Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи йил сайин ортиб бормоқда. Зеро, давлатимизнинг Биринчи Президенти бошлаб берган узоқни кўзлаб, пухта ўйланган ва босқичма-босқич жорий қилинаётган ҳаётий дастурлар, мақсадли лойиҳалар ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтиришга, халқимиз фаровонлигини оширишга ва турмуш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда. Қолаверса, ҳар бир жабҳада эришилаётган самарали меҳнат натижалари барча юртдошларимиз қатори Наманган тумани аҳли ҳаётида ҳам улкан ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Мисол учун, асосий иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2015 йилда биргина саноатда 121,6 фоиз ўсиш қайд этилди. Бундай ижобий юксалишлар туман иқтисодиётининг бошқа соҳаларида ҳам кузатилмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалигида 107,5 фоиз, қурилиш-пудрат ишларида 124,9 фоиз, чакана савдода 105 фоиз, пулли хизматлар ҳажмида 113,8 фоиз ва умумий хизматлар бўйича 118,3 фоизни ташкил қилди. Мазкур кўрсаткичлар шубҳасиз, туманимиз меҳнат аҳлининг фидокорона меҳнатлари натижаси эканлигидан ташқари, ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз кўплигини ҳам кўрсатиб турибди.
Бундай имкониятлар айниқса, саноат, ишлаб чиқариш, сервис соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, туманда саноатни ривожлантириш, самарали ва ихчам ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни бунёд этиш, шу йўл билан иш ўринларини кўпайтириш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш бўйича аниқ дастурлар асосида муҳим чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Биргина ўтган йили саноатда 121,6 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бунда жами ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 52,1 млрд сўми (42,8 %) йирик корхоналар ҳисобига, 69,5 млрд сўми эса (57,2 %) кичик корхона ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш эса 12,8 млрд сўмни ташкил этди.
Юртбошимизнинг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори туман аҳлига янги истиқбол йўлларини очиб берди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, биргина ушбу қарор асосида ташкил этилган корхоналар томонидан ҳисобот йили давомида 8,9 минг тонна гўшт, 46,9 минг тонна сут, 56,9 млн дона тухум, 150 тонна асал, 54 тонна балиқ маҳсулотлари тайёрланди. Булар шунчаки рақамлар эмас, албатта. Ушбу рақамлар ортида тадбиркорларимизнинг тинимсиз ва самарали меҳнатлари ётибди. Яъни, улар яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан унумли фойдаланишга, эл дастурхонини янада тўкин қилишга, ўз турмуш шароитларини янада яхшилашга астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Қишлоқ хўжалиги туман иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам, экспортнинг салмоқли қисми мазкур соҳа маҳсулотлари ҳисобига амалга оширилмоқда. 2015 йилда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотлари ҳажми 286,3 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,5 фоизга ўсди. Ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 199,2 млрд сўми деҳқон хўжаликларига, 84,1 млрд сўми фермер хўжаликлари, шунингдек, уч млрд сўми қишлоқ хўжалиги корхоналари улушига тўғри келди.
Ҳозирги пайтда туманимизда чорвачиликка ихтисослашган 27 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, туман аҳолиси азалдан чорвачилик билан шуғуллангани боис, ушбу соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 2015 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан жами 8994 тонна гўшт, 46921 тонна сут, 56,9 млн дона тухум тайёрланди. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасида иккита паррандачилик, иккита балиқчилик, битта асаларичилик фермер хўжаликлари ташкил этилиб, шу аснода қўшимча яна 31 та янги иш ўринлари яратилди.
Маълумки, ҳар қандай иқтисодий лойиҳа маълум миқдордаги инвестиция жалб қилишни талаб этади. Туманимизда ҳам бу борада изчил ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ўтган йили туманимиз иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 38,8 млрд сўмга тенг бўлган инвестиция жалб қилинди. Ҳудудий инвестиция дастурига асосан, 22 та лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, «Аиша хоме текстиль» қўшма корхонасида сочиқ, «Нафис текстиль гроуп» МЧЖда тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, туманда 124,9 млрд сўмлик қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишда ўсиш аввалги йилга нисбатан 106,3 фоизга тенг бўлди.
