Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистон билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли шериклик руҳидаги самарали муносабатларни ривожлантираётган давлатлар орасида алоҳида ўрин тутади. Ушбу ҳамкорликка асос солинганига қарийб ўттиз йил тўлди. Ўтган йиллар мобайнида икки мамлакат ўртасида юқори даражадаги бир қатор сиёсий мулоқотлар ўтказилиб, мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди ва парламентлараро, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кўлами кенгайди.
Журналимиз меҳмони – Германия Бундестагининг «ГФР-Марказий Осиё» гуруҳи раиси Манфред ГРУНД билан суҳбат икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг моҳияти ва аҳамиятига доир савол билан бошланди.
– Жаноб Грунд, аввало, вақтингизни аямасдан, журналимиз учун интервью беришга рози бўлганингиз учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Мулоқотимиз бошида ўтмишга, яъни Ўзбекистон билан Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган сана – 1992 йил 6 мартга қайтсак. Ўтган вақт мобайнида Германия мамлакатимизнинг ишончли ҳамкорларидан бирига айланди. Сизнинг фикрингизча, ўзаро муносабатлар ривожланишининг қарийб ўттиз йили ичида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик яхшиланди? Марҳамат қилиб, турли соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий, институционал механизми ҳақида батафсилроқ тўхталсангиз.
– Германия ва Ўзбекистон 1992 йилдан буён икки томонлама муносабатларни барқарор ривожлантириб келмоқда. Ўзбекистон Германия Европа Иттифоқининг 2019 йилги «ЕИ ва Марказий Осиё: янги ҳамкорлик стратегияси» стратегияси доирасида ҳукуматлараро битимлар асосида яқиндан ҳамкорлик қилаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги муҳим савдо ҳамкоридир. 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 900 млн. евродан ортиқни ташкил қилди. Бундан ташқари Ўзбекистонда Германиянинг кўплаб компаниялари муваффақиятли фаолият кўрсатиб турибди, улар орасида Ўзбекистондаги асосий немис инвесторлари – MAN, Knauf, Gühring, Claas ва бошқалар бор. Шунингдек, 2019-2020 йилларда икки мамлакат ўртасида таълим, маданият, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги алоқалар сезиларли даражада кенгайди. Ишончим комилки, 2021 йилда ушбу йўналишлар бўйича олиб борилаётган ишлар янада фаол ва самарали давом этади.
– Маълумки, Германия парламентида Сиз раҳбарлик қилаётган «Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё» гуруҳи 1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. «ГФР–Марказий Осиё» гуруҳининг фаолияти, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида ўқувчиларимизга маълумот берсангиз. Дарҳақиқат, бу мамлакатимизнинг кенг жамоатчилиги учун жуда қизиқ.
– Германия Бундестагининг сиёсий алоқалари хорижий мамлакатларнинг миллий парламентлари билан фаол ривожланмоқда ва ҳозирги кунда икки томонлама ва кўп томонлама алоқалар форматидаги ҳамкорлик 47 та парламент дўстлик гуруҳи, жумладан, Ўзбекистон билан бир қаторда унга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Мўғулистон ҳам аъзо бўлган «Германия-Марказий Осиё» парламент гуруҳи билан йўлга қўйилган.
Бу гуруҳларнинг асосий вазифаси – бир ёки бир неча ҳамкор давлатларнинг парламент институтлари билан узлуксиз мулоқотни кучайтиришдан иборат. Аввало, бу бошқа парламентлар аъзолари билан ахборот ва фикрлар алмашувидир. Ўзбекистонда биз Олий Мажлисдаги ҳамкасбларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилаяпмиз. Жамоавий баҳс-мунозаралардан ташқари дўстлик гуруҳлари томонидан халқаро воқеаларнинг ривожланиши, ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг турли масалаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш мақсадида ҳукумат ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади. Бундан ташқари демократик парламент тузилмаларига кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, инқирозларнинг бартараф этилишига ҳисса қўшиш ва Федерал ҳукуматнинг ташқи сиёсати устидан парламент назорати – барча ушбу йўналишлар ҳам парламент дўстлик гуруҳларининг ишида алоҳида ўрин тутади.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасидаги парламентлараро алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Мазкур жараённинг вакили ва фаол иштирокчиси сифатида, Сизнинг назарингизда, қонун ижодкорлиги амалиётидаги ҳамкорлик ва парламентлар ўртасида тажриба алмашишнинг самарадорлиги қандай?
– Дарҳақиқат, сўнгги вақтда Ўзбекистон Республикаси Парламентининг депутатлари билан ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Масалан, 2019 йилда ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг турли мавзуларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентдаги ҳамкасбларимиз олдига ташриф буюриш имкониятига эга бўлдик. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси ва Берлиндаги элчихонаси билан ҳам яқин алоқадамиз. Умид қиламанки, пандемия инқирози ниҳоясига етгач, Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан сиёсий ва парламентлараро мулоқотни бу йил сифат жиҳатидан янги даражада давом эттира оламиз.
