Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сурхондарё вилояти республикамизнинг жануби-шарқида, Сурхон-Шеробод водийсида жойлашган. Тўрт тарафи Ҳисор, Боботоғ, Бойсун ва Кўҳитанг тоғ тизмалари билан ўралган. Жанубдан Амударё билан чегараланган, воҳа ўртасидан Сурхондарё кесиб ўтган. Табиий географик ўрни қулай, меҳнат ресурслари етарли. Жами майдони 20 минг 800 квадрат километр. Аҳолиси 2,5 миллион кишидан ортиқ.
Бу вилоят фойдали қазилмалар ва қурилиш хомашёларига бойлиги, минерал сувли булоқлари, сўлим ва баҳаво гўшалари кўплиги, ери унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Иқтисодий имкониятлари улканлиги, географик ва транспорт салоҳияти кенглиги жиҳатидан мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Мустақиллик йиллари вилоятда ана шу омиллардан самарали фойдаланиш, ҳудудни ҳар томонлама тараққий эттириш борасида диққатга молик ишлар амалга оширилди. Замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ишга туширилиб, янги турдаги харидоргир ва сифатли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Сертармоқ фермер хўжаликларини кўпайтиришга эътибор кучайтирилиб, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесга кенг йўл очиб берилди.
Натижада, яқин-яқингача асосан қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқ саналган Сурхон заминида иқтисодиётнинг бошқа соҳалари ҳам изчил ривожланиш йўлига ўтди. Маҳаллий саноат салоҳияти анча юксалиб, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайди. Сервис ва турли хизматлар кўрсатиш давр талаблари даражасида йўлга қўйилди. Бу ўзгаришлар аҳолини иш билан таъминлаб, турмушини янада фаровонлаштиришда, воҳадаги шаҳар-қишлоқларни том маънода обод ва сўлим масканларга айлантиришда беқиёс аҳамият касб эта бошлади.
Бинобарин, эндиликда Сурхондарё вилояти иқтисодиётида саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳалари салмоқли мавқега эга. Келгусида уларни янада ривожлантириш имкониятлари катта. Чунки бу замин минерал хомашё ресурсларига анча бой. Унда, айниқса, нефть, газ, тошкўмир, стронций-селестин, фосфорит, аргиллит, доломит, керамзит, йод, бром, бентонит, гранит, мармар, сайқалланган ва пардозлаш тошлари, оҳактош, гипс, шунингдек, блок, цемент, ғишт, дамба, чинни маҳсулотлар тайёрлаш учун зарур хомашёлар, лёссимон жинслар, қурилишбоп тошлар, қум, шағал, қум-шағал аралашмалари, маъданли тузлар, шифобахш сувлар кўп.
Ушбу мақолалар тўлик матнини журналнинг босма версиясида ўқинг.