Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Transparency International халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Ташкилотнинг ёзишича, сўнгги ўн йил ичида 131 мамлакат коррупцияга қарши сезиларли муваффақиятга эриша олмаган.
Transparency International халқаро антикоррупция ташкилоти 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексини (CPI) эълон қилди. Унда Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон 100 балллик индекс бўйича (бу ерда 0 — коррупциянинг ўта юқори даражаси ва 100 — жуда паст даража) 28 балл тўплади. Шунингдек, Покистон, Мавритания ва Мьянма давлатлари ҳам Ўзбекистон билан бир хил балл тўплаган.
2012 йилдан бери Ўзбекистон минтақада ушбу индексда сезиларли юқорилаган давлатлардан бири бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон дунё миқёсида ҳам 5 йилда муҳим ўзгаришларга эришган давлатлар қаторидан жой олди.
Шарқий Европа ва Марказий Осиё ўртача 36 балл билан индексда иккинчи энг паст натижага эришган минтақа бўлди. Бу йил минтақанинг атиги учта мамлакати глобал ўртача 43 баллдан юқори балл тўплади: Грузия (CPI балл: 55), Арманистон (49) ва Черногория (46). Ўртача кўрсаткичдан юқори баллга эга бўлган Беларусь (41) ўтган йилга нисбатан 6 поғонага пастлади. Туркманистон (19), Тожикистон (25) ва Қирғизистон (27, ўтган йилга нисбатан 4 поғонага кам) минтақадаги энг ёмон кўрсаткич қайд этган мамлакатлар қаторида қайд этилди
Марказий Осиёда кўплаб сиёсий етакчилар ўтган йил давомида ҳуқуқлар ва жавобгарликка янги чекловлар киритиш учун COVID-19 дан тутун пардаси сифатида фойдаланган, Шарқий Европадаги популистик ҳукуматлар эса коррупцияни чақириш учун зарур бўлган сўз ва йиғилиш эркинликларини қаттиқлик билан босган, — дейилади Transparency International баёнотида.
Дунё бўйича
Дунё давлатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи (68%) 50 баллдан паст балл тўплаган ва ўртача глобал кўрсаткич — 43 балл даражасида бўлиб қолмоқда. 2012 йилдан бери 25 давлат ўз балларини сезиларли даражада яхшилаган, 23 та давлат рейтинглари эса сезиларли даражада пасайган.
Қайд этилишича, сўнгги ўн йил ичида 131 мамлакат коррупцияга қарши сезиларли муваффақиятга эриша олмади. Бу йил 27 мамлакат ўзларининг CPI рейтингида тарихий энг паст даражасини қайд этди.
Бу йил рейтингнинг энг юқори учлигидан Дания, Финляндия ва Янги Зеландия ўрин олиб, уларнинг ҳар бири 88 баллдан тўплаган. Норвегия (85), Сингапур (85), Швеция (85), Швейцария (84), Нидерландия (82), Люксембург (81) ва Германия (80) кучли 10 таликни якунлади.
Жанубий Судан (11), Сурия (13) ва Сомали (13) индекснинг энг қуйи поғонасида қолмоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, қуролли тўқнашувлар ёки авторитаризмни бошдан кечираётган давлатлар паст балл тўплаган. Венесуэла (14), Афғонистон (16), Шимолий Корея (16), Яман (16), Экваториал Гвинея (17), Ливия (17) ва Туркманистон (19) шулар жумласига киради .
«Бутун дунёда коррупцияга қарши кураш тўхтаб қолар экан, инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳам ҳужум остида. Бу тасодиф эмас. Бизнинг сўнгги таҳлилимиз шуни кўрсатадики, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш коррупцияга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга: фуқаролик эркинликлари яхши ҳимояланган мамлакатлар CPI бўйича одатда юқори балл олади, фуқаролик эркинликларини бузган мамлакатлар эса пастроқ балл олади, дейилади халқаро антикоррупция ташкилоти хабарида.
Ташкилотнинг ёзишича, глобал COVID-19 пандемияси кўплаб мамлакатларда асосий эркинликларни чеклаш ҳамда муҳим назорат ва мувозанатларни чеклаш учун баҳона сифатида ишлатилган.