат инспекцияси тасарруфига кирган зиёратгоҳлар ва муқаддас жойлар мукаммал таъмирланиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган. Жумладан, Косон туманидаги «Ерқўрғон» археологик ёдгорлигини концервация қилиш, «Ҳукумдор саройи», «Зороастрия дахмаси», «Ҳукумдор мақбараси» қалъа деворлари, ўтиш кўприкларини ҳамда уларни тўлиқ кўриниш майдонини ташкил қилиш, Чироқчи туманидаги «Сийпантош» деворий суратларини тадқиқ этиш ва концервация қилиш, Яккабоғдаги «Ёдгор Валлома» мадрасасини реставрация қилиш лойиҳалари амалга оширилади. Бундан ташқари, вилоятнинг йирик туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 12 та тарихий-маданий объектларни қайта тиклаш, туризм инфратузилмаларини ривожлантириш, ҳудудда меҳмонхоналар, ресторанлар, сувенир дўконларини ташкил қилиш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.
Мазкур чора-тадбирларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, сайёҳларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш, туристик шохобчаларни кенгайтириш, туроператорлар фаолият кўламини ошириш, экотуризмни изчил йўлга қўйиш, табиий иқлим имкониятларидан кенг кўламда фойдаланиш, транспорт инфратузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш, таржимонлар ва экскурсоводларни жалб этиш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ярмига қадар вилоятда фаолият олиб бораётган 28 та туристик корхона томонидан хизмат кўрсатиш ҳажми 7,3 млрд сўмга ёки 112 фоизга бажарилди. Чет эллик сайёҳларга кўрсатилган хизматлар экспортидан тушган маблағлар 440,4 минг долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 135 фоиз ўсишга эришилди.
Бугунги қулайликлардан унумли фойдаланган ҳолда, ушбу соҳани ривожлантиришга астойдил киришилиб, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (метан, пропан) бўйича намунавий лойиҳалар асосида ташкил этилаётган ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра, жами 100 та (30 та метан, 70 та пропан) шохобча қурилмоқда. Муҳими, бугун юртимизда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзининг кўлами ва мазмуни билан мамлакат иқтисодиётининг барқарор суръатларда ривожланишига замин яратмоқда. Мазкур тармоқда фаолият юритаётган тадбиркорларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Жаҳон бозорига дадил кириб бораётган туристик хизматлар ва компаниялар сафи йил сайин кенгайиши натижасида, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилиш» дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Шаҳрисабз шаҳрида кичик ҳалқа йўли, Ипак йўли кўчалари қайта қурилиб, «Оқсарой», «Доруттиловат» ва «Доруссаодат» мажмуалари билан бирлаштирувчи сайилгоҳ ва пиёдалар йўли ҳамда кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилди. Амир Темур майдони ва «Ҳовузи Мардон» объектларини реконструкция қилиш, тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва ҳолатини яхшилаш, Маданият саройини капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бирин-кетин замонавий объектлар қурилиши, ишлаб чиқариш мажмуалари бунёд этилиши, мавжудлари замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланиши, хусусий тадбиркорликка, кичик бизнесга кенг имкониятлар яратилиши натижасида, туризм соҳасида 72 та архитектура, 167 та археология, жами 239 та маданий мерос объекти, битта музей, битта фольклор-этнографик ансамбль, иккита меҳмонхона, 30 та ресторан ва кафе, учта туроператор, 35 нафар ҳунарманд ва тадбиркорнинг фаолияти йўлга қўйилишига эришилди. Улар хорижий ва маҳаллий туристлар учун хизмат кўрсатмоқда. Мана шундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари Шаҳрисабзнинг нуфузини юксалтириб, вилоятнинг туризм соҳаси янада ривожланишига ва туристлар оқими кўпайишига замин яратмоқда.
Юртимизда туризмни ривожлантириш учун мустаҳкам асослар яратилганлиги, соҳа истиқболига мўлжалланган давлат дастурлари, қарорлар қабул қилинаётгани ушбу соҳанинг имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради. Муҳими, ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм инфратузилмалари фаолият кўламини кенгайтириш, хизматлар сони ҳамда сифатини ошириш, янги сайёҳлик йўналишларини жорий этиш билан биз, ўз олдимизга қўйилган дастуриламал вазифаларни муваффақиятли адо этишга эришамиз.
Зафар ЭРГАШЕВ,
вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси