Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги глобаллашув шароитида ишончли, очиқ ва ошкора ахборот тарқатиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунёни манфаатлар бошқараётган ҳозирги пайтда ахборот кўмагида жуда кўп натижаларга эришиш мумкин. Шу боис, мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига катта эътибор берилмоқда. Эътироф этиш жоиз, сўнгги йилларда бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, кенг жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисида янада тўлиқ хабардор қилиш, аҳоли, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг ахборотлардан кенг фойдаланишлари ҳамда бу борада ошкораликни таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси шакллантирилди.
Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан ҳамма эркин ва очиқ фойдаланиши, ушбу ахборотларнинг ҳаққонийлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилди.
Ўз навбатида, юртимизда демократик ислоҳотларнинг янги босқичи ва ҳозирги давр тенденциялари, ахборот соҳасини эркинлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, давлат статистика ахборотлари тўлиқлилигини, ишончлилигини ва ошкоралигини, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг қандай бораётганлигини тўлақонли ва холис таҳлил этиш, давлат статистика органларининг роли, масъулияти ва таҳлилий салоҳиятини ошириш каби долзарб масалалар давлат иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим пойдевор бўлмоқда. Мазкур стратегияда ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш юзасидан энг муҳим йўналишлар белгилаб берилган.
Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган аниқ мақсад ва вазифалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилишига асос яратиб берди. Жумладан, давлат статистика тизими фаолиятини замонавий талаблар ва халқаро стандартга тўла мослигини таъминлаш ва уни тубдан такомиллаштириш зарурлигини инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан статистика тизими фаолиятидаги мавжуд камчиликлар аниқ кўрсатиб берилди ва уларни бартараф этиш мақсадида 2017–2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг юқоридаги муҳим ҳужжати билан белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида Давлат статистика қўмитасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ва ҳар бир устувор вазифа ижроси юзасидан «Ҳаракат режалари» ишлаб чиқилди.
Қарор ижроси доирасида, Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Тизимдаги тармоқ бошқармалари ва бўлимлари бошқарув ходимларининг тўлиқ ротацияси амалга оширилди. Давлат статистика ишларини тўлиқ ва юқори даражада сифатли амалга ошириш бўйича барча тузилмавий бўлинмалар функциялари ва масъулиятини аниқ белгилаб қўйиш юзасидан зарур меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилди.
Давлат статистика қўмитасида Ахборотларни тарқатиш, халқаро ахборот алмашув ва жамоатчилик алоқалари ҳамда Ижтимоий соҳа ва барқарор ривожланиш статистикаси бошқармалари ташкил этилди. Шу билан бирга, тайёрланадиган статистик ва таҳлилий материаллар кўламини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида, марказий аппарат таркибидаги тармоқ бошқармалари негизида ахборот-таҳлилий бўлинмалар тузилди.
Мазкур бўлинмаларнинг асосий фаолияти статистик кузатувлар тизимини халқаро амалиётга мослаштириш, макроиқтисодий, тармоқ ва ҳудудий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни кенг қамраб олган ҳолда ислоҳотларни янада тўлиқ акс эттирадиган ишончли статистик ахборотларни шакллантириш, уларни тезкор ҳамда сифатли таҳлил қилиш, миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг қатламлари учун максимал даражада очиқ-ойдинлик ва ошкораликни таъминлашга йўналтирилди.
Бундан ташқари, статистика кузатувларини такомиллаштириш ва соддалаштириш, танланма кузатувларни кенгайтириш, ҳисобот шаклларини қисқартириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобот юкламасини пасайтириш бўйича зарур тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, бирхиллаштирилган ва соддалаштирилган кўрсаткичлар таркибига эга бўлган интеграциялаштирилган сўровномалар асосида кичик корхоналар, микрофирмалар, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятининг статистик кузатувлари такомиллаштирилди. Шунингдек, уй хўжаликлари кузатувларини таҳлил қилиш имкониятлари янада оширилиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари норасмий фаолиятининг мунтазам статистик кузатувлари тизими кенгайтирилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, агар илгари статистик ҳисоботлар бирламчи ахборот олишнинг асосий манбаи бўлган бўлса, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилдан бошлаб статистик ҳисоботлар улуши 53,8 фоизни ташкил этади (1-расм).
Статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнларини автоматлаштириш даражасини бошқариш ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни тубдан кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилди. Шу ўринда, «Estat-2.0» автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилиб, узлуксиз фаолияти таъминланиши ҳисобот топширувчилар учун статистика ҳисоботларини 100 фоиз электрон кўринишда тақдим этиш имкониятини яратди. Бунинг натижасида, юртимизда фаолият олиб бораётган 430 мингдан ортиқ хўжалик субъекти ўз ҳисоботларини статистика идораларига электрон кўринишда Интернет халқаро ахборот тармоғи орқали тақдим этмоқда.
Албатта, бу ҳолат, барча ҳисобот топширувчилар учун қулайлик яратиш билан бирга уларга вақтни тежаш, ҳисобот топшириш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатларни қисқартириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, давлат статистика органлари ходимлари ва ҳисобот топширувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келиши мумкин бўлган турли салбий ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун қулай замин яратмоқда.
Яна бир устувор йўналишлардан бири, Давлат статистика қўмитаси ва ҳудудий органлари расмий сайтларини такомиллаштириш, уларда фойдаланувчилар учун холис ҳамда долзарб статистик ахборотлар ва таҳлилий материалларни жойлаштириш, маълумотларни визуаллаштириш имкониятларини, шунингдек, фойдаланувчилар билан «онлайн маслаҳат» режимида тезкор мулоқот ўрнатилишини таъминлаш ҳисобланади.
Бу борада, 2017 йил 1 ноябридан бошлаб қўмита расмий веб-сайтининг янгиланган шакли ишга туширилиши фойдаланувчилар учун катта қулайликлар яратмоқда. Янги веб-сайтнинг афзалликларини, энг аввало, фойдаланиш учун қулай бўлган интерфейси, учта тилда тақдим қилиниши, эълон қилинаётган статистик қўрсаткичлар бир бўлимда яхлитланганлиги ва таркиби кенгайтирилганлигида кўриш мумкин. Веб-сайт нафақат статистик кўрсаткичлар, балки ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилган ютуқлар ва натижалар тўғрисида йиллик, чораклик, ойлик пресс-релиз шаклидаги таҳлилий маълумотлар билан бойитиб борилмоқда.
Шу ўринда, ҳисобот йилининг 1 ноябридан буён ўтган қисқа давр ичида, қўмита веб-сайтига 66 мингдан зиёд юртимиз фуқароси, шунингдек, 82 та бошқа давлатлар фуқаролари ташриф буюрганини кўриш мумкин (Россиядан 2700 дан зиёд, Колумбиядан 2200 дан зиёд, АҚШдан қарийб 600, Буюк Британия, Хитой, Нидерландия, Қозоғистон ва Украинадан 200 дан зиёд, Жанубий Корея, Япония, Германия ва Чехиядан 100 дан зиёд ташрифлар амалга оширилган).
Қўмита сайтида ўртача кунлик ташрифлар сони 1700 дан ошаётганлиги, қолаверса, 30 фоиздан ортиқ фойдаланувчилар таҳлилий маълумотлардан фойдаланганликлари (2- расм) эътиборга лойиқ албатта.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ахборотдан фойдаланувчилар, жумладан, ёшларнинг Қўмита расмий сайтининг мазмуни ва кўрсатилаётган интерактив хизматлардан қониқиши юзасидан сўровлар ўтказиб бориш бўйича «Фейсбук» ижтимоий тармоғида қўмитанинг саҳифаси очилиб, «Телеграмм» мессенжерида алоҳида гуруҳ ташкил этилди.
