(O´zbek) Ўзбекистонда ипотека бозори: жаҳон тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари

5/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимиз демографик кўрсаткичларининг йил сайин ошиб бораётгани, шунинг баробарида давлатнинг ва халқнинг иқтисодий ҳо­латида барқарорлик кузатилаётгани уй-жой бозорида ижобий тенденцияни таъминламоқда. Ўз навбатида турар жойларга талабнинг ортиши давлат олдига уйсозлик соҳасини кучайтиришни муҳим вазифа сифатида қўймоқда.
     1991 йилда юртимиз аҳолиси 20,6 миллион кишини ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу рақам 34 миллион нафардан ошди. Шунга мос равишда янги қурилаётган оилалар сонида ҳам жадал ўсиш суръатини кўришимиз мумкин. Жумладан, 2000-2006 йилларда йилига 155 мингдан 208 мингтагача оила қурилган бўлса, 2007-2019 йилларда 254 мингдан 311 мингтага етган.
     Аҳолини уй-жой билан таъминлашдек энг устувор мақсад йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳот­ларнинг ҳам кўлами кенг. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳар­ларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қи­лиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қа­бул қилиниши мазкур жабҳада дадил қадам бўлди.
     Мазкур ҳужжат ижрога киритил­гунга қадар тижорат банкларда узоқ муддатли ресурс маблағлар деярли мавжуд бўлмаганлиги сабабли банк­лар томонидан уй-жойлар қурили­шини кенг кўламда молиялаштириш ва аҳолига ипотека кредитларини ажратиш бўйича имкониятлар чек­ланган эди. Қарорга биноан Ўзбекис­тон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларга имтиёзли шартларда узоқ муддатли ресурс маблағлар ажратилди ва 2017-2019 йиллар давомида республика бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар қурилиши амалга оширилиб, 100 мингдан ортиқ оила имтиёзли ипотека кредитлари асосида Ватан ичра кичик ватан – ўз бошпаналарига эга бўлди.
Уч йилга мўлжалланган Давлат дастури доирасида тижорат банклар томонидан 15 трлн. сўм атрофида имтиёзли ипотека кредитлари аҳолига 20 йил муддатга дастлабки 5 йил давомида 7 фоиз ставкасида, қолган йилларда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида бе­рилди.
     Тижорат банкларнинг ипотека кредит портфели 2016 йилда 7-8 ­трлн. сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб ипотека кредитларнинг қолдиғи 25,1 трлн. сўмни ташкил этади. Ипотека кредитларининг аксарият қисми (70 фоизи) Давлат дастурига мувофиқ ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимизда ипотека бозорини фақатгина давлат дастурлари доирасида паст фоизли ресурс маблағлари ҳисобига ривожлантириб бўлмайди. Бозор тамойиллари асосидаги янги кредитлаш тизимларининг жорий этилиши ипотека бозорининг ривожланишида муҳим ўрин тутади.
     Ипотека бозоридаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони эса уй-жой таъминотидаги баъзи бўшлиқларга оқилона ечим сифатида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Гап шундаки, бунга қадар асосан эҳ­тиёжманд қатлам вакилларини имтиёзли равишда уй-жой билан таъминлашга урғу берилган бўлса, юқо­ридаги Фармонга кўра эндиликда аҳолининг барча қатламига тижорат шартларида ипотека кредитлари ажратилиши белгилаб қўйилди. Бунда кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга дастлабки бадалнинг бир қисми ва (ёки) кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ҳам берилиши кўрсатиб ўтилди. Фармон асосидаги Дастур доирасида Молия вазирлиги тижорат банкларни узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаб боради.
