Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин ифодасини барча соҳада, инчунун, шаҳарсозликнинг мутлақо янги ечимлари амалий исботини топаётган мамлакатимиз қурилиш бозорида ҳам яққол кўриш мумкин. Бунда ноёб маҳорат ва тажрибаларини намоён этаётган турк пудратчилари ва қурувчиларининг ўрни алоҳида эътирофга лойиқ. Зотан, Американинг ENR (EngineeringNewsRecord) журнали томонидан тузилган етакчи халқаро пудратчилар рейтингида юқори ўринларни банд этган 100 та энг йирик халқаро пудратчининг 15 таси Туркияда жойлашган.
“Özgüven” компанияси таъсисчиси Onur Özgür ÖZGÜVEN билан суҳбатда Туркиянинг қурилиш бизнеси Ўзбекистонда қандай ишлаётгани ҳақида атрофлича сўз юритамиз.
– Суҳбатимиз аввалида компаниянгиз ҳақида маълумот берсангиз: у қачон ташкил этилган ва ҳозирга қадар юртингизда ҳамда бошқа давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда қандай лойиҳалар амалга оширилди?
– Компаниямиз 2004 йили ташкил этилган. Акам Uğur Özer Özgüven лойиҳа-архитектура бўлимига раҳбарликни ўз зиммасига олди, мен эса бизнесимизнинг ишлаб чиқариш-қурилиш соҳасига бошлиқ бўлдим, шу тариқа, мана бугунга қадар бирга ишлаб келяпмиз. Туркиядаги анъанавий меъморий компаниялардан фарқли ўлароқ, биз эътиборни ўз меъморий-дизайнерлик ечимларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тайёр лойиҳаларга янги қизиқарли элементларни киритиш, ишимизнинг сифат кўрсаткичларини оширишга қаратдик. Бу эса «Özgüven»га Туркияда лойиҳаларнинг энг кўп сонини амалга оширувчи компаниялардан бири бўлиш имконини берди. Ҳозирда Туркия бўйича буюртмалар портфелимиз 400 дан ортиқ имзоланган лойиҳаларни ўз ичига олган бўлиб, улар орасидан Истанбул молия маркази биз учун энг нуфузли лойиҳа ҳисобланади. Аммо биз маҳаллий лойиҳалар билан чекланиб қолмаймиз, бошқа мамлакатлардан ҳам объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш учун буюртмалар қабул қиламиз. Масалан, Жазоирдаги шаҳарсозлик ишларида фаол иштирок этдик, шундан сўнг биз ўзимизнинг иккинчи Ватанимиз, деб ҳисоблайдиган Ўзбекистоннинг қурилиш майдонларида иш бошладик. Мамлакатингизда компаниямиз иштирокида шакллантирилган энг катта лойиҳалар – бу Gardens Residence, Boulevard ва албатта, Tashkent City Park ва Nest One бўлиб, улардан биз 3 та лот муаллифлари ҳисобланамиз, 4-лот – Nest Oneни эса фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида қураяпмиз. Шунингдек, 138 кун ичида Сергели туманида 1200 та арзон уй-жойни қуриб, фойдаланишга топширдик, Сирдарё вилоятида 4 мингта уй-жой қурилиши ниҳоясига етмоқда. Айни пайтда пойтахт туманларида, Термиз шаҳрида яна бир неча инфратузилма объектлари қурилиши давом этмоқда. Бугунги кунга келиб компания томонидан Ўзбекистонда жами 10 мингта уйни қуриш учун шартнома имзоланган.
– Компаниянгиз ва маҳаллий «Murad Buildings» ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида биринчи NestOne осмонўпар биноси қад кўтарди. Сизнингча, мамлакатимиз учун ноёб бўлган бундай иншоотни барпо этишда ушбу ҳамкорликнинг ўрни ва қиймати қандай?
