(O´zbek) Yengil sanoat korxonalarida ishlab chiqarishni diversifikatsiyalashni samarali amalga oshirish omillari

2/2017

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Бугунги кунда жаҳон иқти­содиётида инқироз жара­ёнлари чуқурлашиб, дунё миқёсида харид талаби пасайиб бормоқда ва шун­га мувофиқ тарзда хом­ашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобат йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Кўплаб ривожланган ва етакчи мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ра­қобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда, иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаш­тириш, юқори технологияларга асос­ланган янги корхона ва ишлаб чиқа­риш тармоқлари ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация­лаш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш талаб этилмоқда.
     Бунда саноатни диверсификация­лашда мамлакатимиздаги хомашё ва ресурсларга бой манбалардан оқи­­лона фойдаланиш асосида юқори қўшимча қийматга эга бўлган юксак технологик маҳсулотлар ишлаб чиқа­риш имконини берадиган тўқимачи­лик саноатини ривожлантириш му­ҳим аҳамият касб этади. Тўқимачи­лик саноати корхоналари барқарор ривожланиши учун уни бозор муҳити динамикасига муваффақиятли мос­лаштириш лозим.
     Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар кўламига қарамасдан, бу соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, тўқи­мачилик корхоналарида жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва экс­портбоп маҳсулотлар ишлаб чиқа­риш имконини яратадиган стратегияларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш, инновацияни жорий этиш муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, тайёр маҳсулот экспорти ва моддий-техника таъминотидаги узилишларга йўл қўймаслик, транс­порт ва божхона тизимидаги бошқа­рув муносабатларини такомиллаштириш ҳамда саноат ҳудудларида тўқи­мачилик ускуналарини мақбул тарзда жойлаштириш зарур.
     «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибига замонавий таъминотга эга 312 та корхона киради. Ушбу корхоналар ташқи бозорга калавадан тортиб, кенг ассортиментдаги тайёр маҳсулотларни етказиб бермоқда. Бунда замонавий дизайн ва юқори сифатда ишлаб чиқарила­ётган маҳсулотлар рақобатбардош­лигига эришилаётгани қўл келмоқда. Айни пайтда, мазкур жамият корхоналари ўз маҳсулотларини дунёнинг 55 та мамлакатига экспорт қилмоқда ва бу кўлам мунтазам кенгайтирил­моқда. Масалан, ўтган йили МДҲ мамлакатлари, Хитой, АҚШ, Канада ва қатор араб давлатлари бозорларига 157,1 минг тонна калава, 33 миллион квадрат метр ип газлама, 4,9 минг тонна трикотаж полотно, 148,1 миллион дона тикувчилик трикотаж буюмлари, 9,1 миллион жуфт пайпоқ экспорт қилинди.
     Агар тўқимачилик ва енгил саноатнинг 2014–2020 йиллардаги ривожланишининг техник-иқтисодий прогноз кўрсаткичларига назар таш­ласак, яна беш йилдан кейин саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми салкам 7 триллион сўмни, 2013 йил­га нисбатан эса 3,2 мартадан кўп­роқни ташкил этиши кўзда тутилган.
     Маълумки, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида тўқимачилик саноати корхоналарининг барқарор ривожланишини таъминлаш усулларидан бири – корхоналар хўжалик фао­лиятини диверсификация қилиш орқали уларни бозор муҳити динамикасига мослаштиришдир. Корхона фаолияти умумий натижаларини бар­­қарорлаштириш нуқтаи-назари­дан диверсификация салоҳиятини адекват тавсифлаш ва юз бериши мум­кин бўлган оқибатларини баҳо­лаш учун мазкур тадқиқотда турли илмий қа­рашлар – мамлакатимиз ва хорижий мактаблар нуқтаи-назари­дан диверсификациянинг иқтисодий ҳо­ди­са си­фатидаги илмий таҳлили амалга оширилди.
