Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида инқироз жараёнлари чуқурлашиб, дунё миқёсида харид талаби пасайиб бормоқда ва шунга мувофиқ тарзда хомашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобат йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Кўплаб ривожланган ва етакчи мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, рақобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда, иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқлари ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизациялаш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш талаб этилмоқда.
Бунда саноатни диверсификациялашда мамлакатимиздаги хомашё ва ресурсларга бой манбалардан оқилона фойдаланиш асосида юқори қўшимча қийматга эга бўлган юксак технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берадиган тўқимачилик саноатини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Тўқимачилик саноати корхоналари барқарор ривожланиши учун уни бозор муҳити динамикасига муваффақиятли мослаштириш лозим.
Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар кўламига қарамасдан, бу соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, тўқимачилик корхоналарида жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини яратадиган стратегияларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш, инновацияни жорий этиш муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, тайёр маҳсулот экспорти ва моддий-техника таъминотидаги узилишларга йўл қўймаслик, транспорт ва божхона тизимидаги бошқарув муносабатларини такомиллаштириш ҳамда саноат ҳудудларида тўқимачилик ускуналарини мақбул тарзда жойлаштириш зарур.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибига замонавий таъминотга эга 312 та корхона киради. Ушбу корхоналар ташқи бозорга калавадан тортиб, кенг ассортиментдаги тайёр маҳсулотларни етказиб бермоқда. Бунда замонавий дизайн ва юқори сифатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигига эришилаётгани қўл келмоқда. Айни пайтда, мазкур жамият корхоналари ўз маҳсулотларини дунёнинг 55 та мамлакатига экспорт қилмоқда ва бу кўлам мунтазам кенгайтирилмоқда. Масалан, ўтган йили МДҲ мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Канада ва қатор араб давлатлари бозорларига 157,1 минг тонна калава, 33 миллион квадрат метр ип газлама, 4,9 минг тонна трикотаж полотно, 148,1 миллион дона тикувчилик трикотаж буюмлари, 9,1 миллион жуфт пайпоқ экспорт қилинди.
Агар тўқимачилик ва енгил саноатнинг 2014–2020 йиллардаги ривожланишининг техник-иқтисодий прогноз кўрсаткичларига назар ташласак, яна беш йилдан кейин саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми салкам 7 триллион сўмни, 2013 йилга нисбатан эса 3,2 мартадан кўпроқни ташкил этиши кўзда тутилган.
Маълумки, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида тўқимачилик саноати корхоналарининг барқарор ривожланишини таъминлаш усулларидан бири – корхоналар хўжалик фаолиятини диверсификация қилиш орқали уларни бозор муҳити динамикасига мослаштиришдир. Корхона фаолияти умумий натижаларини барқарорлаштириш нуқтаи-назаридан диверсификация салоҳиятини адекват тавсифлаш ва юз бериши мумкин бўлган оқибатларини баҳолаш учун мазкур тадқиқотда турли илмий қарашлар – мамлакатимиз ва хорижий мактаблар нуқтаи-назаридан диверсификациянинг иқтисодий ҳодиса сифатидаги илмий таҳлили амалга оширилди.
Диверсификация кўпгина тушунчалар – кенгайтирилган ва тор тушунчалар билан таърифланади. Аксарияти бозорлар сегментлари тузилишининг дифференциаллашуви ва мураккаблашуви шароитида корхонани кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган стратегик йўллардан бири сифатида талқин этилади. Кенг маънода диверсификация кўп тармоқли ишлаб чиқариш ёки қимматли қоғозлар портфелини яратиш билан изоҳланади. Бу вазиятда ишлаб чиқаришни кўп тармоқли, яъни соҳалар фаолият турларини, эгалланган бозор сегментларини кенгайтиришга асосланувчи ишлаб чиқариш сифатида белгилашга асосий урғу берилади. Мазкур муаммолар билан шуғулланувчиларнинг диверсификация корхоналарнинг фаолияти кенгайишига боғлиқлиги ҳақидаги фикрларида ҳамжиҳатлик кузатилади. Фақатгина диверсификация деб таърифлаш мумкин бўлган кенгайиш миқёси ва диверсификацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқарувда адекват тизимларни шакллантириш борасидаги масалалар муҳокамага муҳтож.
Саноат тармоғидаги диверсификациянинг моҳияти шундаки, у мулкчилик шакли бўйича корхоналарга талаб ва таклифлар кескин ўзгариб турадиган ихтисослаштирилган бозорлар конъюнктурасига мослашиш имконини беради.
