Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронвирусга қарши курашиш штаби аъзоси Дониёр Алимов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Аввало шуни айтиш керакки, ушбу фонд олдиндан мавжуд бўлиб, меҳр ва шафқатга, эътиборга муҳтож одамларга, беморларга ёрдам бериб келаётган эди. Шу йўл орқали кўплаб ёрдамга муҳтож беморларнинг соғайишига, уларни яна ҳаётга қайтишига ҳисса қўшилди.
Бутун дунёда ва мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши ва ушбу касалликка чалинганларни даволаш ишлари давом этаётган шу кунларда қатор саҳоватпеша фуқароларимиз, тадбиркорларимиз, давлат ва нодавлат ташкилотлари юртимизда бошланган ана шундай хайрли ишларни қўллаб-қувватлаб, бу эзгу ишда ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Шуниси эътиборлики, бир кунда ушбу фонд ҳисоб рақамига 5 миллиарддан ошиқ маблағ келиб тушди. Бу рақамнинг ўзи халқимизнинг бағри кенглигини, энг синовли пайтларда бирига суянч, таянч эканлигини кўрсатиб бермоқда», – деди Дониёр Алимов 24 март кунги брифингда.