(O´zbek) Мева-сабзавотчиликда кластер-кооперациялардан самарали фойдаланиш – бугуннинг талаби

2/2021

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимиз мавжуд табий-иқлим шароитига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган, экологик тоза, такрорланмас таъм ҳамда инсон саломатлиги учун энг фойдали элементларга бой мева-сабзавотларни етиштириш бобида беқиёс имкониятга эга. Эркин бозор муносабатларига ўтиш жараёнида ушбу соҳага устувор эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Зотан, айни пайтда бу турдаги маҳсу­лотларни ташқи бозорларда сотиш ҳисобига мамлакат валюта тушумининг сезиларли қисми шаклланаётгани соҳада жадал ислоҳотлар олиб борилаётганидан далолат беради.
     Қайд этиш керакки, мева-сабзавотчиликни ривожлантиришда юқо­ри даромадли рақоботбардош маҳ­сулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш айни заруратдир. Бу соҳадаги кооперация занжирини шакллантириш қуйидагича бўлиши лозим: уруғ­ликлар, кўчатлар, мева-сабзавот маҳ­сулотлари етиштириш, уларни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, транспортировкаси ва бозорга етказиш. Аммо юртимизда мева-сабзавот маҳсулот­ларини ишлаб чиқарувчилар айрим муаммоларга дуч келаётгани ҳам сир эмас. Хусусан,
     ● экспортбоп маҳсулот берувчи сифатли кўчатлар ва уруғликларнинг етишмаслиги;
     ● моддий ресурслар танқислиги;
     ● махсус техникалар камлиги;
     ● харидорлар билан кафолатли шартномалар йўқлиги;
     ● аванс маблағларнинг тўлиқ берилмаслиги;
     ● ўғит, ёнилғи, препаратлар ва бошқа ресурсларнинг етказиб бериш тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги;
     ● соҳага доир билим ва кўникмалар етарли эмаслиги;
     ● юқори малакали кадрларнинг етишмаслиги шулар жумласидандир.
     Табиийки, бу муаммоларнинг амалий ечими сифатида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан боғдорчилик тармоғи хўжалик­ларида бошқарув тизимини яхшилаш, давлат томонидан қўллаб-қув­ватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, мева-сабзавотчиликда кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чи­қариш ҳажмларини ошириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бинобарин, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулот­лари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти.
     Мамлакатимизда ҳозирги вақтда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт жараёнида ҳамон қатор камчиликлар кузатилаётгани ҳам бор гап. Улар:
     ● ҳар хил турдаги мева-сабзавот маҳсулотларининг кичик ҳажмда етиштирилиши;
     ● стандартлашган мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳажми камлиги;
     ● фермерлар томонидан бозор талабларига ёки ишлаб чиқариш ускуналарига мос равишда мева-сабзавотлар етказиб берилмаслиги;
     ● айланма маблағлар етишмаслиги;
     ● кредит фоизларининг юқори­лиги;
     ● шартномалар шартлари фермерлар томонидан тўлиқ бажарилмаслиги;
     ● самарали бизнес юритиш моделининг йўқлиги;
     ● халқаро стандарт ва сифат талабларига риоя этилмаслиги.
     Шу ўринда мева-сабзавот маҳсу­лотларини ишлаб чиқариш ва сотишда кооперативларнинг улушини қатор давлатлар мисолида кўриб чиқайлик. Чунончи, бу борадаги кўрсаткич Данияда 47-90 %, Нидерландияда 65-82 %, Германияда 30-65 %, Францияда 35-75 % ва Буюк Британияда 19-55 % ни ташкил этади.
     Мамлакатимиз дунё бозорларига бугунги кунда талаб юқори бўлган гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус меваларни етказишга ҳаракат қилмоқда ва ушбу маҳсу­лотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда. Бу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида бутун дунё тажрибасида ўзини оқлаган янги тизим – кластер-коо­перация тизимига ўтиш, улар фао­лиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани эса диққатга сазовор. Ҳозирда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республика бўйича мева-сабзавотчиликка ихтисослашган жами 47 та кластер ташкил этилиб, уларга 13,5 минг гектар ер майдони ажратиб берилган. Кластерлар ихтиёрида 15,9 минг тонна сиғимидаги музлаткич омборхоналар, 7810 тонна саралаш, 800 тонна калибрлаш, 4 та замонавий лаборатория, 119,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, 23201 тонна мева-сабзавотни саралаб-қадоқлаш цехлари мавжуд бўлиб, 1046 та доимий, 1085 та мавсумий иш ўрни яратилган. Мисол учун, Қашқадарё вилоятидаги «Шаҳ­рисабз мева-сабзавот агрофирма» МЧЖ 70 гектар, «Дармон фарма» мева-сабзавот хусусий корхонаси 1048 гектар ва «Қамаши томорқа хизмати» МЧЖ 70 гектар ер майдонига эга.