Саноат корхоналарини диверсификациялаш маҳсулотга қўйилаётган талабни ҳамда сарфланаётган капитал фойдалилигини ошириш, синергетик самарадан фойдаланишга интилиш, фаолиятни кам харажатли соҳага айлантиришдир. Диверсификация жараёнида қулай ва афзалроқ бўлган тармоқ ҳамда ишлаб чиқаришга капиталнинг оқиб ўтиши амалга оширилади. Яъни, бирорта бозорда корхона қийинчиликка учраши бошқасида ёки бошқа тармоқда имконият юзага келиши билан капиталнинг трансформацияси ҳисобига ушбу корхона ўз йўқотишларини қоплаши мумкин.
Диверсификация жараёни турлича, шу жумладан, техник жиҳатдан таснифланади. У техник ёки технологик тоифада, яқин ишлаб чиқаришни монополия қилиш доирасида бирлаштирувчи сифатида талқин қилинади; иқтисодий жиҳатдан – ишлаб чиқаришни ривожлантириш ёрдамида йирик корпорация маҳсулот турларини ўзгартириш йўли билан ўз фойдасини барқарорлаштиришга эришади. Ташкилий жиҳатдан эса, диверсификация йирик компанияни асосий фаолиятига тўғридан-тўғри ёки функционал алоқада бўлмаган кенгайтириш орқали ўз доирасидан чиқиши, бир хил маҳсулот тайёрлашдан кўп турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиши, банкротликнинг олдини олиши тушунилади.
Ишлаб чиқариш диверсификациялашувига етакчи тармоқ ихтисослашуви нуқтаи-назаридан ёндашилади. Яъни, асосий тармоққа алоқаси бўлган ёки аксинча йўналтирилган тармоқларнинг ўзаро ҳаракатда бўлиши назарда тутилади.
Бизнинг фикримизча, саноат корхоналари фаолиятини диверсификация қилиш янги маҳсулот (хизмат)ни ишлаб чиқаришни ҳисобга олиши лозим:
● янги технология қўлланган ҳолда. Янги маҳсулот истеъмолчилар учун қаратилган ёки ишлаб чиқарилаётгани билан бирга тайёрланади (горизонтал диверсификация);
● мавжуд технология асосида. Амалдаги технология асосида такомиллаштирилган янги маҳсулот ишлаб чиқарилади (марказлашган диверсификация);
● айни вақтда ишлаб чиқариладиган маҳсулот билан технологик жиҳатдан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш (конгломерат диверсификация).
Ўзбекистонда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ривожланишини, унинг юқори ва изчил ўсишини, макроиқтисодий барқарорликка қаратилганини таъкидлашимиз лозим. Бу жиҳатни, инқироз жараёни чуқурлашуви, дунё миқёсида харид қобилиятининг пасайиши ва жаҳон бозорида хомашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобатнинг йилдан-йилга кучайиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин.
Тўқимачилик саноати ривожланиши трикотаж-тикувчилик тармоғи фаолияти билан бевосита боғлиқ. Айни пайтда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар умумий ҳажмида тайёр трикотаж – тикувчилик маҳсулотлари улуши 23 фоизни ташкил қилади. Сифатли тикувчилик ва трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришда бошқа омиллар билан биргаликда инсон омили ҳам асосий ўринни эгаллайди. Маҳсулот сифати ва бозордаги талабнинг ортиши, энг аввало, маркетинг тадқиқотларига, қолаверса, дизайнер ва модельерларнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ.
Асосий муаммоларни ҳал этишга тўқимачилик саноатидаги ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси ҳам таъсир этади. 2015 йил ҳолатига кўра, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарининг 67 фоизи янги технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, 73 таси йигириш-тўқишга ихтисослашган, 71 тасида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Йигириш тармоғи корхоналарига хорижий инвестицияларнинг кенг кўламда жалб қилиниши ушбу тармоқда замонавий ускуналар билан жиҳозланган субъектлар ортишига сабаб бўлди. Замонавий чет эл технология ва ускуналари жалб этилиши эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш унумдорлиги ошишини таъминлади.
Замонавий бошқарувда стратегик менежмент назарияси ёндашувлари кенг тарқалган бўлиб, асосий қоидалар диверсификация нуқтаи-назаридан кўриб чиқилади. Бу назарияда амалга ошириш технологияси эмас, балки стратегияси аниқланиб, тавсиф берилганлигини таъкидлаб ўтамиз.
