(O´zbek) Қурилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаcи

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасини барча соҳада, инчунун, шаҳарсозликнинг мутлақо янги ечимлари амалий исботини топаётган мамлакатимиз қурилиш бозорида ҳам яққол кўриш мумкин. Бунда ноёб маҳорат ва тажрибаларини намоён этаётган турк пудратчилари ва қурув­чиларининг ўрни алоҳида эътирофга лойиқ. Зотан, Американинг ENR (EngineeringNewsRecord) журнали томонидан тузилган етакчи халқаро пудратчилар рейтингида юқори ўринларни банд этган 100 та энг йирик халқаро пудратчининг 15 таси Туркияда жойлашган.
     “Özgüven” компанияси таъсисчиси Onur Özgür ÖZGÜVEN билан суҳбатда Туркиянинг қури­лиш бизнеси Ўзбекистонда қандай ишлаётгани ҳақида атрофлича сўз юритамиз.
 
     – Суҳбатимиз аввалида компаниянгиз ҳақида маълумот берсангиз: у қачон ташкил этилган ва ҳозирга қадар юртингизда ҳамда бошқа давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда қандай лойиҳалар амал­га оширилди?
     – Компаниямиз 2004 йили ташкил этилган. Акам Uğur Özer Özgüven лойиҳа-архитектура бўлимига раҳ­барликни ўз зиммасига олди, мен эса бизнесимизнинг ишлаб чиқариш-қу­рилиш соҳасига бошлиқ бўлдим, шу тариқа, мана бугунга қадар бирга ишлаб келяпмиз. Туркиядаги анъанавий меъморий компаниялардан фарқли ўлароқ, биз эътиборни ўз меъморий-дизайнерлик ечимларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тайёр лойиҳаларга янги қизиқарли элементларни киритиш, ишимизнинг сифат кўрсаткичларини оширишга қаратдик. Бу эса «Özgüven»га Туркия­да лойиҳа­ларнинг энг кўп сонини амалга оширувчи компаниялардан бири бўлиш имконини берди. Ҳо­зирда Туркия бўйича буюртмалар портфелимиз 400 дан ортиқ имзоланган лойиҳа­ларни ўз ичига олган бўлиб, улар орасидан Истанбул молия маркази биз учун энг нуфузли лойиҳа ҳисоб­ланади. Аммо биз ма­ҳаллий лойиҳалар билан чекланиб қолмай­миз, бошқа мамлакатлардан ҳам объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш учун буюртмалар қабул қиламиз. Масалан, Жазоирдаги ша­ҳарсозлик ишларида фаол иштирок этдик, шундан сўнг биз ўзимизнинг иккинчи Ватанимиз, деб ҳисоблай­диган Ўзбекистоннинг қурилиш майдонларида иш бошладик. Мамлакатингизда компаниямиз иш­ти­рокида шакллантирилган энг катта лойиҳалар – бу Gardens Residence, Boulevard ва албатта, Tashkent City Park ва Nest One бўлиб, улардан биз 3 та лот муаллифлари ҳисобланамиз, 4-лот – Nest Oneни эса фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида қу­раяпмиз. Шунингдек, 138 кун ичида Сергели туманида 1200 та арзон уй-жойни қуриб, фойдаланишга топширдик, Сирдарё вилоятида 4 мингта уй-жой қурилиши ниҳоясига етмоқда. Айни пайтда пойтахт туманларида, Термиз шаҳрида яна бир неча инфратузилма объектлари қу­рилиши давом этмоқда. Бугунги кунга келиб компания томонидан Ўзбекистонда жами 10 мингта уйни қуриш учун шартнома имзоланган.
     – Компаниянгиз ва маҳаллий «Murad Buildings» ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида биринчи NestOne осмонўпар биноси қад кўтарди. Сизнингча, мамлакатимиз учун ноёб бўлган бундай иншоотни барпо этишда ушбу ҳамкорликнинг ўрни ва қиймати қандай?
