(O´zbek) Ўзбекистон – Туркия: мулоқотнинг янги формати

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Икки мамлакат ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва гуманитар алмашинув соҳаларида кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
     Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алишер ­АЪЗАМХЎЖАЕВ журналимиз Бош муҳаррири билан суҳбат аввалида ушбу икки томонлама муносабат­ларнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди.
 
     – Ўзбекистоннинг пухта ўйланган ташқи сиёсати туфайли сўнгги уч йил ичида дунёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланган Туркия билан ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди, – дейди Алишер Аъзамхўжаев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга ва Туркия Президенти ­Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи, улар ўртасида юзага келган дўстона муносабатлар анъанавий дўстлик ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда халқла­римиз фаровонлигини оширишга қаратилган мулоқотлар янада жадаллашувига туртки берди.
     Ўзбекистон кўп режали ўзбек-турк ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр. Биз учун савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳалари алоҳида қизиқиш уйғотади. Хусусан, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш, шунингдек, ўзаро савдо айланмасини янада ошириш бўйича янги лойиҳа ва дастурларни илгари суриш ниятидамиз.
     Шу билан бирга туркиялик шериклар билан ҳам­корликда Ўзбекистонда замонавий тиббий клиникалар ва диагностика марказлари очиш, кичик бизнес ва тўқимачилик ишлаб чиқариши бўйича таълим дастурларини амалга ошириш, Туркиянинг интенсив боғдор­чилик, балиқчилик, чорвачилик ва наслчилик иши борасидаги илғор тажрибасини жалб қилиш, икки мамлакат университетлари ва илмий марказлари иштирокида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдормиз.
     Тез ўзгарувчан халқаро вазият шароитида Ўзбекис­тон мудофаа-саноат мажмуининг самарадорлигини таъминлаш учун Туркия билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳам ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадга мувофиқдир.
     – Алишер Анварович, Президентимиз жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Туркия Республикасига расмий ташриф билан борди. Музокаралар чоғида давлатлараро ҳамкорлик масалаларининг кенг дои­раси, уларни ҳал этиш йўллари, истиқболдаги асосий вазифалар кўриб чиқилди, томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар. Туркия томони билан эришилган келишувларнинг ҳозирда амалга оширилиши қандай кечмоқда?
     – Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи якунларини Ўзбекистон томони ҳам, Туркия томони ҳам ғоят самарали натижалар сифатида баҳоламоқда. Бинобарин, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 850 млн. доллардан ортиқ миқдордаги битим ва шартномаларнинг имзолангани бунинг далилидир.
     Эришилган келишувларнинг барчаси ҳозирги вақтда белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда. Ҳеч қандай лойиҳа ёки шартнома тўхтатилмаган ёки ке­йинги муддатларга қолдирилмаган. Гарчи коронавирус пандемияси дунё бўйлаб барча соҳада беқарорлик ва мав­ҳумликни юзага келтирган бўлса-да, Туркия билан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги динамикаси, даражаси ва ҳажмида пасайиш кузатилгани йўқ.
     Жумладан, жорий йилнинг 27 май куни Туркиянинг «Чалик Холдинг» компанияси билан Тошкент шаҳрида умумий қиймати 100 млн. долларлик бизнес-марказ ва меҳмонхона мажмуасини, 10 сентябрь куни эса «­Дженгиз Холдинг» компанияси билан Тошкент вилоятида 240 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциясини барпо этиш юзасидан инвестиция битимлари имзоланди. «Акса Энерджи» билан ҳамкорликда пойтахтимизда қиймати 60 млн. долларлик иссиқлик электр станцияси қуриш лойиҳасининг фаол босқичи бошланди. Шунингдек, «Ренейссанс Хэви Индастриз» компанияси «Ўзметкомбинат» АЖ ва Олмалиқ ТКМКда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш лойиҳаларига киришди.
     Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электротехника, тоғ-кон, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм тармоқлари, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ва туризм соҳаларида 610 млн. долларга яқин қийматда турк капитали иштирокидаги лойиҳалар амалий тасдиғини топмоқда.
     Айтгандай, шу йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзақов ва Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Ўқтой раислигида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи мажлисини ўтказиш режалаштирилган.
     – Давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи доирасида Анқарада олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги формат ҳисобланади. Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ҳали ҳам қан­дайдир соҳаларда ҳамкорликнинг ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжуд, дейишга асос борми?
     – Замонавий Туркия иқтисодий фао­лиятнинг кўплаб соҳаларида етак­чи ҳи­собланади. У ҳар йили бутун дунёдан тахминан 50 млн. нафарга яқин сайёҳни қабул қилади ва туризмдан олинадиган даромад 30 миллиард доллардан ошади.