     Диверсификация кўпгина тушунчалар – кенгайтирилган ва тор тушунчалар билан таърифланади. Аксарияти бозорлар сегментлари тузи­лишининг дифференциаллашуви ва мураккаблашуви шароитида корхонани кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган стратегик йўллардан бири сифатида талқин этилади. Кенг маънода диверсификация кўп тармоқли ишлаб чиқариш ёки қим­матли қоғозлар портфелини яратиш билан изоҳланади. Бу вазиятда ишлаб чиқаришни кўп тармоқли, яъни соҳа­лар фаолият турларини, эгалланган бозор сегментларини кенгайтиришга асосланувчи ишлаб чиқариш сифатида белгилашга асосий урғу берилади. Мазкур муаммолар билан шу­ғулланувчиларнинг диверсификация корхоналарнинг фаолияти кенгайишига боғлиқлиги ҳақидаги фикр­ларида ҳамжиҳатлик кузатилади. Фа­қат­гина диверсификация деб таъриф­лаш мумкин бўлган кенгайиш миқёси ва диверсификацион ишлаб чиқа­риш­ни ташкил этиш ва бошқарувда адекват тизимларни шакллантириш борасидаги масалалар муҳо­ка­мага муҳтож.
     Саноат тармоғидаги диверсификациянинг моҳияти шундаки, у мулк­чилик шакли бўйича корхоналарга талаб ва таклифлар кескин ўзгариб турадиган ихтисослаштирилган бозорлар конъюнктурасига мослашиш имконини беради.
     Саноат корхоналарини диверсификациялаш маҳсулотга қўйилаётган талабни ҳамда сарфланаётган капитал фойдалилигини ошириш, синергетик самарадан фойдаланишга интилиш, фаолиятни кам харажатли со­ҳага айлантиришдир. Диверсификация жараёнида қулай ва афзалроқ бўлган тар­моқ ҳамда ишлаб чиқариш­га капиталнинг оқиб ўтиши амалга оширилади. Яъни, бирорта бозорда корхона қийинчиликка учраши бошқаси­да ёки бошқа тармоқда имконият юза­га келиши билан капиталнинг транс­формацияси ҳисобига уш­бу корхона ўз йўқотишларини қоп­лаши мумкин.
     Диверсификация жараёни турлича, шу жумладан, техник жиҳатдан тас­нифланади. У техник ёки техноло­гик тоифада, яқин ишлаб чиқаришни монополия қилиш доирасида бирлаштирувчи сифатида талқин қилина­ди; иқтисодий жиҳатдан – ишлаб чи­қаришни ривожлантириш ёрдамида йирик корпорация маҳсулот турларини ўзгартириш йўли билан ўз фойдасини барқарорлаштиришга эриша­ди. Ташкилий жиҳатдан эса, диверсификация йирик компанияни асосий фаолиятига тўғридан-тўғри ёки функ­ционал алоқада бўлмаган кенгайтириш орқали ўз доирасидан чиқиши, бир хил маҳсулот тайёрлашдан кўп турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиши, банкротликнинг олдини олиши тушунилади.
     Ишлаб чиқариш диверсифика­циялашувига етакчи тармоқ ихтисослашуви нуқтаи-назаридан ёндашилади. Яъни, асосий тармоққа ало­қаси бўл­ган ёки аксинча йўналтирил­ган тар­моқларнинг ўзаро ҳаракатда бўлиши назарда тутилади.
     Бизнинг фикримизча, саноат корхоналари фаолиятини диверсификация қилиш янги маҳсулот (хизмат)ни ишлаб чиқаришни ҳисобга олиши лозим:
     ● янги технология қўлланган ҳол­да. Янги маҳсулот истеъмолчилар учун қаратилган ёки ишлаб чиқарила­ётгани билан бирга тайёрланади (горизонтал диверсификация);
     ● мавжуд технология асосида. Амалдаги технология асосида такомиллаштирилган янги маҳсулот ишлаб чиқарилади (марказлашган диверсификация);
     ● айни вақтда ишлаб чиқарила­диган маҳсулот билан технологик жи­ҳатдан боғлиқ бўлмаган ишлаб чи­қариш (конгломерат диверсификация).