     – Аввало, Ўзбекистонда мамлакат келажагининг тимсолига айланадиган NestOne лойиҳасидек стратегик муҳим лойи­ҳада иштирок этиш биз учун катта фахр ва шараф. Биламизки, келгусида NestOne Ўзбекистонда чуқур ўзгаришлар рамзларидан бири сифатида қабул қилинади. Даст­лаб, бизни лойиҳага ЕРC-контрактор сифатида таклиф этишди. Маълумки, NestOne билан ўхшаш лойиҳа мавжуд эмас. Бизга «Murad Buildings» компаниясидан ушбу лойиҳа бўйича инвестицион таклиф тушганида, биз янги Ўзбекистонга бўлган ишончимиз туфайли унда иштирок этишимиз керак, деб ўйладик. Инвестиция киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган илк кундан бошлаб лойиҳани ноёб, дунёдаги ҳар қандай бошқа машҳур объектларга ўхшамайдиган қилиб қуриш зарурлигини инобатга олган ҳолда ишга киришдик. Бу лойиҳа нафақат Ўзбекистоннинг, балки мамлакатларимиз ҳамкорлигининг ҳам келажагига ҳисса қўшишини, халқ­ларимиз ўртасидаги дўстликни мус­таҳкамлашини орзу қиламиз. Бугунги кунда мен NestOne дунёдаги энг ноёб концептуал осмонўпар бино сифатида кўрсатилади, дейишим мумкин. Ҳамкоримиз «Murad Buildings» компанияси билан лойиҳа­ни амалга ошириш жараёнида яхши меҳнат муҳитини яратишга эриша олдик, чунки бизни умумий интилиш ва мақсадлар, маданият, анъаналарнинг яқинлиги ва ҳатто лойиҳанинг келажагини кўриш ҳисси ҳам бир­лаштирди.
     – Қурилиш бозоримизда ҳозирча хорижий компаниялар унчалик кўп эмас. Компаниянгизнинг юртимизга кириб келиш жараёнлари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтсак?
     – Компания сифатида Ўзбекистонга бундан уч йил олдин кириб келганмиз. Биз якунлаган дастлабки иш Gardens Residence турар-жой маж­муаси лойиҳасининг меъморий дизайни бўлди, сўнгра Boulevard ло­йиҳасини амалга оширдик, Tashkent City Park қурилишида ҳам иштирок этдик. Параллел равишда, юқорида келтирганимдек, Сергели туманида арзон уй-жойлар қурилди… Шу та­риқа Ўзбекистон менинг иккинчи уйимга айланди: мен ҳар ойнинг бир ҳафтасини шу ерда ўтказаман, қолган вақтда ватанимда бўламан.
     – Бутун дунёда турк қурув­чилари йирик ва баъзан энг мураккаб лойиҳаларни амалга ошир­моқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқ­даки, турк қурилиши ҳамма вақт сифатли натижа беради. Қандай бизнес сирлари турк компанияларига жаҳон қурилиш бозоридаги юқори даражали рақобат шароитида бундай муваффақиятли ва барқарор бўлиш имконини бер­моқда?
     – Туркияда турли иқлим шароити ва тупроқ тузилмаларида иш олиб борамиз, барқарор конструкциялар ишлаб чиқарамиз ва уларни денгиз­да, серботқоқ ҳудудларда ва биринчи даражали зилзила зоналарида ўрнатамиз. Шу билан бирга шаҳар­созликдаги жаҳон тенденциялари, янги қурилиш технологиялари ва материалларининг пайдо бўлиши, уларни қўллаш ва инвестициялаш имкониятларини кузатиб борамиз, айни пайтда лойиҳаларни ишлаб чи­қишда биз гўёки келажакка кўчирилган ўз ишимизни олдиндан кўра биламиз. Бундай омиллар қурилиш соҳасидаги кучли мамлакатнинг нуфузини оширади. Шу билан бирга Туркия қулай жойлашуви жиҳатидан ҳам, қурилиш технологиялари ва компанияларнинг катталиги жиҳати­дан ҳам кўплаб мамлакатлардан илгарилаб кетган. Лекин рақобатчи­ларимиз ҳам бор ва биз ҳамиша уларга муносиб баҳо берамиз, фаолиятларини кузатиб борамиз.