     Президентимиз томонидан «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тар­моғини янада ривожлантириш, со­ҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорнинг қа­бул қилиниши мазкур тармоққа ихтисослашган кластерларни барча ту­манларда ташкил этиш орқали қайта ишлаш, экспорт ва қўшилган қиймат ҳажмини оширишда дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ҳамда самарасиз боғларнинг ўрнида юқори ҳосил берадиган экспортбоп экинларни жойлаштириш, қайта ишлаш, сақлаш инфратузилмасига эга бўлган салоҳиятли экспортёр ва қайта ишлаш корхоналари томонидан клас­терлар йўлга қўйилмоқда.
     Таъкидлаш ўринлики, мева-сабзавот кластер-кооперация тизимини янада изчил ривожлантиришда қуйидагиларга аҳамият қаратиш лозим:
     ● мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мева-сабзавот клас­тер-кооперациясини ташкил этишни шартномалар асосида амалга ошириш;
     ● қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар орасидан уларнинг тажрибаси ва имкониятларидан келиб чиқиб танлаб олиш, бунда биринчи навбатда маҳсулотларни сақ­лаш ва қайта ишлаш бўйича тўлиқ ишлатилмаётган қувватларни ишга тушириш;
     ● мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни мева-сабзавот кластер-кооперацияларига бириктириш, улар билан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ҳамда туман ҳокимлиги ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган маҳ­сулот етказиб бериш шартномаларини амалга ошириш;
     ● мева-сабзавот кластер-кооперациялари — маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали тартибга солиш.
     Шартномалар фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, уларда маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб шакллантириш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи-мой­лаш материаллари ва бошқа ресурс­лар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш ўз аксини топмоғи лозим.
Шу билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги кластер кооперация бирлашмалари аъзолари ва мева-сабзавот кластер кооперациялари иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш тақозо этилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қув­ватлаш давлат жамғармаси томонидан маҳсулот етиштирувчилар уч томонлама келишув иштирокчиси бўлган қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар орқали айланма маблағлар билан таъминланиши, янги боғ, токзор ва иссиқ­хоналар барпо этиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш объектларини яратиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича молиявий тақдим этиш; интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этадиган банкларга ушбу лойиҳалар учун кредитлар ажратишда боғ ва токзорлар ҳосилга киргунга қадар (турига кўра) асосий қарз бўйича имтиёзли давр белгилаш тавсия этилиши; Боғдорчилик ва иссиқ­хона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш жам­ғармаси томонидан маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоп­лаш учун субсидиялар ажратилиши айни муддаодир.
     Олиб борилган илмий ўрганишлар мамлакатимизда мева-сабзавот етиштиришда ва кластер-кооперация­сини ташкил қилишда улкан имкониятлар мавжудлигини ҳамда улар­дан янада кенг, самарали фойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Ўз нав­батида мева-сабзавотчиликда ин­тенсив усулдаги боғлар ва серҳосил сабзавот турларини етиштиришни кў­пайтириш, минтақаларда ерлардан самарали фойдаланиш ва ҳосил бермаётган боғ ва токзорларни янгилаш, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида селек­ция ишларини йўлга қўйиш, такрорий ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил қилиш, илғор технологиялар ва нав-селекциялаш борасида янги инновацияларни жорий қи­лиш бу со­ҳанинг жадал ривожига се­зиларли таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
 
 
Жаҳонгир ҚОСИМОВ,
Қарши давлат университети мустақил тадқиқотчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.