     Ўзбекистонда иқтисодиётнинг етак­чи тармоқлари ривожланишини, унинг юқори ва изчил ўсишини, мак­роиқтисодий барқарорликка қара­тил­ганини таъкидлашимиз лозим. Бу жиҳатни, инқироз жараёни чуқурла­шуви, дунё миқёсида харид қобилия­тининг пасайиши ва жаҳон бозорида хомашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобат­нинг йилдан-йилга кучайиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин.
     Тўқимачилик саноати ривожланиши трикотаж-тикувчилик тармоғи фаолияти билан бевосита боғлиқ. Айни пайтда «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар умумий ҳажмида тайёр трикотаж – тикувчилик маҳсулотлари улуши 23 фоизни ташкил қилади. Сифатли тикувчилик ва трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришда бошқа омиллар билан биргаликда инсон омили ҳам асосий ўринни эгаллайди. Маҳсулот сифати ва бозордаги талабнинг ортиши, энг аввало, маркетинг тадқиқотларига, қолаверса, дизайнер ва модельерларнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ.
     Асосий муаммоларни ҳал этишга тўқимачилик саноатидаги ишлаб чи­қаришнинг технологик даражаси ҳам таъсир этади. 2015 йил ҳолатига кўра, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарининг 67 фоизи янги технологик ус­куналар билан жиҳозланган бўлиб, 73 таси йигириш-тўқишга ихтисослаш­ган, 71 тасида трикотаж маҳсулот­лари ишлаб чиқарилади.
     Йигириш тармоғи корхоналарига хорижий инвестицияларнинг кенг кўламда жалб қилиниши ушбу тар­моқда замонавий ускуналар билан жиҳозланган субъектлар ортишига сабаб бўлди. Замонавий чет эл технология ва ускуналари жалб этилиши эса, ўз навбатида, ишлаб чи­қариш унумдорлиги ошишини таъминлади.
     Замонавий бошқарувда стратегик менежмент назарияси ёндашувлари кенг тарқалган бўлиб, асосий қоида­лар диверсификация нуқтаи-назари­дан кўриб чиқилади. Бу назарияда амалга ошириш технологияси эмас, балки стратегияси аниқланиб, тавсиф берилганлигини таъкидлаб ўтамиз.
     Умуман олганда, стратегия ҳара­катларнинг бош йўналиши бўлиб, ун­га риоя қилиш узоқ муддатли ис­тиқ­болга, олдинга қўйилган мақсад­га эришишни таъминлаши лозим. Мақсад белгилаб олингач, унга эришишни таъминловчи жорий стратегиялар таҳлили амалга оширилади. Мазкур таҳлил сотув ва фойда ҳажми бўйича Gap-таҳлил (вазиятлар таҳли­ли) амалиётидан ва ундан келиб чи­қувчи стратегиялардан бошланади.
     Таҳлиллар кўрсатишича, Андижон, Бухоро, Наманган ва Фарғона вилоятларида енгил саноат тармоқ­лари – тўқимачилик, тикувчилик ва чарм-пойабзал соҳаси яхши тарзда ривожланган. Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида енгил саноат корхоналарини янада кўпайтиришга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ:
     Биринчидан, мамлакатимизда ен­гил саноат тармоғини ривожлантириш ва оқилона жойлашувини таъминлаш йўли билан муҳим ижтимо­ий-иқтисодий масалалар ижобий ҳал этилишига катта ҳисса қўшилади.
     Иккинчидан, енгил саноатдаги таркибий ўзгаришлар натижасида унинг хомашё тайёрлашдан иборат бир томонлама мослашувига чек қў­йи­лади, тармоқлар таркибидаги номутаносибликлар барҳам топади. Бу эса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқа­ришни юқори даражага кўтаришга, аҳоли истеъмол талабини тўлароқ қондиришга имконият яратади.
