Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Статистик маълумотларга кўра Германия бизнесининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани мамлакатимиз иқтисодиётида ушбу давлат инвестицияларининг улуши йилдан-йилга ўсишида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Хусусан, жорий йилда Германия инвесторлари билан биргаликда автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда умумий қиймати 1 млрд. долларга тенг бўлган 24 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга мазкур Европа давлати билан ҳамкорликда айниқса, аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларда хотин-қизлар соғлигига эътибор қаратиш, сифатли ва безарар дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлашга қаратилган тадбирлар кўлами ва аҳамиятига кўра алоҳида диққатга молик.
Айтиш жоизки, айни пайтда немис ишбилармонларининг Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга бўлган интилиши сезиларли даражада ортмоқда. Бунинг сабаби юртимизнинг Марказий Осиёда етакчи давлат мақомида эканлиги, сўнгги беш йилда республикада яратилган жозибадор инвестиция муҳити, табиий ва қулай иқлим шароити, бой доривор ўсимликлар захирасининг мавжудлиги билан боғлиқ, албатта. Қолаверса, сўнгги йилларда тиббиёт ва фармацевтика ривожини жадаллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини замонавийлаштириш мақсадида салмоқли ишлар рўёбга чиқарилаётгани хориж инвесторларини бефарқ қолдирмаяпти. Масалан, 2016 йилда Ўзбекистонда 120 га яқин фармацевтика корхоналари фаолият юритган бўлса, 2021 йилга келиб бу рақам 200 тадан ошди. Бугунги кунда ушбу корхоналар томонидан 33 та фармакотерапевтик гуруҳга мавжуд 3129 номдаги дори воситалари, 310 номдаги тиббий буюмлар ҳамда 93 номдаги тиббий техника маҳсулотлари маҳаллийлаштирилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилган.
Дунё миқёсида фармацевтика соҳасида ҳам энг пешқадамлардан саналган Германия тажрибасидан фойдаланган ҳолда ва ушбу давлатнинг инвесторлари билан тенг шериклик асосида ишлаб чиқариш қамрови ошиб бораётгани эътирофга лойиқ. Чунончи, ҳозирда мамлакатимизда Германиянинг энг нуфузли фармацевтика компанияларидан бири – «АХХО GmbH» билан биргаликда масъулияти чекланган жамият шаклидаги «UZGERМЕD РНАRМ» қўшма корхонаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда ампулали инъекция эритмалари, дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон бозорида 20 йиллик тажрибага эга йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона – «UZGERМЕD РНАRМ» нинг ишлаб чиқариш майдонлари сифат менежментининг GМР ISO 13485:2016 халқаро стандартларига тўлиқ жавоб беради. Айни пайтда корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш, янги дори воситаларини йўлга қўйиш лойиҳалари устида ишлашда давом этмоқда.
Асосийси, «UZGERМЕD РНАRМ» Ўзбекистонда фармацевтика бозорининг ривожланиши ва бу йўналишда экспорт кўрсаткичларининг ошишига, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшиш йўлида доимий изланишда.
Сардор КАРИЕВ,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори