Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Farg’onaazot» АЖ турли қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, пахтадан мўл ҳосил олинадиган гўзал Фарғона водийсида жойлашганлиги билан аҳамиятлидир. Боғ ва пахта далалари ҳосилини етиштириш ва сақлаш учун катта миқдордаги минерал ўғитлар зарур бўлди. Фарғона вилоятидаги кенг экин ерларининг унумдорлигини таъминлаш учун ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг юқорилигини ҳисобга олган ҳолда ХХ асрнинг 50-йилларида ҳукумат томонидан бу ерда азот минерал ўғитларини ишлаб чиқариш заводини қуриш тўғрисида қабул қилинган қарорга асосан 1962 йилда ишга туширилган ва аммик селитрасининг дастлабки партиялари ишлаб чиқарилган эди. Завод жамоасининг ушбу ярим асрлик шижоатли бунёдкорлик меҳнати, узлуксиз тадқиқот ишлари, мутахассисларни касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, корхонанинг юксалиши ва унинг қувватларининг кенгайишга бағишланди. Завод водийси қишлоқ хўжалигининг ривожланишига, вилоят иқтисодиётини турли хилдаги кимёвий маҳсулотлар ва товарлар билан таъминлашга улкан ҳисса қўшиб келаётганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Шу билан бирга у мазкур вилоятда жойлашган бошқа кўплаб саноат корхоналари ичида етакчи мавқега эга бўлиб, Фарғона минтақасини нафақат боғлари ва майдонлари гуллаб-яшнаётган ўлкага, балки мамлакатимизнинг ривожланган саноат марказларидан бирига айлантиришга салмоқли улуш қўшмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш кераки, бугунги кунда «Farg’onaazot» АЖ «O’zkimyosanoat» АЖ таркибидаги энг йирик саноат корхоналаридан бири сифатида ўз маҳсулотлари билан нафақат республикамиздаги талаб ва эҳтиёжларни қондирибгина қолмай, балки чет мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда. «Farg’onaazot» АЖ асосан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун маҳсулот, экинларнинг ўсишини тезлаштириш учун минерал (азот) ўғитлар ва дефолиантлар, шунингдек, ацетат толалари (иплари)ни олиш учун целлюлоза ацетатлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бундан ташқари суюқ техник аммиак, гранулланган карбамид, гранулланган аммиак селитраси, натрий кристалл хлорати, магний хлорат дефолианти (суюқ), целлюлоза диацетати каби маҳсулот турлари ҳам ишлаб чиқарилади. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш – республикамиз кимё саноатининг энг ривожланган ва муҳим сегментларидан бири ҳисобланади.
Аммиак ишлаб чиқариш цехининг биринчи навбати 1964 йилда, иккинчи навбати эса 1968 йилда фойдаланишга топширилган, 1982 йилда эса йирик тоннали аммиак агрегати ишга туширилган эди. Уч йил ўтиб эса карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Киргили саноат узелида жойлашган «Farg’onaazot» АЖ учта ишлаб чиқариш мажмуасини эгаллаган. Асосий ишлаб чиқаришдан ташқари азот-фосфор ўғити, суюқ ўғит, суюқ азот-кальцийли ўғит, «Дармон» иссиқхона хўжаликлари учун ўғитлар, натрий нитрати, натрий бикарбонати, минерал ўғитларни қадоқлаш учун полиэтилен халталар ишлаб чиқариш цехлари ҳамда бошқа ёрдамчи бўлинмалар ишлаб турибди.
Асосий ишлаб чиқаришга мўлжаланган АМ-76 йирик тоннали аммиак агрегати бир йилда 450 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Табиий газ компрессорига турбина ва буғ ҳосил қилиш тизимига эга бўлган буғли риформинг блоги Чехиядан, РОУ 100/40 азот-водород аралашмаси компрессори Япониядан келтирилган. Шунингдек, КИПиАнинг бир қисми, трубопроводларга арматура Франциянинг Masoneilan фирмаси томонидан, Карбамид (мочевина) олиш жараёни технологияси Stamicarbon фирмаси (Голландия) томонидан етказиб берилган, 2003 йилда фойдаланишга топширилган карбамид ишлаб чиқариш мажмуи Chemoprojekt Чехия лойиҳа-инжиниринг компаниясининг бир агрегатидан иборат. Бундан ташқари карбамид (мочевина) олиш жараёни технологияси Stamicarbon фирмаси (Голландия) томонидан ишлаб чиқилган, қолган ускуналари эса мамлакатимизда ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати оширилди. Чунончи, 2002 йилда жаҳон стандартларига жавоб берадиган экологик тоза маҳсулот – магний хлорат дефолианти ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Технология ва асбоб-ускуналар Technip (Франция) компанияси томонидан етказиб берилди. Шу билан бирга аммиакли селитра ва концентрацияланмаган азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи қурилиб, фойдаланишга топширилди, «Концентрацияланмаган азот кислотаси ва аммиакли селитра ишлаб чиқаришлари қурилишини тугаллаш» лойиҳаси асосидаги ишлар тугалланди. Мазкур лойиҳа бўйича кредитлаш, техник ҳужжатларни тайёрлаш, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш «МБНС» (Чехия) фирмаси томонидан амалга оширилди.
Бугунги кунда «Farg‘onaazot» АЖ автоматлаштириш даражаси бўйича кимё саноати корхоналари орасида етакчи ҳисобланади. Корхонадаги барча ишлаб чиқариш цехлари технологик жараённи автоматлаштирилган бошқариш тизими (ТЖ АБТ) билан тўлиқ жиҳозланган. Жаҳоннинг етакчи инжиниринг компаниялари томонидан тақдим этилган эксперт ноу-хау ва илғор технологияларнинг уйғунлаштирилиши натижасида заводда ишлаб чиқариш самарадорлиги ва хавфсизлигини сезиларли даражада оширишга эришилди.
Чунончи, 2002 йилда фойдаланишга топширилган магний хлорат дефолиантининг биринчи цехида ишлаб чиқариш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилган. У Allen Bradley (C200) контроллерларга эга бўлган Plant Scape тизими билан жиҳозланган. Тизим иккита операторлик станцияси, битта маълумотлар тарихий сервери ва аварияга қарши ҳимоялаш пультидан иборат. Корхона мутахассислари ушбу тизимни модернизациялаш режалари устида ишлашмоқда. Шу тариқа яна бошқа лойиҳалар ҳам амалга оширила бошлади. Жумладан, АС-72М (аммиакли селитра) ва АК-72М (азот кислотаси) цехлари 2003 йилда фойдаланишга топширилди ва лойиҳа режасида Honeywell (АҚШ) фирмасининг Total Plant Scape ТЖ АБТга эга эди. Ўтган йили мазкур тизим модернизация қилиниб, Yokogawa компаниясининг (Япония) замонавий ва ишончлироқ тизимига қайта йўналтирилди. Тизим икки қисмдан иборат: биринчиси – Centum VP6 ТБТ тизими (тақсимланган бошқарув тизими) бўлиб, у азот кислотаси ва аммиакли селитра ишлаб чиқариш технологик жараёнларини узлуксиз назорат қилиш ҳамда тартибга солиш функцияларини бажаради. ТБТ таркибида бешта бошқарув операторлик станцияси ва конфигурациялаш учун битта муҳандислик станцияси мавжуд. ТБТдан ташқари ТЖ АБТ таркибида SIL3 даражаси бўйича сертификатга эга бўлган ProSafe-RS Yokogawa аварияга қарши ҳимоялаш замонавий тизими ҳам мавжуд. Иккала тизимнинг ҳам барча контроллерлари икки марта резервланган. Улар тизимлардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш ТЖ АБТни лойиҳалаштириш ҳамда йиғиш бўйича етакчи хорижий ўқув ва илмий-тадқиқот марказларида таҳсил олган малакали муҳандис-системотехниклар томонидан амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда заводни бошқариш, НЎАваА (назорат-ўлчаш асбоблари ва автоматика), алоқа цехлари, хўжалик цехи, ЛОДЦ интернет тармоғи билан тўлиқ жиҳозланган. Корхонанинг келгусидаги режалари яна улкан. 2019–2020 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган бутун корхона бўйича таркибланган кабель тизимлари лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Маҳсулот номенклатураси, маҳсулотнинг янги турларини ўзлаштириш ва экспорт қилиш масаласи корхона олдида турган асосий мақсадлардан биридир. Бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номенклатураси рўйхати 30 тага яқин номни қамраб олган (жадвалга қаранг).
Маҳсулот турларини кенгайтириш мақсадида барча имкониятлар ва маблағлар ўзаро боғланган тармоқлар (масалан, фармацевтика, тўқимачилик саноати, шиша саноати, автосаноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар) учун кимёвий маҳсулотлар турларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цехларни ташкил этишга йўналтирилмоқда.