Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк Раисининг ўринбосари Беҳзоднинг маълум қилишича, 2021 йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10 фоиздан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.
2020 йилнинг II ярмидан бошлаб, тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарорлиги, истеъмол талабининг сустлиги ва умуман, ўзгарувчан макроиқтисодий шароитлар нархларнинг йиллик ўсиш суръатлари секинлашишига хизмат қилди. 2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоизга нисбатан секинлашиб, 11,1 фоизни ташкил этди.
Инфляцияга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши нисбатан юқори – 6,5 фоиз банд ҳисса қўшди. Мазкур товарлар гуруҳи бўйича инфляция умумий инфляция даражасидан анча юқори бўлди ва йил якуни бўйича 15,3 фоизни ташкил қилди.
2020 йилнинг IV чорагида иқтисодиётнинг тикланиш тенденцияси давом этди. Йил якуни бўйича кўплаб макроиқтисодий ва тармоқ кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банк базавий прогноз кўрсаткичларидан (1-1,5 фоиз) юқори бўлиши кутилмоқда.
Бу биринчи навбатда, 2020 йил январь-ноябрь ойларида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 0,7 фоизга (январь-сентябрь ойларида 2,7 фоизлик пасайиш бўлган), чакана савдо айланмасининг 2,4 фоизга, хизматлар ва қурилиш ҳажмининг мос равишда 2,2 ва 8,7 фоизга ўсиши билан изоҳланади.
Бундан ташқари, иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичлари ҳам макроиқтисодий кўрсаткичларнинг дастлабки прогнозлардан юқори бўлишини кўрсатмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг III-IV чоракларида Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми барқарор ўсиш динамикасига эга бўлди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг IV чорагида 2019 йилнинг мос чорагига нисбатан 1,3 барабарга ошди.
2020 йилнинг IV чорагида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган битимларнинг умумий сони ўтган чоракка нисбатан 17,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми қарийб 20 фоизга ошди.
Марказий банк томонидан иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар натижалари улар бўйича индексларнинг 2020 йил июль ойидаги пасайишидан сўнг III-IV чоракда яхшиланганлигини кўрсатмоқда.
2020 йилда миллий валютадаги депозитларнинг умумий ҳажми 25 фоизга (9,6 трлн. сўм), шу жумладан, жисмоний шахслар депозитлари 31,6 фоизга (4,1 трлн. сўм) ошди.
Йил якуни бўйича жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкаси 17 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича 14,4 фоизни ташкил қилди. Инфляция суръатининг пасайишини ҳисобга олганда, депозитлар бўйича реал фоиз ставкаси йил давомида жисмоний шахслар учун 5 фоиз ва юридик шахслар учун 3 фоиз атрофида шаклланди.
2020 йил IV чораги ва январь ойининг биринчи ярмидаги кўрсаткичларни ҳисобга олганда, макроиқтисодий шароитлар Марказий банкнинг базавий прогнозларига мувофиқ шаклланмоқда.
2020 йилдаги кўрсатилган фискал рағбатлантириш ва пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилиши таъсири 2021 йилнинг биринчи ярмида талаб томондан иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунда 2021 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 4,5-5,5 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.
2021 ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади.
Таъкидлаш жоизки, асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек, пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади.
“Марказий банк баҳолашларига кўра, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсишнинг базавий прогнозларини қўллаб-қувватлаш ва пул бозорида ижобий реал фоиз ставкаларни (3-4 фоиз даражасида) таъминлаш учун етарли ҳисобланади”, деди Марказий банк Раисининг ўринбосари Беҳзод Ҳамраев.