Умуман олганда, стратегия ҳаракатларнинг бош йўналиши бўлиб, унга риоя қилиш узоқ муддатли истиқболга, олдинга қўйилган мақсадга эришишни таъминлаши лозим. Мақсад белгилаб олингач, унга эришишни таъминловчи жорий стратегиялар таҳлили амалга оширилади. Мазкур таҳлил сотув ва фойда ҳажми бўйича Gap-таҳлил (вазиятлар таҳлили) амалиётидан ва ундан келиб чиқувчи стратегиялардан бошланади.
Таҳлиллар кўрсатишича, Андижон, Бухоро, Наманган ва Фарғона вилоятларида енгил саноат тармоқлари – тўқимачилик, тикувчилик ва чарм-пойабзал соҳаси яхши тарзда ривожланган. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида енгил саноат корхоналарини янада кўпайтиришга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, мамлакатимизда енгил саноат тармоғини ривожлантириш ва оқилона жойлашувини таъминлаш йўли билан муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар ижобий ҳал этилишига катта ҳисса қўшилади.
Иккинчидан, енгил саноатдаги таркибий ўзгаришлар натижасида унинг хомашё тайёрлашдан иборат бир томонлама мослашувига чек қўйилади, тармоқлар таркибидаги номутаносибликлар барҳам топади. Бу эса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни юқори даражага кўтаришга, аҳоли истеъмол талабини тўлароқ қондиришга имконият яратади.
Учинчидан, янги технологиялар асосида жаҳон бозори талабларига мос келувчи, истеъмол учун тайёр, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш орқали республикамизда валюта тушуми ўсишига эришилади.
Енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган қўшма ва хорижий корхоналарнинг кучли томонлари қуйидагилар: ишлаб чиқариш технологиялари юқори даражадалиги, ахборот технологиялари фаол қўлланилиши, ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилганлиги, ишлаб чиқариш ва операцион менежмент самарали йўлга қўйилганлиги, кадрлар савияси мунтазам ошириб борилиши – илғор технологияларга кўникмалар тезда ҳосил қилиниши, маҳсулот сифати юқорилиги, хомашё таъминоти ва тайёр маҳсулотларни сотиш тизими йўлга қўйилганлиги.
Бу корхоналарнинг заиф томонлари қуйидагилар: ходимларда олдинги тузумдан қолган хусусиятлар билан хорижликлар тажрибаси ўртасида тафовутлар мавжудлиги, маҳсулот сотишдан тушган тушум таркибида иш ҳақи харажатлари улушининг пастлиги, инсон ресурси ва билимлар менежментлари тизимига етарли амал қилинмаслиги, бренд менежмент тизими йўлга қўйилмаганлиги.
Йирик енгил саноат корхоналарининг кучли жиҳатлари: хомашё захиралари кўп бўлиши, юқори ишлаб чиқариш қувватлари, кенг ассортиментлардаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги, кўлам самараси, кўплаб иш ўринлари билан таъминлай олиши, ишлаб чиқариш жараёни ва операциялари самарали йўлга қўйилганлиги, кучли мутахассисларга эгалиги.
Йирик корхоналарнинг заиф томонлари: менежмент ва маркетинг тизими самарали қўлланилмаслиги, корхона мулкига нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш, инновацион фаолият йўлга қўйилмаганлиги, корхона капиталини шакллантиришда ишчи-ходимлар улуши пастлиги, ахборот технологиялари кам жорий этилганлиги, маҳсулотлар дизайни ва брендларга эътибор сустлиги.
Маълумки, корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигига таъсир этувчи омиллар ички ва ташқи омилларга бўлинади. Биз ташқи таъсир этувчи омилларни ҳам икки гуруҳга – Ўзбекистоннинг давлат сиёсати билан боғлиқ корхоналар фаолиятига таъсир кўрсатувчи омиллар ва халқаро майдондаги ўзгаришларга боғлиқ омилларга бўлишни таклиф этамиз.