– Аввало, Ўзбекистонда мамлакат келажагининг тимсолига айланадиган NestOne лойиҳасидек стратегик муҳим лойиҳада иштирок этиш биз учун катта фахр ва шараф. Биламизки, келгусида NestOne Ўзбекистонда чуқур ўзгаришлар рамзларидан бири сифатида қабул қилинади. Дастлаб, бизни лойиҳага ЕРC-контрактор сифатида таклиф этишди. Маълумки, NestOne билан ўхшаш лойиҳа мавжуд эмас. Бизга «Murad Buildings» компаниясидан ушбу лойиҳа бўйича инвестицион таклиф тушганида, биз янги Ўзбекистонга бўлган ишончимиз туфайли унда иштирок этишимиз керак, деб ўйладик. Инвестиция киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган илк кундан бошлаб лойиҳани ноёб, дунёдаги ҳар қандай бошқа машҳур объектларга ўхшамайдиган қилиб қуриш зарурлигини инобатга олган ҳолда ишга киришдик. Бу лойиҳа нафақат Ўзбекистоннинг, балки мамлакатларимиз ҳамкорлигининг ҳам келажагига ҳисса қўшишини, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашини орзу қиламиз. Бугунги кунда мен NestOne дунёдаги энг ноёб концептуал осмонўпар бино сифатида кўрсатилади, дейишим мумкин. Ҳамкоримиз «Murad Buildings» компанияси билан лойиҳани амалга ошириш жараёнида яхши меҳнат муҳитини яратишга эриша олдик, чунки бизни умумий интилиш ва мақсадлар, маданият, анъаналарнинг яқинлиги ва ҳатто лойиҳанинг келажагини кўриш ҳисси ҳам бирлаштирди.
– Қурилиш бозоримизда ҳозирча хорижий компаниялар унчалик кўп эмас. Компаниянгизнинг юртимизга кириб келиш жараёнлари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтсак?
– Компания сифатида Ўзбекистонга бундан уч йил олдин кириб келганмиз. Биз якунлаган дастлабки иш Gardens Residence турар-жой мажмуаси лойиҳасининг меъморий дизайни бўлди, сўнгра Boulevard лойиҳасини амалга оширдик, Tashkent City Park қурилишида ҳам иштирок этдик. Параллел равишда, юқорида келтирганимдек, Сергели туманида арзон уй-жойлар қурилди… Шу тариқа Ўзбекистон менинг иккинчи уйимга айланди: мен ҳар ойнинг бир ҳафтасини шу ерда ўтказаман, қолган вақтда ватанимда бўламан.
– Бутун дунёда турк қурувчилари йирик ва баъзан энг мураккаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, турк қурилиши ҳамма вақт сифатли натижа беради. Қандай бизнес сирлари турк компанияларига жаҳон қурилиш бозоридаги юқори даражали рақобат шароитида бундай муваффақиятли ва барқарор бўлиш имконини бермоқда?
– Туркияда турли иқлим шароити ва тупроқ тузилмаларида иш олиб борамиз, барқарор конструкциялар ишлаб чиқарамиз ва уларни денгизда, серботқоқ ҳудудларда ва биринчи даражали зилзила зоналарида ўрнатамиз. Шу билан бирга шаҳарсозликдаги жаҳон тенденциялари, янги қурилиш технологиялари ва материалларининг пайдо бўлиши, уларни қўллаш ва инвестициялаш имкониятларини кузатиб борамиз, айни пайтда лойиҳаларни ишлаб чиқишда биз гўёки келажакка кўчирилган ўз ишимизни олдиндан кўра биламиз. Бундай омиллар қурилиш соҳасидаги кучли мамлакатнинг нуфузини оширади. Шу билан бирга Туркия қулай жойлашуви жиҳатидан ҳам, қурилиш технологиялари ва компанияларнинг катталиги жиҳатидан ҳам кўплаб мамлакатлардан илгарилаб кетган. Лекин рақобатчиларимиз ҳам бор ва биз ҳамиша уларга муносиб баҳо берамиз, фаолиятларини кузатиб борамиз.
– Макондан самарали фойдаланиш, фойдаланиладиган ечимларнинг тижорат нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқлиги ва бўлажак истеъмолчилар турмушининг сифати – кўчмас мулк бозоридаги кучли ва ишончли иштирокчилар амал қиладиган муҳим мезонлар ҳисобланади. Сиз кўплаб мамлакатлар бозорларида ишлагансиз. Ушбу бозорлар нимаси билан фарқ қилади ва улар ўртасида ўхшашлик борми? Турк кўчмас мулк бозорининг хусусиятлари қанақа?
