Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон 2030 йилда қайта тикланадиган энергия манбаларининг электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидаги улушини 25 фоизга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этмоқда. Белгиланган муддатда кўзланган натижага эришиш учун эса Энергетика вазирлиги қайта тикланадиган энергия манбаларига боғлиқ йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрмоқда. Уларга мувофиқ, ўн йил ичида умумий қуввати 5000 МВт бўлган қуёш электр станциялари ва умумий қуввати 3000 МВт.га тенг шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган. Шу ниятда вазирлик томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида ушбу лойиҳаларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириш учун сармоядорларни танлаб олиш ишлари олиб борилмоқда.
2021 йил охиригача мамлакатимизда ҳар бирининг қуввати 100 МВт бўлган иккита фотоэлектрик (қуёш) электр станциясини ишга тушириш мўлжалланган. Айни йўналишда Энергетика вазирлиги давлат-хусусий шериклик дастурига асосан Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молиявий корпорация (IFC) иштирокида фотоэлектрик электр станцияларини қуриш учун «Scalingsolar II» лойиҳасини амалга оширмоқда. IFC қуёш энергиясига дахлдор лойиҳалар бўйича тендерларни таркиблашга ва ўтказишга ёрдамлашадиган етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.
2019 йилда юртимизда IFC кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ташкиллаштирилиб, 4 октябрь куни натижалари эълон қилинди. Навоий вилоятида 100 МВт қувватли илк фотоэлектрик электр станцияси қурилиши бўйича ўтказилган ушбу тадбирда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африкa, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания қатнашди. Уларнинг 11 таси дастлабки саралашдан ўтди. Тижорат таклифлари бешта компания, яъни, AcwaPower (Саудия Арабистони), Jinko Power ва Aljoimah Energy&Water Consortium (ХХР/Саудия Арабистони), Masdar (БАА), TBEA Xinjianing Sunoasis CoLtd (ХХР) ва Total Eren (Франция) томонидан тақдим этилди. Тендер комиссияси талабгорларнинг техник ва тижорат таклифларини ўрганиш ҳамда баҳолаш натижаларига асосан 1 кВт/соат ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2,679 АҚШ центи тарифи билан қурилиш муддати 12 ойни ташкил этадиган Masdar (БАА) компаниясини биринчи босқич ғолиби, деб топди. БАА экспертлари фикрича, қуёш электр станцияси йилига 260 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Жорий йилда мазкур лойиҳа тендерларининг навбатдаги босқичи ўтказилмоқда. «Scalingsolar II» доирасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 200 МВт.лик қувватга эга иккита фотоэлектрик электр станцияси қурилиши учун тендер эълон қилинди. Унда қатнашиш учун 83 та компания ва/ёки консорциум ариза топширди. Бу инвесторларда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига доир лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш кучайганидан далолат беради. Энг муҳими, кейинги вақтларда танлов иштирокчиларининг географик қамрови доираси кенгайди, улар сафига янги компаниялар, хусусан, Европа компаниялари ҳам қўшилди. Биринчи тендер муваффақиятли ўтганини ҳисобга олсак, иккинчисида иштирокчилар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Бу тарифлар янада пасайтирилишига эришиш имконини яратади.
Мамнуният-ила эътироф этиш мумкинки, айни кезларда Навоий вилоятининг Томди туманида Бирлашган Араб Амирликларнинг Masdar компанияси иштирокида умумий қуввати 500 МВт.га тенг шамол электр станцияси қурилмоқда. У 2023 йили фойдаланишга топширилади. Masdar Абу Даби амирлигининг Mubadala Investment Company инвестициявий холдинги шўъба компанияси ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича дунёдаги етакчи халқаро бирлашмалардан бири ҳисобланади. У амалга оширган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ўрнатилган 4000 МВт.дан ортиқ қувватни ўз ичига олади.
ЕТТБ Ўзбекистон ҳукуматини умумий қуввати 1000 МВт бўлган шамол энергияси лойиҳаларини ривожлантириш борасида ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳозир Қорақалпоғистонда 100 МВт.ли шамол электр станцияси барпо этиш учун дастлабки лойиҳа бўйича тендер эълон қилинган. Лойиҳада иштирок этишга 70 та компания ва/ёки консорциум қизиқиш билдирган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 1 февралида Шеробод туманида Осиё тараққиёт банки кўмагида фотоэлектрик электр станцияси қад ростлаши бўйича дастлабки лойиҳа ишга туширилганини маълум қилди. Бу лойиҳа ҳукуматимиз томонидан ушбу банк ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 1 ГВт қуёш энергияси ҳосил қилиш дастурининг бир қисмидир. Лойиҳага биноан камида 200 МВт ўзгарувчан ток қувватига эга қуёш электр станцияси, чунончи, янги 220 кВ кучланишли подстанция ва «Сурхон – 500 кВ» подстанциясига уланиш учун жами узунлиги 52 километрлик электр узатиш линияси тортилади. Бугунга қадар тендерда иштирок этиш учун 54 та компаниядан ариза тушди.