Ҳозир юртимизнинг қайси бир ҳудудига йўлингиз тушмасин, бир-биридан обод маҳаллаларни, янги замонавий тураржой массивларини, шарт-шароитлари асло шаҳарникидан қолишмайдиган намунали уй-жойларни кўриб қувонмасдан бўладими?! Нафсиламрини айтганда, давлатимиз томонидан қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлари наманганликларнинг ҳам кўнглидаги орзуси эди. Шу боис, «Қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга асосан туманимизнинг 2016 йилга мўлжалланган режасига мувофиқ, «Орзу массиви» ҳудудида 260 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар бунёд этилади. Қурилиш ишлари учун аҳоли маблағлари ва банк кредитлари йўналтирилиб, бугунги кунда уй-жойларни сотиб олиш истагини билдираётган фуқаролар томонидан бошланғич бадал маблағлари тўланди.
Аҳолини иш ўринлари билан таъминлашда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, янги хизмат турларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам, ҳукуматимиз иқтисодиётнинг мазкур йўналишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада махсус ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, ижтимоий ҳаётимизга самарали татбиқ қилинмоқда. Хусусан, туманда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар мазкур соҳанинг катта истиқболга эга эканлигини кўрсатмоқда. 2015 йилда туманда умумий хизматлар ҳажми 118,3 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,8 фоиз ўсишга эришилди. Бундай юқори кўрсаткичлар тармоқнинг қарийб барча йўналишларида қайд этилди. Жумладан, алоқа ва ахборотлаштириш 119,9 фоизга, компьютер дастурлари 112,4 фоизга, молиявий хизматлар 131 фоизга, транспорт хизмати кўрсатиш 119,9 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 120,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги техникаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш 121,8 фоизга, савдо ва умумий овқатланиш 120,8 фоизга, маиший хизматлар 119,4 фоизга, соғлиқни сақлаш 122 фоизга, бошқа бозор хизматлари 117,7 фоизга бажарилди.
Ўтган йили туман ҳудудида жами 122 та хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ташкил этилди, ушбу объектларда 118 та, жумладан, қишлоқ жойларда 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, ҳисобот йилида 154 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши натижасида жами кичик бизнес субъектлари сони 1172 тага етиб, уларнинг ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотидаги улуши 98,6 фоизни, саноатда 69,6 фоизни, қурилиш ишларида 99,5 фоизни, пулли хизмат кўрсатишда 72,9 фоизни, жами хизматлар улушида 74,5 фоизни, юк ташишда 95,7 фоизни ва йўловчи ташишда 99,5 фоизни ташкил этди.
Туман ҳудудида ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш масалалари ҳам режали тарзда ижобий ҳал этилмоқда. Масалан, ўтган йили туманимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган 2,6 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинишига эришилиб, бу борадаги режа 102 фоизга бажарилди. Ушбу йўналишда муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналар ҳақида гап кетганда, даставвал «Аиша хоме текстиль» корхонаси, «Нафис текстиль гроуп» МЧЖ, «Асрор текстиль саноат» МЧЖ, «Мадина – Муаззам» МЧЖ, «Истиқлол текстиль дизайн» МЧЖ каби бир қатор корхоналарни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Аҳолини иш ўринлари билан таъминлашда туманимизда фаолият кўрсатаётган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида уларнинг 97 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш ўринларига эга бўлди. Яъни, Бандлик дастурига асосан ҳисобот даврида қишлоқ жойларида 5763 та янги иш ўринлари яратилди. 2016 йил январь ҳолатига 3269 нафар битирувчидан 3266 нафарининг бандлиги таъминланди. Йил давомида уларнинг 206 нафарига ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун 1,7 млрд сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилади. Эътиборлиси, 44 нафар битирувчи ёшлар тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиб, тадбиркорлик ишларини бошлашди.
Хулоса қилиб айтганда, шу азим юртда, шу беқиёс заминда инсон барча нарсадан азизу мунаввар. Буни ҳар нафасда ва ҳар дақиқада ҳис қилиб яшашни қатъий одатга айлантирганмиз. Бусиз, барча амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, яратувчилик ва бунёдкорлик ишларимиз ҳеч қандай самара бермаслигини яхши англаймиз. Шу сабабли ҳам, энг аввало, инсон учун, унинг турмуш шароити тўкин бўлиши, фарзандларимиз тинч ва фаровон муҳитда камолга етиши учун қўлимиздан келган барча самарали ишларни қиляпмиз. Энг муҳими, туманимиз аҳли ҳам айнан шу ҳақиқатни чуқур ҳис қилиб яшаб, меҳнат қилаётгани учун ҳам барча соҳаларда улкан муваффақиятларни қўлга кирита бошлади.
Шавкат АБДУРАЗЗОҚОВ,
туман ҳокими