Енгил саноат тармоғини самарали ривожлантириш ва шу асосида аҳоли турмуш даражасини ошириш учун қуйидаги омилларга эътибор бериш лозим:
● корхоналарни замонавий бозор стратегиялари ҳақидаги билимларга эга бўлган асосий бошқарув ва муҳандис-техник ходимлар билан таъминлаш;
● ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатдошлигини юқори даражага кўтариш;
● тайёр кийимлар дизайнини такомиллаштириш;
● модалар ва дизайн марказларини ташкил этиш;
● кийим, газмол, аксессуарлар, оёқ кийимларининг жаҳондаги мода йўналишларини ўрганиш билан шуғулланадиган миллий моделлаштириш марказини ташкил этиш;
● товар ишлаб чиқарувчиларнинг ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаларини ўрганиб, жаҳон бозорларига чиқишини рағбатлантириш;
● енгил саноат корхоналарини ривожлантириш учун аҳолининг капитал маблағлар киритишини рағбатлантирадиган ва кафолатли даромад олишига ишонч ҳосил қиладиган тизимни ишлаб чиқиш;
● корхоналарда меҳнатни ташкил этишнинг энг самарали, замонавий усулларидан фойдаланиш, улардаги меҳнат ресурсларини миқдор ва сифат жиҳатидан тартибга солиш;
● енгил саноатга фан ва техника ютуқларини кенг кўламда жорий этиш, хорижий инвестицияларни самарали жалб этиш ва уларда ресурслар тежамкорлигини таъминлаш;
● корхоналарда «билимлар иқтисодиёти» тушунчасини қўллашга жиддий эътибор қаратиш, аҳолининг тадбиркорлик қобилияти ва интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланишга эришиш.
Енгил саноат корхоналаридаги иқтисодий самарадорлик аҳоли турмуш даражасини оширишга қуйидаги кўринишларда таъсир этаяпти: ишлаб чиқариш харажатлари, меҳнат унумдорлиги, даромад, фойда, иш ҳақи ва ҳ.к.лар. Демак, корхоналар самарадорлигини ошириш ҳисобига аҳоли турмуш даражасини юксалтириш учун қуйидаги вазифалар ижросини изчил йўлга қўйиш лозим:
● корхоналарда хомашёдан фойдаланишда қатъий тежамкорликка амал қилиш;
● энергия ресусурсларидан самарали фойдаланиш;
● модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштириб бориш;
● соҳага самарали инвестицияларни жалб этиш;
● ички бозорни ўзимизнинг енгил саноат маҳсулотлари билан тўлдириш;
● енгил саноат маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш;
● корхоналарда қўшимча ишчи ўринлари яратиш;
● ишчи-ходимларнинг иш вақтидан самарали фойдаланиш;
● инқироз даврида ходимлар иш ҳақи ва даромадларини ошириш имкониятларини излаб топиш.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарши чора-тадбирлар дастурини амалга оширишда аҳоли ва енгил саноат корхоналари имкониятларини инобатга олиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш йўналишини ишлаб чиқиш лозим. Фикримизча, ушбу йўналишлар қуйидагилардан иборат:
● «аҳоли, яъни, ишловчиларнинг енгил саноат корхоналарига киритадиган ресурси фақат меҳнат», деган тушунчадан воз кечиш, аҳолининг бошқа ресурс турларидан: капитал, интеллектуал ва ахборот ресурсларидан енгил саноат корхоналарида самарали фойдаланиш;
● енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорликни ривожлантириш;
● янги ташкил этилаётган хорижий енгил саноат корхонасида ишловчилар (асосан, ёшлар)га замонавий технологияларда ишлаш кўникмасини сингдириш;
● тажрибали ишчилар фаолиятини хорижнинг янги ишлаб чиқариш технологиялари иш жараёнлари билан мувофиқлаштириш;
● корхоналарда меҳнат интизомига қатъий риоя қилинишига эришиш;
● самарадорликни оширишда қўшимча имкониятларни татбиқ этиш.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, саноат корхоналарида диверсификациялашни самарали йўлга қўйиш маҳсулот ва хизматлар сифати такомиллаштирилишига олиб келади. Чунки, ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулот турларини ўзлаштириши билан бир қаторда уларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга интилиши, пировардида сифат даражаси ўсишини таъминлайди. Бу эса, мазкур маҳсулот ва хизматлар сотиш ҳажмининг кўпайиши билан бирга уларни сотиш бозорларининг кенгайишига ҳам таъсир кўрсатади.
Шу жиҳатдан, тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқариш фаолиятини модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнлари ўзаро боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғун ҳолда қўлланилиши корхонанинг техник ва технологик жиҳатдан ривожланишига, молиявий ва иқтисодий имкониятларининг кенгайишига, барқарорлигининг ошишига олиб келади.
Акбар СУЛТОНОВ,
ТДИУ тадқиқотчиси