     Ривожланган иқтисодиётга эга Туркия билан инвес­тициявий (2020 йилда 582 млн. доллар) ва савдо (2019 йилда экспорт – 1,2 миллиард доллар) ҳамкорлигининг ҳозирги даражаси ушбу қардош мамлакат билан ҳам­корликни кенгайтириш учун фойдаланилмаган катта салоҳият ва захираларнинг мавжудлигидан далолат бериши мумкин.
     Бундай шароитда Ўзбекистон иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини ислоҳ қилиш ва модернизациялашга турк технологиялари, илғор тажриба ва менежментни жалб қилишдан манфаатдор. Шунга кўра юқори даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши Биринчи мажлисининг кун тартибидаги асосий масалалардан бири Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилишда Туркия ҳукумати томонидан кўрсатиладиган техник ёрдам бўлгани диққатга сазовордир.
     Ушбу ёрдам доирасида нуфузли турк мутахассислари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг, «Ўзчармсаноат» акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчилари, шунингдек, «Uzbekistan Airways» компанияси раисининг ўринбосари сифатида иш бошлашди.
     Умуман олганда, Ўзбекистон ва Туркия етакчилари томонидан яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш назарда тутил­ган. Ҳозирда томонлар ўртасида ишлаб чиқилаётган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бу вазифани амалга оширишнинг энг самарали механизмларидан бири бўлиши шубҳасиз.
     Қолаверса, турк сармоядорларини Ўзбекистон иқ­тисодиётига жалб этиш, икки қардош давлатнинг турли минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ҳозирга қадар Туркиядаги 81 провинциянинг 40 дан ортиғида махсус тақдимотлар ўтказилди.
     – Маълум бўлишича, айни пайтда Туркия билан ҳамкорликда қиймати 500 млн. доллардан зиёд бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ва­ҳоланки, уч йил аввал ушбу кўрсаткич 20 млн. долларни ҳам ташкил қилмаган. Бундай жадал ўсиш суръатида элчихонанинг ҳам роли катта бўлмоқда, шундай эмасми?
     – Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистонда 2020-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига кўра лойиҳаларни амалга оширишда 1,6 миллиард доллар миқдорида Туркия сармоясини жалб этиш белгиланган.
     Туркияда ҳам пандемия туфайли карантин чоралари кучайтирилганига қарамай, ушбу давлат масъуллари дипломатик миссиямизнинг мурожаатига ижобий жавоб берди ва турк сармоядорларининг Ўзбекистонга учишига рухсат берди. Натижада Тошкент билан Истанбул ўртасида мунтазам қатновлар қайта тикланишидан олдин Элчихона кўмагида Ўзбекистонга мингдан ортиқ туркиялик мутахассис ва сармоядорлар юборилди. Ушбу чора биринчи навбатда, турк компаниялари иштирокида 2020 йилга мўлжалланган умумий қиймати 582 млн. долларлик инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш учун қўлланилди. Бироқ пандемия муносабати билан транспорт воситаларининг Туркманистон ва Эрон чегаралари орқали ҳаракат­ланишига чекловлар туфайли Туркиядан Ўзбекистонга юқори талабга эга технологик ускуналарни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келди. Бундай шароитда зарур ускуна ва мол-мулкнинг муқобил йўналишлар бўйлаб ўз вақтида жўнатилишини таъминлаш юзасидан ҳам тезкор чоралар кўрдик. Натижада умумий қиймати 140 млн. доллардан ортиқ бўлган турли асбоб-ускуналар ва мол-мулк Туркиядан Ўзбекистонга жўнатилди.
     Пандемия шароитида иқтисодий дипломатияда эришган бошқа салмоқли натижаларимиз орасида 30 мартдан эътиборан истисно тариқасида Туркия ҳуду­дига Ўзбекистон юк машиналарининг киришига тақиқ­нинг, 1 апрелдан бошлаб бир томонлама тартибда Ўзбекистон автотранспорт воситаларининг Туркия ҳудудига кириш ва ундан ўтиш учун 400 доллар миқдоридаги «йўл йиғими»нинг ва 24 апрелдан эса миллий юк ташувчиларнинг Туркияга кирганида мажбурий тартибда 14 кунлик муддатга карантинда бўлиб туришининг бекор қилинганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.
     – Сизнингча, Ўзбекистон ва Туркия туризм со­ҳасидаги ҳамкорликда қандай имкониятларга эга?
     – CОVID-19 пандемияси шароитида Туркия биринчилардан бўлиб туризм соҳасида новатор сифатида чиқди. Чунончи, 19-21 июль кунлари Анталияда барча саёҳат масканларида (аэропорт, такси, меҳмонхона, қаҳвахона ва ҳ.к.) зарур эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда туристик пакетларнинг татбиқ этилишини назарда тутувчи «Вирусдан холи туризм сертификати» дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бундай ёндашув туфайли Туркия ҳукумати жорий йилнинг 7 ойида 5 миллиондан ортиқ сайёҳни жалб қилишга муваффақ бўлди. Йил охиригача Туркияга кутилаётган сайёҳлар оқими тахминан 10-12 млн. кишига етади.
     Олий даражадаги келишувларга мувофиқ Туркия биринчилардан бўлиб мазкур дастурни Ўзбекистонда жорий этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу борада Тошкент билан Анқара ўртасида фаол мас­лаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
     Шуниси эътиборлики, Туркия фуқаролари учун Ўзбекистонда виза режимининг бекор қилиниши, Тошкент ва Истанбул шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар сонинг ошиши ҳамда Самарқанд ва Истанбул ўртасида янги авиайўналишнинг очилиши натижасида 2019 йилда юртимизга ташриф буюрган турк сайёҳлари сони 54 фоизга ошди.
     Жорий йил сентябрь ойида биринчилардан бўлиб Туркия билан мунтазам авиақатновлар тиклангани ҳам рамзий маънога эга.
     – Бугунги кунда Туркияда 1 млн. 70 минг нафарни ташкил этувчи хорижий меҳнат муҳожирлари орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги сир эмас. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Туркия тегишли идораларининг меҳнат миграцияси бўйича вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик қандай кечмоқда?
     – Элчихонанинг кундалик ишидa меҳнат муҳожир­ларининг турли ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларига дуч келамиз. Туркияда вақтинча бўлиб турган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича махсус «йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унда хорижий иш берувчилар билан ишлаш ва ишга жойлаштириш масаласида истиқболли лойиҳаларни аниқлаш, ҳамюртларимиз ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касбий ва хорижий тилни билиш даражасини ошириш каби муҳим тадбирлар назарда тутилган.
     Элчихона ва Бош консуллик ишидa биз 2021 йилда 2000 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини Туркиянинг ишончли корхоналарига ишга жойлаштириш мақсадида янги иш тизимини яратиш, шу жумладан, меҳнат муҳожирларини консулликда ҳисобга олиш даражасини 15 фоизгача ошириш, соҳа вазирликлари ва идоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб олдик.
     Ўзбекистон фуқароларининг Туркияда иш билан бандлигини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон томони ташаббуси билан 2018 йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида Меҳнат муҳожирлари ва улар оилаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳукуматлараро битим имзоланди. Жорий йилда Ўзбекистон ҳозирда Туркия Парламентида кўриб чиқилаётган ушбу Битимни ратификация қилди.
     2020 йил 1 август ҳолатига кўра, Туркиядаги ўзбекис­тонликлар сони норасмий маълумотларга кўра, 150 минг нафарга яқинни, расмий маълумотларга кўра – 50 мингга яқинни ташкил қилади. Шундан қарийб 4 минг нафари расмий ишлаш ва 45 минг нафари Туркия ҳу­дудида вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга. Ватандошларимизнинг 60 фоизи уйда хизмат кўрсатиш (болалар, қариялар ва касалларга қараш, уй хизматчиси, боғбон сифатида ишлаш) соҳасида иш билан банд. Яна 15 фоизи кўнгилочар ва савдо марказларида, 10 фоизи туризм соҳасида, 5 фоизи қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқ­ларида меҳнат қилади. Бунда муҳожирларнинг асосий қисми Истанбул (60%), Анқара (10%), Бурса (8%), Анталия (7%) ва Туркия­нинг бошқа ҳудудларида (15%) ишламоқда.
     Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш ва Туркиядаги эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш мақсадида Элчихона ва Бош консуллик қошида тезкор штаблар тизими йўлга қўйилган. Бундан ташқари пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларига кўмак кўрсатиш мақсадида Туркияда ўзбекистонлик ишбилармон ва дипломатларнинг ихтиёрий хайриялари ҳисобидан Махсус ёрдам жамғармаси ташкил этилган. Туркияда қатъий карантин тадбирлари даврида 400 нафар талаба, 198 нафар ҳомиладор аёл, ёш болали 84 нафар ота-она, 31 нафар ногирон ва фуқароларимиз орасидан коронавирус юққан 16 нафар бемор озиқ-овқат маҳ­сулотлари, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни сотиб олиш учун 80 минг доллар миқдорида пул маблағлари олишди.
     Истанбулдаги Бош консуллик маҳаллий гипермаркетлардан жами 28 минг долларга яқин қийматдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиб, уларни Ўзбекистоннинг 6 минг нафардан ортиқ муҳтож фуқароларига тарқатди. Пандемия даврида 5 мингдан ортиқ фуқароларимиз 25 та махсус чартер рейс билан Ватанга олиб кетилди. Шу билан бирга Туркиядаги университетларни битирган 200 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба давлат муассасалари ва турк сармояси иштирокидаги хорижий ҳамда қўшма корхоналарда ишлаш учун Ўзбекистонга юборилди.
     Индаллоси шуки, Элчихона ва Бош консуллик томонидан мунтазам равишда меҳнат муҳожирларимиз билан учрашувлар ўтказиб турилади, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, манфаатларини ҳимоя қилиш учун консуллик ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ишлари изчиллик касб этмоқда.
     – Ўзаро жадаллашган ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларни айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Мазкур устувор йўналишдаги ишлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
     – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркиянинг йирик шаҳарлари ўртасида минтақалараро алоқалар жадаллашди. Чунончи, Тошкент билан Анқара, Хива билан Болу ўртасида қардошлик алоқаларини ўрнатиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, Са­марқанд билан Истанбул ҳамда Бухоро билан Конья ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилди.
     Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик 2018 йил 30 апрелдаги Маданий ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва 2018 йил 30 апрелдаги Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баённоманинг имзоланиши билан мустаҳкамланди.
     Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан Истанбулда «ХХI аср таҳдидлари ва маърифатли Исломнинг роли» мавзусида халқаро конференциянинг ўтказилиши, Истанбулда Камолиддин Беҳзоднинг Усмоний империя­сининг «Тўпқопи» музейида сақланган 170 та миниатюраси эксклюзив нусхаларини Ўзбекистонга қайта­ришнинг ташкил этилиши муҳим воқеликлардан бўлди.
     Таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Элчихонанинг иштироки ва кўмагида Туркиядаги етакчи олий таълим муассасалари билан 30 дан ортиқ музокаралар ўтказилди. Ўзбекистон Ислом Академияси, Имом ал-Бухорий номидаги Халқаро маркази ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети делегацияларининг Туркияга ташрифлари ташкил этилди. Ўз навбатида Кастамону ва Хўжатепа университетлари, Соғлиқ билимлар университети, Анқара, Истанбул ва Салжуқ университетлари ҳамда Туркия давлат бошқаруви институтларининг делегациялари ҳам Ўзбекистонга ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашиш учун бордилар.
     Ҳозирги кунда Туркияда олий таълим олаётган ўзбекистонлик йигит-қизлар сони 1200 нафарни ташкил қилмоқда. Ўзбекистоннинг 25 нафар фуқароси Туркиянинг турли университетлари ва тадқиқот марказларида илмий ва ўқитиш фаолияти билан шуғулланаётгани яна бир фахрли жиҳатдир.
     Бу билан бир қаторда Элчихона томонидан муҳан­дислик, меҳмонхона иши, сайёҳлик, тўқимачилик, био­муҳандислик, архитектура ва қурилиш каби йўналишлар бўйича ўзбекистонлик магистрлар ва докторантларга ҳукумат грантларини ажратиш масаласида иш олиб борилмоқда.
     – Алишер Анварович, суҳбатимизни бир неча блиц-саволлар билан якунласак. Элчи лавозимида ишлашда энг муҳими нима?
     – Аслида дипломатик ваколатхонага раҳбарлик қилиш, кўп режали стратегик шериклик жадал ривожланиб бораётган мамлакатда ка­рийб 35 млн. аҳолига эга давлатнинг вакили бўлиш шарафли ва айни дамда ўта масъулиятли вазифа саналади.
     Элчи лавозимида энг муҳими – тегишли давлатнинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий фаолиятини самарали амалга ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишдир.
     – Инсонлардаги қанақа фазилатларни қадрлайсиз?
     – Виждонлилик, ҳалоллик, профессионализм ва ўз ишига содиқлик.
     – Қаердан куч оласиз ва нима Сизни яшашга илҳомлантиради?
     – Мен учун асосий энергия манбаи – яқинларим: турмуш ўртоғим, фарзандларим ва набираларим. Шунингдек, давлатимиз ва жамиятимиз ривожига ҳисса қўшиш зарурати ўз ишимга сидқидилдан ёндашишга ундайди.
     Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбар­лигида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, бунда танланган очиқ ва кўп қиррали ташқи сиёсат йўналиши, шунингдек, ўзбек дипломатиясининг ўз мактаби шаклланаётгани мени илҳомлантиради.
     – Яқин келажакдаги режаларингиз?
     – Барча режаларим касбий фаолиятим билан боғлиқ – ўз функционал вазифаларимни шараф билан бажариш, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикаси билан икки томонлама муносабатларини янада мустаҳ­камлаш ва кенгайтиришга муносиб улуш қўшиш.
     – Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.