     Учинчидан, янги технологиялар асосида жаҳон бозори талабларига мос келувчи, истеъмол учун тайёр, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш орқали республикамизда вал­юта тушуми ўсишига эришилади.
     Енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган қўшма ва хорижий корхоналарнинг кучли томонлари қуйи­дагилар: ишлаб чиқариш технологиялари юқори даражадалиги, ахборот технологиялари фаол қўлланилиши, ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқил­ганлиги, ишлаб чиқариш ва операцион менежмент самарали йўлга қў­йилганлиги, кадрлар савияси мунтазам ошириб борилиши – илғор тех­нологияларга кўникмалар тезда ҳо­сил қилиниши, маҳсулот сифати юқо­рилиги, хомашё таъминоти ва тайёр маҳсулотларни сотиш тизими йўлга қўйилганлиги.
     Бу корхоналарнинг заиф томонлари қуйидагилар: ходимларда олдинги тузумдан қолган хусусиятлар билан хорижликлар тажрибаси ўртасида тафовутлар мавжудлиги, маҳ­сулот сотишдан тушган тушум таркибида иш ҳақи харажатлари улушининг пастлиги, инсон ресурси ва би­лимлар менежментлари тизимига етарли амал қилинмаслиги, бренд ме­нежмент тизими йўлга қўйилма­ганлиги.
     Йирик енгил саноат корхоналарининг кучли жиҳатлари: хомашё за­хиралари кўп бўлиши, юқори ишлаб чиқариш қувватлари, кенг ассортиментлардаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги, кў­лам самараси, кўплаб иш ўринлари билан таъминлай олиши, ишлаб чи­қариш жараёни ва операциялари самарали йўлга қўйилганлиги, кучли мутахассисларга эгалиги.
     Йирик корхоналарнинг заиф томонлари: менежмент ва маркетинг тизими самарали қўлланилмаслиги, корхона мулкига нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш, инновацион фаолият йўлга қўйилмаганлиги, корхона капиталини шакллантириш­да ишчи-ходимлар улуши пастлиги, ахборот технологиялари кам жорий этилганлиги, маҳсулотлар дизайни ва брендларга эътибор сустлиги.
     Маълумки, корхоналарнинг иқти­содий самарадорлигига таъсир этувчи омиллар ички ва ташқи омилларга бўлинади. Биз ташқи таъсир этувчи омилларни ҳам икки гуруҳга – Ўзбекистоннинг давлат сиёсати билан боғлиқ корхоналар фаолиятига таъсир кўрсатувчи омиллар ва халқаро майдондаги ўзгаришларга боғлиқ омилларга бўлишни таклиф этамиз.
     Енгил саноат тармоғини самарали ривожлантириш ва шу асосида аҳоли турмуш даражасини ошириш учун қуйидаги омилларга эътибор бериш лозим:
     ● корхоналарни замонавий бозор стратегиялари ҳақидаги билимларга эга бўлган асосий бошқарув ва муҳандис-техник ходимлар билан таъминлаш;
     ● ишлаб чиқарилаётган маҳсу­лотлар рақобатдошлигини юқори да­ражага кўтариш;
     ● тайёр кийимлар дизайнини такомиллаштириш;
     ● модалар ва дизайн марказларини ташкил этиш;
     ● кийим, газмол, аксессуарлар, оёқ кийимларининг жаҳондаги мода йўналишларини ўрганиш билан шу­ғулланадиган миллий моделлаштириш марказини ташкил этиш;
     ● товар ишлаб чиқарувчиларнинг ривожланган мамлакатлар илғор таж­рибаларини ўрганиб, жаҳон бозорларига чиқишини рағбатлантириш;
     ● енгил саноат корхоналарини ривожлантириш учун аҳолининг капитал маблағлар киритишини рағбат­лантирадиган ва кафолатли даромад олишига ишонч ҳосил қиладиган ти­зимни ишлаб чиқиш;
     ● корхоналарда меҳнатни ташкил этишнинг энг самарали, замонавий усулларидан фойдаланиш, улардаги меҳнат ресурсларини миқдор ва сифат жиҳатидан тартибга солиш;
     ● енгил саноатга фан ва техника ютуқларини кенг кўламда жорий этиш, хорижий инвестицияларни самарали жалб этиш ва уларда ресурс­лар тежамкорлигини таъминлаш;
     ● корхоналарда «билимлар иқ­тисодиёти» тушунчасини қўллашга жиддий эътибор қаратиш, аҳолининг тадбиркорлик қобилияти ва интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланишга эришиш.
