Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2000 йил бошларидан аёллар тадбиркорлигига инновациялар ва иқтисодий ўсишнинг муҳим манбаси сифатида қараб келинмоқда. Хусусан, АҚШда аёллар тадбиркорлиги венчур бизнесининг энг тез ривожланаётган тармоғи дея тан олинган. Мутахассислар фикрича, аёллар тадбиркорлиги иқтисодий ривожланишнинг тезлашиши ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ҳам аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Аёлларга бошланғич сармоя учун ва солиқ ставкалари борасида бир қанча имтиёзлар берилган.
Жаҳон банки томонидан ўтказилган «Doing Business 2020» анъанавий рейтингида айни йўналишда Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллаб, 2019 йилги рейтинг билан таққослаганда, 7 поғона юқорилаган. Бу қувонарли, албатта. Лекин айни пайтда таҳлиллар мамлакатимиз аёллари ўртасида муваффақиятли тадбиркорлар сафи у қадар кенг эмаслигини кўрсатмоқда. Шунга кўра аёллар тадбиркорлигини танқидий баҳолаш, уни ривожлантиришга таъсир этувчи ва тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганиш долзарблик касб этаётир.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўттиздан ортиқ ривожланаётган давлатларда хусусий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор изланишлар ва ижтимоий сўровномаларни ўтказади. Шу тариқа асосан меҳнат бозоридаги ҳолат, гендер масалалари ва тадбиркорликдаги муаммолар аниқланади.
ЕТТБ ва Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон ҳудудида жами 1500 дан ортиқ уй хўжаликлари тадқиқ этилган. Респондентларнинг 41,5 фоизи шаҳар, 58,5 фоизи қишлоқ аҳолиси ҳиссасига тўғри келади ва уларнинг 48 фоизи эркаклар, 52 фоизи аёллардан иборат.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аёлларнинг 25 фоизи ўз ишидан жуда мамнун, 65 фоизи мамнун, қолганлари эса умуман мамнун эмас. Қизиғи, эркакларга нисбатан аёллар мавжуд ишидан ва ҳолатидан кўпроқ рози. Буни муайян сабаблар билан изоҳлаш мумкин:
● аёллар эркакларга қараганда мавжуд ҳолатларга кўникувчан;
● аёллар учун иш жойи ва даромади бўлса бас, иш шароитлари, иш ҳақи миқдори қизиқтирмайди, улар бу масалаларда у қадар талабчан эмас.
Сўровда иштирок этган 93 фоиз эркаклар ва 97 фоиз аёллар хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлиги мамлакат тараққиётининг муҳим жиҳати эканини қайд қилишган. Лекин шу билан бир қаторда аёлларнинг оиладаги мавқеи, бола парваришлаш ва оиланинг катта аъзоларига хизмат кўрсатиш каби вазифаларига бирламчи урғу берилишини инкор этиб бўлмайди. «Ҳамма учун эркак пул топиш билан банд бўлса, аёл уй-рўзғор ва бола тарбиялаш билан шуғуллангани яхши» деган фикрга 86 фоиз эркаклар ва 80 фоиз аёллар қўшилгани бунинг исботидир.
«Тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳаракат қилганмисиз?» деган саволга эса 13 фоиз эркак ва 4 фоиз аёл тадбиркорлик билан вақтинча шуғулланаётганини, 4 фоиз эркак ва 2 фоиз аёл ўтмишда тадбиркорлик қилганини, 5 фоиз эркак ва 3 фоиз аёл тадбиркорлик билан шуғулланишга уринганини ва бу муваффақиятли бўлганини ҳамда 78 фоиз эркак ва 91 фоиз аёл ҳеч қачон бизнесга интилмаганини айтиб ўтган.
Кўриниб турибдики, аҳолининг, шу жумладан, аёлларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти билан банд бўлиш ҳақида ўйламаган ва ҳаракат қилиб кўрмаган. Бунинг асосий сабаби нимада? Балки республикада тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида аҳолига етарли ахборот берилмаётгандир. Ёки бу имкониятлардан фойдаланишда қандайдир тўсиқлар мавжудми?
«Тадбиркорликни юрита олмаганингиз асосий сабаблари нима?» деган саволга аёл респондентлар асосан иккита муаммони қайд этдилар: бошланғич капиталнинг етишмаслиги (46 фоиз) ва рақобатчиларга тенг келолмаслик (42 фоиз). Қолаверса, кўпгина хотин-қизлар тадбиркорлик имкониятларини фақат чакана савдода кўрмоқдалар.
Бу муаммонинг асл негизи, бизнингча, уларнинг маълумот даражаси, билим ва дунёқарашига боғлиқ. Бинобарин, аёл респондентлардан 43 фоизи ўрта маълумотлилар, 36 фоизи ўрта-махсус маълумотлилар, 1 фоизи бакалавр даражасига эга.
Азиза ИРМАТОВА,
тадқиқотчи, и.ф.н.