Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугун барча халқлар ҳаётида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг равнақ топиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши, урбанизациянинг кучайиши туризмга бўлган эҳтиёж ортишига олиб келмоқда. Пировардида турли гўшаларга сафар уюштириш, саёҳатга чиқиш, табиат қўйнида мароқли дам олиш замондошларимиз ҳаётининг таркибий қисмига, шунингдек, саломатликни мустаҳкамлашнинг ва бўш вақтни мазмунли ўтказишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.
Дарвоқе, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига қараганда охирги пайтларда ҳар йили ўртача 1,2 миллиард киши саёҳатга чиқаяпти. Ваҳоланки, бундан 10 йил муқаддам рўйхатга олинган туристлар сони 576 миллион нафарни ташкил этганди, холос.
Албатта, бу соҳа жадал ривожланишининг талай сабаблари бор. Улар орасида энг асосийси дунёни билишга қизиқиш, тарбия ва соғломлаштиришни ўзида мужассамлаштирганидир. Қолаверса, у айни турдаги хизматларни ташкил этувчиларга катта даромад келтиради. Буни ҳозир дунё туризмининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоизга, хизматлар экспортида 30 фоизга, савдо ҳажмида 6 фоизга етганидан, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 8 фоизи шу жабҳада меҳнат қилаётганидан ҳам билиш мумкин.
Табиийки, Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда ҳам туризмнинг бозор муносабатларига асосланган янги ҳуқуқий ва иқтисодий асослари шакллантирилди. Замонавий инфратузилма объектлари яратилиб, соҳанинг жаҳон андозаларига мос янги йўналишлари жорий этилди. Тарихий-маданий ёдгорликлар таъмирланиши баробарида, улар кенг кўламда тарғиб қилинди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти борган сари оша бошлади. Сўнгги вақтларда жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш истагида бўлганлар учун энг қизиқарли йўналишлар рўйхати эълон қилинди.
Сабаби аён: Ўзбекистон сайёҳлик кўлами кенглиги ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича етакчи давлатлар сирасига киради. Диёримизда 7 мингдан ортиқ тарихий ёдгорликлар ҳамда бетакрор меъморий обидалар бор. Шунингдек, бир нечта сўлим қўриқхона фаолият юритмоқда. Миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналари кўз қорачиғидек асраб-авайланмоқда. Буларнинг барчаси хорижликларнинг юртимизга қизиқишини янада кучайтирмоқда. Бироқ мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланилмаётгани туфайли соҳанинг хизмат кўрсатиш ва экспортдаги ҳиссаси, аҳолини иш билан таъминлашдаги ўрни жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада ортда қолмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон кўплаб давлатларнинг туризм маршрутлари қадимги Буюк Ипак йўли орқали туташган халқаро чорраҳада жойлашган. Бу серқуёш заминимизда сайёҳликнинг барча турини ривожлантиришда жуда қўл келади. Улар орасида экотуризм энг истиқболлиси ҳисобланади. Чунки биз ғоят хилма-хил ҳамда бой ландшафт, табиий экотизим ва ресурслар, улкан рекреация-туризм салоҳиятига эгамиз. Қолаверса, қуруқ субтропик иқлимимиз, фасллар ўз муддатида алмашиши бизда йил бўйи ҳар қайси мавсумга мос ва хос экологик туризм хизматлари кўрсатиш имкони мавжудлигидан далолат беради.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган учинчи йўналишида ҳам туризм индустриясини жадал равнақ топтиришга доир дастурий вазифалар белгилаб берилган. Соҳа келажагига ана шундай жиддий эътибор туфайли янги-янги туризм марказлари вужудга келаяпти. Тошкент вилоятини ҳеч иккиланмасдан, уларнинг сафига киритиш мумкин. Гап шундаки, ҳудуднинг табиий имкониятларини ва хориж тажрибасини чуқур ўрганиб, унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Айтайлик, 700 дан зиёд маданий мерос объекти мавжудлиги сайёҳликнинг зиёрат йўналишини ривожлантиришда қўл келаётган бўлса, ноёб табиат обидалари, фусункор ўрмон ва ландшафтлар экологик, пурвиқор тоғлар экстремал сайёҳлик истиқболига кенг йўл очаяпти.