     – Макондан самарали фойдаланиш, фойдаланиладиган ечимларнинг тижорат нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқлиги ва бўлажак истеъмолчилар турмушининг сифати – кўчмас мулк бозоридаги кучли ва ишончли иштирокчилар амал қиладиган муҳим мезонлар ҳисобланади. Сиз кўплаб мамлакатлар бозорларида ишлагансиз. Ушбу бозорлар нимаси билан фарқ қилади ва улар ўртасида ўхшашлик борми? Турк кўчмас мулк бозорининг хусусиятлари қанақа?
     – Қурилиш соҳасида ҳеч қачон қатъий белгиланган дизайн йўналиш­лари бўлмаган, фойдаланувчиларнинг талаби эса ҳар доим битта – замонавийлик, қулайлик ва сифат. Компаниялар ва саноатнинг ўсиши, ра­қамлаштиришнинг ривожланиши, ижтимоий тармоқлар таъсирининг ортиши билан бугун «ақлли бино­лар»га эҳтиёж ортмоқда. Бутун ду­нёда ер баҳосининг кўтарилиши билан ерлардан янада самарали ва функционал фойдаланиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Бироқ коронавирус пандемияси бошқа эҳ­тиёжларни юзага келтирган ҳолда дунёни яна ўзгартирди. Бугунги кунда одамларнинг турар-жой бўйича ҳам, офислар бўйича ҳам қарашла­рида фарқлар мавжуд. Карантин чек­ловлари даврида одамлар уй шароитида вақтни қандай қилиб самарали ва фойдали ўтказиш, жамиятдан узилмаган ҳолда ўзини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу давр энди тўлақонли ҳаёт ва профессионал фаолият учун яшил ва ижтимоий зоналар, шахсий гигиена ва биноларнинг ичи қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Энди барча мамлакатларда турар-жой ва офис биноларини жиҳозлаш борасидаги орзу-умидлар ўзгарди. Бутун дунёда – Европада ҳам, Яқин Шарқда ҳам ишлаб, офис маконини мақбуллаштириш масалаларини кўтармоқдамиз ва ишонинг, Ўзбекистондаги ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларидаги одамларнинг орзу-умидлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақат шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонда офис тизими ҳақида хабардорлик даражаси билан бошқа мамлакатлардаги хабардорлик даражаси ўртасида кат­та тафовут бор. Бироқ менимча, яқин келажакда ўзбек халқида офислар борасида жиддий орзу-умидлар бў­лади. Ўзбекистоннинг бу­тун дунёга очилиши билан бошқа мамлакатлардаги офисларга ташриф буюрувчи ишбилармонлар бу ерда ҳам ўз қа­рашларини ўзгартирадилар.
     – Қурилиш цикли анча узоқ давом этадиган жараён бўлиб, бу бозорда нафақат замонавий маҳ­сулот ва технологияларни так­лиф қилиш, балки беш-ўн йил олдинга қараб, истиқболларни бош­қалардан олдин пайқаш ҳам му­ҳимдир. Мутахассис сифатида ар­хитектура ва қурилишдаги тен­денциялар ҳамда жаҳон амалиёти борасида ўз фикрларингизни билдирсангиз?
