Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати Жевдет ЙИЛМАЗ давлат сиёсий элитасида ва халқ орасида обрўли шахслардан бири. У Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг яқин сафдошларидан ҳисобланади. Ривожлантириш, барқарор тараққиёт соҳаларида халқаро миқёсда танилган тажрибали мутахассис.
Журналимизнинг нуфузли меҳмони Ўзбекистонда расмий ташриф билан кўп маротаба бўлган. Табиийки, суҳбатимиз аввалида камтарин ва зиёли бу инсоннинг юртимиз ҳақидаги ёрқин таассуротларини билишга уриндик.
– Жаноб Йилмаз, Ўзбекистоннинг қадрдон дўстларидан бири саналган Сиздай инсон билан суҳбатлашиб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Сиз юртимизга бир неча бор келган экансиз. Ўлкамизнинг айнан қаерларида бўлдингиз? Сизни Ўзбекистоннинг нимаси кўпроқ мафтун этди? Халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари… булар билан ҳам қизиққан бўлсангиз керак?
– Ўзбекистонга турли даврларда ташрифларим бўлган. Улар давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари билан яқиндан танишдим. Хусусан, Тошкентдан Самарқандга тезюрар поезд билан борганимизда йўл бўйлаб ўзим учун янги бир қанча жозибали ҳудудларни ҳам кашф этдим. Ўзбекистонда мени энг кўп таъсирлантиргани – бу мамлакатингизнинг тарихий-маданий бойлиги. Тошкентда ҳам, Самарқандда ҳам Ўзбекистоннинг шарафли ўтмишидан ҳикоя қиладиган жуда кўп жойларни кўрдим. Бутун Ислом дунёси учун жуда муҳим бўлган Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби уламоларнинг мақбараларини зиёрат қилиш қалбимда бошқача ҳиссиётлар уйғотди. Амир Темур, набираси Улуғбек каби давлат бошқаруви ва илмни бирлаштирган буюк тарихий шахслар – улар билан ҳар қанча фахрланса, оз.
Тарихий ва маданий муҳит билан биргаликда қардош элнинг бағрикенглиги менга кучли таъсир қилди. Иш юзасидан ташкил этилган расмий учрашувларда ҳам, кўча-кўйда ва бозорларда фақат очиқ чеҳра, истарали кишиларни кўрдим. Шу боис ҳам ўзимизни ўз уйимиздагидек ҳис этгандирмиз. Бу ҳиссиётлар бизнинг Анадолу ва Ўзбекистон ўртасида чуқур ва кучли ришталар мавжудлигини англашимга сабаб бўлди. Тил ва тарихий бирликдан ташқари маиший урф-одатлар, ҳатто стереотиплар ҳам нақадар яқин эканлигига шоҳид бўлдим. Географик жиҳатдан бироз йироқда яшасак ҳам, кўнгилларимиз жуда яқинлигини, аслида ҳар биримиз айни тамаддунга мансуб эканлигимизга ишончим ортди.
– Ўзбекистон ва Туркияни боғлаб турадиган жиҳатлар кўп. Тилимиз ва тарихимизнинг муштараклиги, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ўхшашлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Юртимизда бўлган чоғингизда халқларимиз ўртасида яна қандай ўхшашликларни кузатдингиз?
– Хаёлимга келган илк ўхшашлик – бу меҳмоннавозлик, мусофирга бўлган илиқ муносабат. Ўзбекларнинг самимийлиги ва жўмардлиги таҳсинга сазовор. Бундан ташқари ҳар икки халқнинг ҳам ҳаётида маънавиятнинг аҳамияти катта эканлигини кўрдим. Дастурхон устидаги дуолару саломлашувга қадар кундалик ҳаётга сингиб кетган анъаналарда бир эътиқодга шоҳид бўлдим. Яна бир ўхшашлигимиз бу тарихий шахсларга, айниқса, илмли инсонларга бўлган юксак ҳурмат-эътибордир. Юқорида айтганимдек, ўхшашликлар шу қадар кўпки, ўзимни Ўзбекистонга ҳеч ҳам бегона, деб билмадим.
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида нима дейсиз?
– Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлардан жуда таъсирландим. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари етакчилигида рўй бераётган янгиланиш жараёнида мамлакатнинг дунёга очилаётгани, миллий иқтисодиётда бозор қонунлари амал қила бошлагани эътирофли жиҳатдир. Кучли раҳбарлар фақатгина бугунни эмас, балки келажакни ўйлаб фаолият юритадилар. Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни XXI асрда янада фаровон ва кучли давлатга айлантиришга бел боғлаганини ҳар соҳада кўриш мумкин.
Бундай жадал ва очиқ ислоҳотлар мамлакат ичкарисида тадбиркорликни ривожлантириш билан биргаликда чет эллардан хорижий сармояни жалб этишда ҳам катта роль ўйнамоқда. Айниқса, замонавий дунё билан мутаносиб ташкилотларнинг тузилиши ва қонунчиликнинг янгиланиши мамлакатда мавжуд бўлган баъзи ноаниқликларни бартараф этмоқда ҳамда хорижий сармоя учун жозибадор муҳитни шакллантирмоқда. Таълим тизимига, ижтимоий инфратузилмага киритилаётган сармоялар айнан мамлакат келажаги учун хизмат қилади.
Бугун дунёда қатор мамлакатларда кучли ислоҳотчи раҳбарларга эҳтиёж мавжуд. Ўзбекистоннинг бу борада худди Туркия каби омади келган. Жаноб Мирзиёев ҳам, Жаноб Эрдоған ҳам ўзгаришлардан чўчимайдиган қатъиятли раҳбарлардир. Узоқни кўра биладиган бундай лидерлар белгилаб берган марралар ва уларнинг ғайрат-шижоати давлатларимиз учун сармоявий жозибадорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Оддий мисол, қаерга борсак ҳам – Тошкентгами, Самарқандгами – азми бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилганини кўрдик, қатор соҳаларда жадал ривожланиш жараёнига дуч келдик.
– Айтиш керакки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон – Туркия муносабатлари динамик тарзда ривожланмоқда ва ўсиш тенденцияси ҳамкорликнинг барча жабҳасида кўзга ташланмоқда. Ўзаро алоқалар икки давлат парламентлари ўртасида ҳам жонланди, тўғрими? Хўш, парламентлараро ҳамкорликнинг самараси қандай бўлмоқда? Бу кутилган натижани бераяптими?