Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Ақлли» ва «симсиз» электроника маҳсулотлари, алоқа-ахборотлаштириш воситалари кўпайиб бораётгани натижасида хонадонларимизда, кўча-кўйда атрофимизни кўринмас радио тўлқинлари тобора чулғаб олмоқда. Радио тўлқинларнинг инсон ҳаётига таъсири йўналишидаги тадқиқотлар 1950 йиллардан буён амалга ошириб келинади. Аммо, ҳали мазкур масала бўйича бирон тўхтамга, аниқ хулосага келингани йўқ. Ҳозирча ягона хулоса шуки, ҳар бир ҳодисага муносабат каби электрон воситалардан фойдаланишда ҳам меъёр ва ўзига хос мувофиқлик бўлиши керак.
Айни шу мақсадда «электромагнит мослик», деган тушунча ва бу йўналишдаги алоҳида илмий фаолият мавжуд. Электромагнит мослик – бир қанча электромагнит қувват тарқатувчи электрон воситаларнинг ягона электромагнит муҳитида бир-бирига халақит қилмасдан фаолият кўрсатишидир. Электромагнит мослик мавжуд бўлмаган тақдирда, радиоэлектрон воситалардан тарқаётган радиошовқин ҳам муайян техникага тўлиқ имконият ва сифатда ишлашга халақит беради. Шунингдек, электрон воситаларнинг ўзаро номувофиқ таъсири атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун ҳам жуда хавфли.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 ноябрдаги «Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори электромагнит воситалардан фойдаланиш чоғида инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги хусусида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни кўзда тутади.
Жамиятни электромагнит воситалардан фойдаланиш чоғида инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва фойдаланиш муҳим устувор вазифа сифатида қабул қилинган. Хусусан, 2009 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Қонун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулот, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлигига доир, уларда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддалар, касаллик туғдирувчи унсурлар мавжудлиги, касаллик ташувчиларнинг кириб келиши ёки тарқалишининг олдини олиш, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар, тиббий техника ва дори воситаларини ишлаб чиқариш, қўллаш бўйича мажбурий талабларга тааллуқли ишларнинг бажарилишини, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, атроф-муҳит ифлосланишига йўл қўймаслик каби муҳофаза чоралари қўлланилишини таъминлайди.
Мазкур қонуннинг 16-моддасида электромагнит мослашувчанлик маҳсулот ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар билан тенглаштирилган. Айнан шунинг учун ҳам, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида техник кенгаш томонидан 2015 йилдан бошлаб «Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисида»ги умумий техник регламентни ишлаб чиқиш бошланган эди.
Техник воситаларнинг электромагнит мослигига ягона талабларни белгилаш техник тартибга солишнинг қуйидаги муҳим тамойиллари амалга оширилишини таъминлайди:
● республика ҳудудида техника воситаларидан хавфсиз ва халқаро стандартлар асосида фойдаланиш, уларни талаб асосида ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан хавфсиз, самарали фойдаланиш;
● мамлакатимиздаги техник воситалар бозорига номувофиқ электрон воситаларининг олиб кирилишининг олдини олиш ва техник воситаларни ишлаб чиқаришда техник тўсиқларни бартараф қилиш.
Техник регламентни тайёрлаш жараёнида халқаро тажриба ҳам яқиндан ўрганилди. Жумладан, ишчи гуруҳ Германия, АҚШ, Япония каби етакчи давлатлар, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг техник регламенти билан танишди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг «Электромагнит мослашувчанлик йўриқномаси»га алоҳида эътибор қаратилиб, техник воситаларнинг электромагнит мослигига ягона талабларни белгилашда энг самарали усуллар ва билимлар уйғунлаштирилди.
Ҳужжатда электромагнит товуш чиқарувчи ва ташқи электромагнит товуш таъсирида фаолият кўрсатувчи қурилмаларга тааллуқли талаблар кўзда тутилган. Техник регламент техник воситаларнинг электромагнит мослашувчанлигига, уларнинг қадоқларига, уларни маркалашга, улардан фойдаланишга оид қўлланма ва ҳужжатларга, шу билан бирга, техник воситалардан фойдаланиш ва идентификация қилиш бўйича муайян талабларни ўз ичига олган.
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг «Техник регламентларнинг мазмуни», деб номланган 17-моддаси талабларидан келиб чиқиб, регламентда маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлиги тавсифлари, хавфсизлик талаблари белгиланаётган маҳсулотлар ва хизматларнинг тўлиқ рўйхати, атамаларга, ўров-идишга, тамғаларга ёки ёрлиқларга ҳамда уларни акс эттириш қоидаларига ва маҳсулотни идентификация қилишга доир талаблар, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказилиши хавфини тадқиқ этиш ҳамда баҳолаш усуллари бирма-бир кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳужжат 2017 йил 29 майдан бошлаб кучга киради. Шундан бошлаб, техник воситаларнинг электромагнит мослигига нисбатан талабларнинг мажбурийлигини бекор қилиш ва стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларнинг қўлланилиши ихтиёрий равишда амалга оширилади.
Техник регламент кучга киришига қадар техник воситалар учун олинган сертификатлар қуйидаги муддатлар мобайнида амал қилади:
● серияли ишлаб чиқариладиган техник воситаларга берилган сертификатлар – ўзида кўрсатилган муддатгача амал қилади;
● муайян партиядаги техник воситалар учун берилган сертификатлар – маҳсулотларни шу партияси бозорда сотиб бўлингунига қадар.
Техник регламентнинг давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Шуҳрат САТТАРОВ,
АТКР вазирлиги матбуот хизмати
мутахассиси