     Енгил саноат корхоналаридаги иқтисодий самарадорлик аҳоли турмуш даражасини оширишга қуйидаги кўринишларда таъсир этаяпти: ишлаб чиқариш харажатлари, меҳнат унумдорлиги, даромад, фойда, иш ҳақи ва ҳ.к.лар. Демак, корхоналар самарадорлигини ошириш ҳисобига аҳо­ли турмуш даражасини юксалтириш учун қуйидаги вазифалар ижросини изчил йўлга қўйиш лозим:
     ● корхоналарда хомашёдан фойдаланишда қатъий тежамкорликка амал қилиш;
     ● энергия ресусурсларидан самарали фойдаланиш;
     ● модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштириб бориш;
     ● соҳага самарали инвестицияларни жалб этиш;
     ● ички бозорни ўзимизнинг енгил саноат маҳсулотлари билан тўлдириш;
     ● енгил саноат маҳсулотлари экс­порт ҳажмини ошириш;
     ● корхоналарда қўшимча ишчи ўрин­лари яратиш;
     ● ишчи-ходимларнинг иш вақти­дан самарали фойдаланиш;
     ● инқироз даврида ходимлар иш ҳақи ва даромадларини ошириш имкониятларини излаб топиш.
     Жаҳон молиявий-иқтисодий ин­қи­розига қарши чора-тадбирлар дас­турини амалга оширишда аҳоли ва енгил саноат корхоналари имкониятларини инобатга олиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш йў­налишини ишлаб чиқиш лозим. Фик­римизча, ушбу йўналишлар қуйи­дагилардан иборат:
     ● «аҳоли, яъни, ишловчиларнинг енгил саноат корхоналарига киритадиган ресурси фақат меҳнат», деган тушунчадан воз кечиш, аҳолининг бошқа ресурс турларидан: капитал, интеллектуал ва ахборот ресурсларидан енгил саноат корхоналарида самарали фойдаланиш;
     ● енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорликни ривожлантириш;
     ● янги ташкил этилаётган хорижий енгил саноат корхонасида иш­ловчилар (асосан, ёшлар)га замонавий технологияларда ишлаш кўникмасини сингдириш;
     ● тажрибали ишчилар фаолиятини хорижнинг янги ишлаб чиқариш технологиялари иш жараёнлари билан мувофиқлаштириш;
     ● корхоналарда меҳнат интизомига қатъий риоя қилинишига эришиш;
     ● самарадорликни оширишда қў­шимча имкониятларни татбиқ этиш.
     Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, саноат корхоналарида диверсификациялашни самарали йўлга қў­йиш маҳсулот ва хизматлар сифати такомиллаштирилишига олиб келади. Чунки, ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулот турларини ўзлаштириши билан бир қаторда уларнинг истеъ­мол хусусиятларини яхшилашга интилиши, пировардида сифат даражаси ўсишини таъминлайди. Бу эса, маз­кур маҳсулот ва хизматлар сотиш ҳажмининг кўпайиши билан бирга уларни сотиш бозорларининг кенгайишига ҳам таъсир кўрсатади.
     Шу жиҳатдан, тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқариш фаолиятини модернизациялаш ва ди­­версификациялаш жараёнлари ўза­ро боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғун ҳол­да қўлланилиши корхонанинг техник ва технологик жиҳатдан ривожланишига, молиявий ва иқтисодий имкониятларининг кенгайишига, барқарор­лигининг ошишига олиб келади.
 
Акбар СУЛТОНОВ,
ТДИУ тадқиқотчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.