– Қурилиш соҳасида ҳеч қачон қатъий белгиланган дизайн йўналишлари бўлмаган, фойдаланувчиларнинг талаби эса ҳар доим битта – замонавийлик, қулайлик ва сифат. Компаниялар ва саноатнинг ўсиши, рақамлаштиришнинг ривожланиши, ижтимоий тармоқлар таъсирининг ортиши билан бугун «ақлли бинолар»га эҳтиёж ортмоқда. Бутун дунёда ер баҳосининг кўтарилиши билан ерлардан янада самарали ва функционал фойдаланиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Бироқ коронавирус пандемияси бошқа эҳтиёжларни юзага келтирган ҳолда дунёни яна ўзгартирди. Бугунги кунда одамларнинг турар-жой бўйича ҳам, офислар бўйича ҳам қарашларида фарқлар мавжуд. Карантин чекловлари даврида одамлар уй шароитида вақтни қандай қилиб самарали ва фойдали ўтказиш, жамиятдан узилмаган ҳолда ўзини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу давр энди тўлақонли ҳаёт ва профессионал фаолият учун яшил ва ижтимоий зоналар, шахсий гигиена ва биноларнинг ичи қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Энди барча мамлакатларда турар-жой ва офис биноларини жиҳозлаш борасидаги орзу-умидлар ўзгарди. Бутун дунёда – Европада ҳам, Яқин Шарқда ҳам ишлаб, офис маконини мақбуллаштириш масалаларини кўтармоқдамиз ва ишонинг, Ўзбекистондаги ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларидаги одамларнинг орзу-умидлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақат шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонда офис тизими ҳақида хабардорлик даражаси билан бошқа мамлакатлардаги хабардорлик даражаси ўртасида катта тафовут бор. Бироқ менимча, яқин келажакда ўзбек халқида офислар борасида жиддий орзу-умидлар бўлади. Ўзбекистоннинг бутун дунёга очилиши билан бошқа мамлакатлардаги офисларга ташриф буюрувчи ишбилармонлар бу ерда ҳам ўз қарашларини ўзгартирадилар.
– Қурилиш цикли анча узоқ давом этадиган жараён бўлиб, бу бозорда нафақат замонавий маҳсулот ва технологияларни таклиф қилиш, балки беш-ўн йил олдинга қараб, истиқболларни бошқалардан олдин пайқаш ҳам муҳимдир. Мутахассис сифатида архитектура ва қурилишдаги тенденциялар ҳамда жаҳон амалиёти борасида ўз фикрларингизни билдирсангиз?
– Сиз мутлақо ҳақсиз. Бугун бошлаган лойиҳангизда инновация, деб эълон қилаётган нарсангиз эртага, лойиҳа тугагач, стандартга айланиши мумкин. Шу сабабли келажак ҳақида ўйлаш лозим, айниқса, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ишлар билан боғлиқ бўлса. Шубҳасиз, келажакни кўра билмасдан туриб амалга оширилган лойиҳа муваффақиятсизликка учраши тайин. Туркияда Истанбул молия маркази ҳамда Тошкентдаги Nest One қурилишини режалаштиришда уни кейинги 50-100 йил нуқтаи назаридан кўриб чиқиб ҳаракат қилдик. Биринчидан, биз пандемиядан олдин лойиҳалаштирган Nest Oneда яшовчи инсон бутун йил давомида, том маънода уни тарк этмасдан, айни пайтда зерикмасдан ушбу бинода қандай яшаши ва ишлаши мумкинлигини тасаввур қилдик. Ҳаётнинг янги воқеликларини ҳисобга олган ҳолда биз мунтазамлик нуқтаи назаридан талаб этилмаслиги, аммо уларга эҳтиёж туғилганда керак бўлиши мумкин бўлган зоналарни ишлаб чиқдик. Яъни биз Nest One қурилиши учун инвестиция лойиҳасини имзолашни режалаштирганимизда Trump Towers ва Empire State мисолида лойиҳани яратишга интилдик. Nest One аҳолисини, юқорида айтиб ўтилган бинолардаги каби 50 йилдан кейин ҳам қулайлик ва шинамлиги билан қойил қолдиришини истардик. Молиявий марказ биносини қуришда ҳам биз унга Истанбулнинг келажагига бўлган ишончимизни сингдирган ҳолда ана шундай мотивация билан ишладик. Шундай қилиб дунёга машҳур меъморий компанияларни ортда қолдириб, лойиҳани имзолаш шарафига эга бўлдик. Nest One ҳам биз учун ҳаётни келажак нуқтаи назаридан кўриш лойиҳаси, орзуларнинг монументал тимсоли, мамлакатингиздаги ўзгаришлар рамзи ҳамдир. У келгусида ушбу гўзал мамлакатда яшайдиган барча учун севимли жойга айланишига ишончимиз комил. Улкан лойиҳа ниҳоясига етгач, биз албатта, шу каби ишларни амалга оширишда давом этамиз. Айтишади-ку, дунё айланар экан, у ривожланади ва ривожлангани сайин ўзгариб боради. Меъморий тенденциялар ҳам ўзгарувчан эҳтиёжларга мос равишда ривожланади. Лекин бундан буён вақтнинг янги чақириқларини ҳисобга олган ҳолда пандемия даврида орттирган тажрибага таяниб гигиеник жиҳатдан хавфсиз жамоат ва турар-жой биноларини қуриш устида ишлаймиз. Энди амалиётимизга кенг яшаш хоналари ва хавфсизлик каби зарур талаблар қўшилади. Бундан ташқари Интернетнинг чексиз имкониятлари туфайли электр тизимидан фойдаланиш ва уйдаги барча зоналарни ўз жойини тарк этмаган ҳолда назорат қилиш учун контактсиз дастурларни яратишимиз мумкин. Яқин келажакда «ақлли» уй-рўзғор буюмларимиз ўз истакларимизни, юриш-туришимизни, мотивларимизни ва турмуш тарзимиздаги ўзгаришларни ўзлари аниқлаб, қабул қилади ва бизга эҳтиёжларимизга мос вариантларни таклиф этади.