– Сиз мамлакатимизга кўп бора ташриф буюргансиз. Демакки, Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлардан, нафақат сиёсий, балки барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши бохабарсиз. Бугун Учинчи Ренесансга интилаётган Ўзбекистоннинг дунёда ва минтақада тутган ўрни, у эришаётган натижалар ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Ҳа, мен Ўзбекистон тараққиётининг турли даврларида бу ерга бир неча бор ташриф буюрдим ва шу боис мамлакатингиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан бери, айниқса, ўтган 4-5 йил давомида у қанчалик тез ўзгарганини ўз кўзим билан кўриш имкониятига эга бўлдим. Ўзбекистон ўзининг қулай географик ўрни туфайли минтақавий масалаларда муҳим роль ўйнайди. Бироқ Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг мамлакатни бошқариш ва қарорлар қабул қилиш фақат бир шахс томонидан амалга оширилди, бу эса мамлакат ва жамият тараққиётининг демократик тамойиллари бузилишига олиб келди.
2016 йил декабрь ойида мамлакат раҳбариятининг ўзгариши асносида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни янгиланаётган давлат сифатида намоён этиб, мамлакатда иқтисодий нуқтаи назардан ташқи дунёга очишга қаратилган ислоҳотлар бошланганлигини эълон қилди ва ички минтақавий муносабатларни ҳам, потенциал ҳамкорлар, жумладан, Россия, Европа ва Хитой билан муносабатларни ҳам яхшилади. Энергия ва сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ трансчегаравий низолар аста-секин ҳал этилмоқда. Яхши қўшничилик ва ўзаро тушуниш янги сиёсати туфайли Марказий Осиё ҳозир кескин ўзгариб, янада жипслашмоқда, очиқ ва ишончли бўлиб бормоқда. Албатта, мамлакатнинг эркинлашуви ва очилиши халқаро ҳамжамият томонидан ёш республикага бўлган қизиқишнинг ошишига хизмат қилади ва Ўзбекистон халқи бундан фақат фойда кўради.
– Ўз навбатида янги Ўзбекистонда сизнингча, қайси соҳаларда қандай ўзгаришларга эҳтиёж сезилмоқда?
– Турли соҳалардаги ислоҳотларда яққол ўсишга эришилганига қарамай назаримда, бир йўналишдаги ислоҳотларнинг амалга ошиши суст суратда кечмоқда – бу сиёсий ислоҳотлар соҳасидир. Умид қиламизки, яқин келажакда сиёсий ислоҳотлар ҳам авж олади. Янада кучлироқ ҳуқуқий тизим ва кўп партияли тизимга эга бўлган демократик жамият – Янги Ўзбекистонни мен ана шундай тасаввур қиламан.
Шунга қарамай Германия ҳам, Европа ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун жиддий асосларга эга. Очиқ жамиятни ривожлантириш учун энг долзарб бўлган соҳаларга: сиёсий рақобатни ривожлантириш, юқорида айтиб ўтганимдек, очиқ мунозараларни қўллаб-қувватлаш, жамоатчиликнинг мустақил иштирокини рағбатлантириш ва ислоҳотларда халқнинг ҳақиқий иштирокини таъминлашга устуворлик берилиши керак.
– Хабарингиз бўлса керак, бу йил октябрь ойида Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқелик – Президент сайлови бўлиб ўтади. Билишимизча, Сиз юртимизда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этгансиз. Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг сайлов институти ҳақида шахсан қандай фикрдасиз?
– Ҳа, бу йил Ўзбекистонда ўз сиёсий тизими учун янги синов бўладиган президент сайловлари ўтказилади. Мамлакат сиёсий ислоҳотларни жадаллаштириши ва янада очиқ ва плюралистик сиёсий тизимни жипслаштириш йўналишида ишлаши керак. Иккинчи томондан, Ўзбекистон ўз сайлов қонунчилигини ва ОАВ тўғрисидаги қонунларини эркинлаштириши лозим, бу унинг назорат қилинадиган сиёсий тизимни янада очиқ қилиши, Ғарбнинг Ўзбекистоннинг демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузи борасидаги салбий айрим фикрларини юмшатиши мумкин. Умуман олганда, менинг прогнозларим оптимистик.
– Суҳбатимиз сўнггида мавзудан бироз четлашсак. Ўзбекистоннинг кўп йиллик дўсти ва меҳмони сифатида юртимизнинг сизга ёққан жиҳатлари, шунингдек, халқимизнинг қайси фазилати ёки урф-одатлари, анъаналари эътиборингизни тортиши тўғрисидаги фикрингизни билишни истардик.
– Ўзбекистонда жуда кўп қизиқарли нарсаларни кўриш ва халқингиздан кўп фазилатларни ўрганиш мумкин. Бу табиат, маданият, ошхона, кўп асрлик анъаналар нуқтаи назаридан ажойиб мамлакатдир ва шунинг учун кўплаб ажойиб сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Мен ўз юртдошларимга Ўзбекистонга ташриф буюриб, унинг маданияти ва одамлари билан яқиндан танишишни қатъий тавсия қиламан. Менга ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси объектлари – Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари жуда ёқади. Қадимги Ипак йўлида жойлашган бу қадимий шаҳарлар бой ва қудратли маданий меросга эга бўлиб, жаҳон цивилизацияси учун улкан тарихий аҳамиятга эга.
– Самимий ва очиқ суҳбат учун ташаккур.