     – Сиз мутлақо ҳақсиз. Бугун бошлаган лойиҳангизда инновация, деб эълон қилаётган нарсангиз эртага, лойиҳа тугагач, стандартга айланиши мумкин. Шу сабабли келажак ҳақида ўйлаш лозим, айниқса, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ишлар билан боғлиқ бўлса. Шубҳасиз, келажакни кўра билмасдан туриб амалга оширилган лойиҳа муваффақиятсизликка учраши тайин. Туркияда Истанбул молия маркази ҳамда Тошкентдаги Nest One қурилишини режалаштиришда уни кейинги 50-100 йил нуқтаи назаридан кўриб чиқиб ҳаракат қил­дик. Биринчидан, биз пандемиядан олдин лойиҳалаштирган Nest Oneда яшовчи инсон бутун йил давомида, том маънода уни тарк этмасдан, айни пайтда зерикмасдан ушбу бинода қандай яшаши ва ишлаши мумкинлигини тасаввур қилдик. Ҳаётнинг янги воқеликларини ҳисобга олган ҳолда биз мунтазамлик нуқтаи назаридан талаб этилмаслиги, аммо уларга эҳтиёж туғилганда керак бўлиши мумкин бўлган зоналарни ишлаб чиқдик. Яъни биз Nest One қурилиши учун инвестиция лойиҳасини имзолашни режалаштирганимизда Trump Towers ва Empire State мисолида лойиҳани яратишга интилдик. Nest One аҳолисини, юқорида айтиб ўтил­ган бинолардаги каби 50 йилдан ке­йин ҳам қулайлик ва шинамлиги билан қойил қолдиришини истардик. Молиявий марказ биносини қуришда ҳам биз унга Истанбулнинг келажагига бўлган ишончимизни сингдирган ҳолда ана шундай мотивация билан ишладик. Шундай қилиб дунёга маш­ҳур меъморий компанияларни ортда қол­дириб, лойи­ҳани имзолаш шарафига эга бўлдик. Nest One ҳам биз учун ҳаётни келажак нуқтаи назаридан кўриш лойиҳаси, орзуларнинг монументал тимсоли, мамлакатингиздаги ўзгаришлар рамзи ҳамдир. У келгусида ушбу гўзал мамлакатда яшайдиган барча учун севимли жойга айланишига ишончимиз комил. Улкан лойиҳа ниҳоясига етгач, биз албатта, шу каби ишларни амалга оширишда давом этамиз. Айтишади-ку, дунё айланар экан, у ривожланади ва ривожлангани сайин ўзгариб боради. Меъморий тенденциялар ҳам ўзгарувчан эҳтиёжларга мос равишда ривожланади. Лекин бундан буён вақтнинг янги чақириқ­ларини ҳисобга олган ҳолда пандемия даврида орттирган тажрибага таяниб гигиеник жиҳатдан хавфсиз жамоат ва турар-жой биноларини қуриш устида ишлаймиз. Энди амалиётимизга кенг яшаш хоналари ва хавфсизлик каби зарур талаблар қў­ши­лади. Бундан ташқари Интернетнинг чексиз имкониятлари туфайли электр тизимидан фойдаланиш ва уйдаги барча зоналарни ўз жойини тарк этмаган ҳолда назорат қилиш учун контактсиз дастурларни яратишимиз мумкин. Яқин келажакда «ақлли» уй-рўзғор буюмларимиз ўз истакларимизни, юриш-туришимизни, мотивларимизни ва турмуш тарзимиздаги ўзгаришларни ўзлари аниқлаб, қабул қилади ва бизга эҳтиёжларимизга мос вариантларни таклиф этади.
     – Қурилиш, архитектура, дизайн, инжиниринг ва девелопмент соҳасидаги ваколатлар, шубҳасиз, кучли компаниянинг асосий омиллари ҳисобланади. Сизнингча, ра­қобат ва турли инқирозларга бардош бериш учун компания раҳба­рияти яна қандай асосий билимларга эга бўлиши керак?