– Қурилиш, архитектура, дизайн, инжиниринг ва девелопмент соҳасидаги ваколатлар, шубҳасиз, кучли компаниянинг асосий омиллари ҳисобланади. Сизнингча, рақобат ва турли инқирозларга бардош бериш учун компания раҳбарияти яна қандай асосий билимларга эга бўлиши керак?
– Қилаётган ишларингизда муваффақият қозониш учун энди фақат яхши раҳбар бўлиш кифоя қилмайди. Мен дунёдаги ўзгаришларни кузатмайдиган ва бошқа мамлакатдаги воқеалар ўз ишига таъсир қилмайди, деб ўйлайдиган компаниялар глобал иқтисодиётда ўрнини топа олмаслигига ишонаман. Атрофингизда бўлаётган ҳамма нарсадан хабардор бўлиш ҳам рақобатда кучли бўлиш имконини берувчи жуда муҳим қуролдир. Қурилиш компаниясимисиз ёки кичик бизнес, агар дунё ва атроф-муҳитни кузатмасангиз, тараққий этолмайсиз ва келажакда ўз ўрнингизни топа олмайсиз. Вақт ўтиши билан юз берадиган ўзгаришларни кўришингиз ва ҳозирни эмас, балки келажакни назарда тутиб ишлашингиз керак.
Компаниялар менежерлари шунчаки ўз мажбуриятларини яхши бажаришлари туфайли ўз компаниясини ривожлантираётганлигини билишади. Лекин мен улар ҳамиша ўзлари қилаётган яхши ишларни янада такомиллаштириши лозимлигини унутмасликни маслаҳат берган бўлардим. Агар улар кейинги 10 йил давомида юз берадиган ўзгаришларни эътиборга олмай, дастлаб муваффақият олиб келган ишни давом эттирсалар, муваффақиятсизликка маҳкум бўладилар. Ўзгаришларни кўриб, пайқаб, ўз фаолиятини уларга мослаштириб, ривожлантириб, яхшилаб борганлар, муқаррар, ўз ишида муваффақият қозонади ва рақобатда илгарилайди.
– Сўнгги йилларда уй-жой ва офис кўчмас мулки маҳаллий бозор тенденцияларига мувофиқ ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Мутахассис сифатида ўзбек девелоперлари ва қурувчилари яна қандай истиқболли йўналишларда ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида амалий таклиф ёки маслаҳатларингизни бериб ўтсангиз?
– Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида қанчалик жадал ўзгариб, ривожланиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз энди аввалги Ўзбекистонда эмасмиз. Мамлакатнинг эҳтиёжлари ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Ижтимоий медиа маҳсулотлар ўзбек халқининг орзу-умидларини ўзгартирди, одамлар янада замонавий ва кўп функцияли маҳсулотлардан фойдаланишни исташмоқда, шунинг учун мен маҳаллий қурилиш бозорига янги ва янада такомиллаштирилган ёндашувларни жорий этишни тавсия қилган бўлардим.
Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев очган йўл бўйлаб шиддатли ўзгаришлар даврида бутун дунёга очилди ва бу юрт тадбиркорлари ҳам ўзгарди – улар кўпроқ саёҳат қилиш, дунёдаги оламшумул янгиликларни жойига бориб кўриш ва ўрганишга интилиб, йирик хорижий компаниялар билан фаолроқ ишлай бошладилар. Вақти-вақти билан биз иш юзасидан учрашувлар доирасида маҳаллий компаниялар мулкдорлари ва раҳбарлари билан суҳбатлашамиз. Улар орасида ўзгаришларни жуда яхши пайқайдиганлари кўп, лекин ҳамон консерватив иш усулларини қўлловчилар ҳам учраб туради. Уларга ўзгариш йўлини тутишларини маслаҳат берган бўлардим. Энг асосийси, ўзгаришлардан қўрқмаслик, замон билан ҳамнафас бўлиш, инновацион янгиликларни фаолроқ ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Ана шунда сиз бизнес оламида муносиб ўрин эгаллаб, рақобат муҳитида собит қолишингиз мумкин.
– Қизиқарли суҳбат учун яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз!