Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мустақилликнинг дастлабки давриданоқ аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялаш, фарзандларимиз камолоти йўлида самарали ишларни амалга ошириш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг энг устувор йўналиши қилиб белгиланди. 2016 йилга «Соғлом она ва бола йили» деб ном берилиши ва махсус давлат дастури қабул қилиниши эзгу амалларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу ижтимоий соҳага эътиборнинг юксак даражада эканлигидан далолат беради. Зеро, инсон эрки, унинг бахт-саодати бош ғоялардан бирига айланган мустақил диёримизда соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва шу орқали соғлом авлодни камол топтириш энг муҳим масалалардан биридир.
Йил якунлари билан давлат дастурининг ижроси сарҳисоб қилинаётган шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бу борада улкан ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, мазкур саъй-ҳаракатларнинг натижаларини Навоий вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, юқорида келтирилган фикрлар ўз исботини топаётганига амин бўламиз. Зеро, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Навоийда ҳам махсус вилоят дастури ишлаб чиқилган бўлиб, барча ишлар ушбу дастур асосида ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда.
Йил давомида дастур доирасида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, хотин-қизларнинг турмуш шароити ва ҳаёт кечириш даражасини ҳар томонлама яхшилаш юзасидан кенг кўламли ишлар давом эттирилди. Уларга фарзандларини соғлом қилиб тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун 2016 йил давомида жами 347,7 млрд сўмлик маблағ йўналтирилди.
Агар вилоят дастурининг ҳисобот давригача бўлган ижросига тўхталадиган бўлсак, ушбу ишларнинг ижобий натижаси сифатида дастур доирасида 381,5 млрд сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, белгиланган йиллик режа 109,7 фоизга бажарилганини таъкидлаш лозим.
Хусусан, дастур ижросига биноан, янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига уч ёшгача болалари бўлган барча аёлларга (бола парвариши таътилига чиққанидан қатъий назар) нисбатан уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритиш ҳисобига жиноят қонунчилигини янада эркинлаштиришга йўналтирилган ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги ҳамда «Мурувват» интернат-уйларида бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болалар учун кундузи парваришлаш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этишни назарда тутадиган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси бўйича таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Адлия вазирлигига киритилиши таъминланди.
Шунингдек, дастурда аҳолининг кам таъминланган қатлами, хусусан, боқувчисини йўқотган оилалар ҳам маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватланмоқда. Вилоятнинг чекка туманларида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 200 нафар аёлига қиймати 103,1 млн сўмлик электр-маиший техника товарлари бепул берилди ҳамда аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига кирувчи кишиларга 52 млн сўмлик катталар ва болалар кийим-боши бепул тарқатилди. Аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг меҳнатидан фойдаланувчи кичик корхоналарга, шунингдек, аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарга ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадларига тижорат банклари томонидан 43,4 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири эканини ҳеч ким унутмаслиги керак. Чунки, мустаҳкам оила мустаҳкам жамиятнинг асоси ҳисобланади. Айниқса, ёш оилаларга уй-жой қуриш ёки янги уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари берилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Ушбу мақсад учун 2016 йилда тижорат банклари томонидан жами 154 та оилага 15,3 млрд сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди. Қолаверса, кам таъминланган ёш оилаларга 355 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Вилоятда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар кўп. Зеро, давлатимиз томонидан мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, айниқса, бу иш билан шуғулланмоқчи бўлган коллеж битирувчиларига кўплаб имтиёзлар, енгилликлар берилмоқда. Навоийлик ёшлар ҳам давлатимиз яратиб бераётган бундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Берилаётган имтиёзли кредитлар эса тадбиркорлик фаолиятини бошлашда қўл келмоқда. Жумладан, бу йил вилоят бўйича коллеж битирувчиларининг 1281 нафарига 15,7 млрд сўм (105 %) миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Дастур доирасида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш йўли билан қишлоқ оилаларининг ҳаёт даражаси ва сифати оширилмоқда. Ана шу мақсадда умумий қиймати 147,6 млрд сўмлик намунавий лойиҳалар асосида қурилган 800 та уй тўлиқ фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, мазкур уй-жойларнинг ташқи электр таъминоти учун 19,45 км 0,4– 10 кВли ҳаво электр узатиш тармоғи ва 13 комплект кичик ҳажмли трансформаторлар ўрнатилди ҳамда табиий газ тармоқларини тортиш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди. Қолаверса, 2016 йил Инвестиция дастури асосида 42 та объектда умумий қиймати 11,8 млрд сўмлик узунлиги 130,1 км бўлган (шундан намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жой массивларида 25,1 км) ичимлик суви тармоқлари тортилди. Навоий шаҳрининг 18-кичик туманида қад ростлаган тўртта кўп қаватли тураржой бинолари фойдаланишга топширилди.
Аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, хизматлар сифатини янада ошириш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, «Қизилқумцемент» АЖда тиббий ёрдам кўрсатиш хоналарини замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозлаш учун 360 млн сўм ажратилди. Шунингдек, 150 млн сўм маблағ эвазига корхонада тиббий хизмат кўрсатишни тезкор ва сифатли амалга ошириш мақсадида иккита тез ёрдам автомашинаси сотиб олинди.
Кармана туманидаги Навоий кон металлургия комбинатига қарашли «Металлург» соғломлаштириш маскани умумий қиймати 2,5 млрд сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозланди.
2016 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 17 та умумтаълим мактабидан иккитасини янгидан қуриш, 13 тасини реконструкция қилиш ва иккитасини мукаммал таъмирлашга умумий қиймати қарийб 20 млрд сўм маблағ сарфланди. Ҳозирда ушбу таълим масканлари тўлиқ фойдаланишга топширилган.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлигининг «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружбы» газеталарида «Соғлом она ва бола йили»га бағишланган алоҳида рукн ташкил этилиб, давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар мунтазам ёритиб борилди. Яъни, ушбу нашрларда жами 151 тадан зиёд, республика марказий нашрларида эса 50 дан зиёд мақолалар эълон қилинди. Кармана туманида жойлашган вилоят Касаба уюшмалари тасарруфидаги «Ишонч» болалар соғломлаштириш оромгоҳида «Медиа оромгоҳ-2016» ташкил этилиб, ушбу тадбирда 75 нафар ёш журналист ўз саломатлигини тиклади. 120 нафардан зиёд қалам аҳлининг Бухоро ва Самарқанд вилоятига саёҳати уюштирилди.
Инсон саломат, турмуши фаровон, ҳаётидан мамнун бўлса, албатта эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкам бўлади. Бу ишонч жамиятимизнинг жипслашуви учун, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати янада юксалиши ҳамда халқаро ҳамжамиятда нуфузи янада ортиши учун жуда муҳимдир. Навоийликлар ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда эртанги кунга чексиз ишонч билан яшамоқдалар.
Жаҳонгир УМАРОВ,
вилоят ҳокимлиги саноат бўлими бошлиғи