     – Қилаётган ишларингизда му­ваффақият қозониш учун энди фақат яхши раҳбар бўлиш кифоя қилмайди. Мен дунёдаги ўзгаришларни кузатмайдиган ва бошқа мамлакатдаги воқеалар ўз ишига таъсир қилмайди, деб ўйлайдиган компаниялар глобал иқтисодиётда ўрнини топа олмаслигига ишонаман. Атрофингизда бўла­ётган ҳамма нарсадан хабардор бўлиш ҳам рақобатда кучли бўлиш имконини берувчи жуда муҳим қу­рол­дир. Қурилиш компаниясимисиз ёки кичик бизнес, агар дунё ва атроф-муҳитни кузатмасангиз, та­раққий этолмайсиз ва келажакда ўз ўрнингизни топа олмайсиз. Вақт ўтиши билан юз берадиган ўзгаришларни кўри­шингиз ва ҳозирни эмас, балки келажакни назарда тутиб ишлашингиз керак.
     Компаниялар менежерлари шунчаки ўз мажбуриятларини яхши бажаришлари туфайли ўз компаниясини ривожлантираётганлигини билишади. Лекин мен улар ҳамиша ўзлари қилаётган яхши ишларни янада такомиллаштириши лозимлигини унутмасликни маслаҳат берган бў­лардим. Агар улар кейинги 10 йил давомида юз берадиган ўзгаришларни эътиборга олмай, дастлаб му­ваффақият олиб келган ишни давом эттирсалар, муваффақиятсизликка маҳкум бўладилар. Ўзгаришларни кўриб, пайқаб, ўз фаолиятини уларга мослаштириб, ривожлантириб, яхшилаб борганлар, муқаррар, ўз ишида муваффақият қозонади ва рақобатда илгарилайди.
     – Сўнгги йилларда уй-жой ва офис кўчмас мулки маҳаллий бозор тенденцияларига мувофиқ ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Мутахассис сифатида ўзбек девелоперлари ва қурувчилари яна қандай истиқболли йўналишларда ҳара­кат қилиши кераклиги ҳақида амалий таклиф ёки маслаҳатла­рингизни бериб ўтсангиз?
     – Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида қанчалик жадал ўзгариб, ривожланиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз энди аввалги Ўзбекис­тонда эмасмиз. Мамлакатнинг эҳти­ёжлари ҳам сезиларли даражада ўз­гарди. Ижтимоий медиа маҳсулот­лар ўзбек халқининг орзу-умидларини ўзгартирди, одамлар янада замонавий ва кўп функцияли маҳсулот­лардан фойдаланишни исташмоқда, шунинг учун мен маҳаллий қурилиш бозорига янги ва янада такомиллаш­тирилган ёндашувларни жорий этишни тавсия қилган бўлардим.
     Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев очган йўл бўйлаб шиддатли ўзгаришлар даврида бутун дунёга очилди ва бу юрт тадбиркорлари ҳам ўзгарди – улар кўпроқ саёҳат қилиш, дунёдаги оламшумул янгиликларни жойига бориб кўриш ва ўрганишга интилиб, йирик хорижий компаниялар билан фаолроқ ишлай бошладилар. Вақти-вақти билан биз иш юзасидан учрашувлар доирасида маҳал­лий компаниялар мулкдорлари ва раҳ­барлари билан суҳбат­лашамиз. Улар орасида ўзгаришларни жуда яхши пайқайдиганлари кўп, лекин ҳа­мон консерватив иш усулларини қўл­ловчилар ҳам учраб туради. Уларга ўзгариш йўлини тутишларини мас­лаҳат берган бўлардим. Энг асосийси, ўзгаришлардан қўрқ­маслик, замон билан ҳамнафас бўлиш, инновацион янгиликларни фа­ол­роқ ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Ана шунда сиз бизнес оламида муносиб ўрин эгаллаб, ра­қобат муҳитида собит қо­лишингиз мумкин.
     – Қизиқарли суҳбат учун яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз!

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.