     Аҳоли сонининг ўсиш кўрсаткич­ларидан келиб чиқсак, ипотека бозорида замонавий методларни амалиётга йўналтириш мақсадга муво­фиқ, албатта. Яъни ўзини ўзи молиялаштирувчи ёки маблағларнинг айланиш тезлиги юқори бўлган янги кредитлаш тизимларини жорий этиш зарур.
     Бу борада хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш ҳам фойдадан холи эмас. Масалан, кўпгина Европа давлатлари мазкур соҳада немис модели – «Баушпаркасса»дан фойдаланадилар. Ушбу моделни қўш­ни Қозоғистон давлати ҳам 2005 йилдан буён фаол қўллаб келади ва бугунги кунда аҳолига ажратилаётган ипотека кредитларининг камида 60 фоизи у орқали амалга оширилади.
     Немис моделининг моҳияти нима ва у қандай ишлайди?
     Бу модел ишлаши учун иқтисодиёт барқарор ва инфляция минимал даражада бўлиши лозим. Немис моделида аҳоли уй-жой олиш учун олдиндан режалаштирган тарзда те­гиш­ли уй-жойнинг 50 фоиз миқдорига тенг суммани 3-5 йил давомида ойма-ой банкда жамлаб боради ва бадал маблағларини жамлаб бўлгач, фуқаро қолган 50 фоиз қисмига ипотека кредитини олади. Бунда фуқа­ронинг банкдаги омонатига инфляция даражасидан паст бўлмаган ставкада омонат қолдиғига фоиз ҳисобланиб борилади. Шу билан бирга маълум бир фоиз банк томонидан, қолган қисми давлат бюджетидан қопланади.
     Моделнинг самарали томонлари ва шартлари
     Ушбу модел туфайли давлатнинг ҳар йили ипотека мақсадлари учун йирик миқдорда маблағларни йўналтириши кескин қисқаради. Бунга мос равишда хорижий молия институтларидан олинадиган кредит линиялари бўйича келгусидаги валюта курси бўйича хатарлар ва бу билан боғлиқ харажатлар ҳам камаяди. Аҳо­лининг маблағларини банкка жалб этиши орқали ипотека бозорини молиялаштириш бўйича самарали тизим жорий этилади.
     Қолаверса, давлат томонидан ипотека бозорини ривожлантириш бўйича қилинадиган бюджет сарф-харажатлари ҳар бир йилнинг ўзида акс эттирилади. Бунинг учун уй-жой қурилиши бўйича 5 йиллик дастур аниқ қилиб белгилаб олинади ҳамда ҳар йилида уй-жойлар қайси жойда қанча миқдорда қурилиши аниқ кўрсатилиб, уй-жой баҳоси назорат остида бўлиши лозим.
     Сир эмас, жамиятда барчанинг ҳам уй-жой сотиб олиш учун бош­ланғич бадални жамлаш ва кредит тўловларини тўлашга имконияти мавжуд эмас. Ногиронлиги бўлган шахс­лар, ёлғиз оналар бунга мисолдир. Ушбу синфга мансуб инсонларга мадад бўлиш, уларни бошпана билан таъминлаш учун, назаримизда, илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уй-жойлар қуриб, уларни Ижтимоий ижарага бериш тизимини жорий этиш ҳаётий заруратдир.
     Ижтимоий ижарага бериладиган уй-жойларнинг барпо этилиши жамиятда аҳолининг ипотека бозорига нисбатан ёндашуви ва қарашларининг реал ҳолатини кўрсатиб беради. Яъни оғир ижтимоий ҳолатдаги кишилар учун ижтимоий ижара уйларининг ойлик тўлови, дейлик, 300-500 минг сўм атрофида бўлади. Муқим ва сал­моқли даромадга эга кишилар эса йиллар давомида бадал маблағла­рини жамлаши ва ипотека кредитлари орқали уй-жойга эга бўлишлари мумкин.
     Самарадорлиги амалий тасдиғини топган шу каби моделлардан фойдаланиб, ипотека кредитларини аж­ратишда, энг аввало, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотлар­ни юритиш пировардида давлат ва жамиятнинг иқтисодий фаровонлигини юксалтиради. Мақбул нархда тақдим қилинган замонавий уй-жойга эга оилаларда эса розилик ҳисси, эртанги кунга умид ҳамда ишонч дарз кетмайди, чинакам бахтиёрлик ҳукм суради.
 
 
Бобур НУРМУХАМЕДОВ,
Давлат дастурлари бўйича ипотека кредитлари департаменти директори

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.