Ҳозирги кунда қўмита веб-сайтини янада такомиллаштириш, фойдаланувчиларнинг талаб ва таклифларини қаноатлантириш ва улар учун янги имкониятларни яратиш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг қатлами учун статистик ахборотлар очиқ-ойдинлиги, ошкоралигини максимал даражада таъминлаш, халқаро статистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда ижобий қадамлар қўйилди.
Хусусан, 2018 йилга тайёрланаётган Давлат статистика ишлари дастури лойиҳасида жамоатчиликни, халқаро молиявий, иқтисодий ва статистика ташкилотларини Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ҳаққоний ва долзарб маълумотлар билан таъминлаш масалалари кўзда тутилди.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш бўйича жорий йилда 17 та халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик ва статистик ахборотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
2017 йил 1–2 ноябрь кунлари Давлат статистика қўмитасида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) статистика бўлими директори Лидия Братанова ва ушбу комиссиянинг ҳудудий маслаҳатчиси Стивен Вейл иштирокидаги семинар ташкил этилди. Семинарда ЕИКнинг статистика соҳасидаги фаолияти ҳамда Давлат статистика қўмитаси билан БМТ ЕИКнинг статистика соҳасида техник ҳамкорлик бўйича фаолияти мавзуларида тақдимот ўтказилди. Мазкур тадбирда статистик бизнес-жараённинг умумий модели, ундан амалиётда фойдаланиш, Барқарор ривожланиш мақсадлари учун статистика соҳаси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бу каби тадбирларни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Шунингдек, бошқа мамлакатлар статистика идоралари билан ҳамкорлик қилиш ишлари давом эттирилиб, 2017 йилнинг октябрь ойида Қирғизистон Республикаси миллий статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ўртасида статистика соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси элчилари, Халқаро валюта фонди, Европа иттифоқи комиссияси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан статистик маълумотлар алмашувларини кенг йўлга қўйиш борасида учрашувлар ўтказилди.
2017 йилда БМТнинг Статистика бўлими, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, ЮНИСЕФ, ФАО, Евростат, СИАТО, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Европа Эркин савдо уюшмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан Австрия, Швейцария, Франция, Италия, Испания, Венгрия, Греция, Сербия, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Туркия, Белорусь, Литва, Черногория, Грузия, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларида ташкил этилган статистика соҳаси билан боғлиқ 40 та халқаро илмий-услубий конференциялар, семинарлар ва ўқув курсларида 53 нафар тизим ходимлари халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида иштирок этди.
Бундан ташқари, Халқаро валюта фонди билан ҳамкорликни амалга ошириш кўлами кенгайтириб борилмоқда. Ушбу жараёнларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси бўйича иқтисодий ва молиявий маълумотлар қулайлиги ва очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши муҳим замин яратиб берди.
Зеро, Халқаро валюта фондининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатиш умумий тизими (ХВФк-МТУТ)га қўшилиш, мамлакатлар ўртасида молиявий-иқтисодий маълумотлар алмашинуви, уларни қиёсий таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятини бериб, пировардида молиявий-инвестициявий оқимлар ва қўйилмалар ҳажмини ошириш ҳамда натижадорлигига эришишга хизмат қилади.
Бу борада барча ҳуқуқий асослар яратилди. 2018 йил 1 январдан бошлаб тегишли маълумотлар эълон қилинишини йўлга қўйиш мақсадида, Ҳукумат томонидан Идоралараро ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ва тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида ХВФнинг к-МТУТ саҳифаси очилди ҳамда унда йиғма маълумотлар миллий саҳифаси, йиғма маълумотлар жадваллари, метамаълумотлар ва уларни эълон қилиш тақвимлари белгиланган тартиб асосида жойлаштириб борилмоқда. Бунинг натижасида, Ўзбекистонда инвестицион иқлимнинг янада яхшиланиши учун рақамларга асосланган ва Халқаро валюта фонди томонидан тан олинган ҳамда тасдиқланган замин яратилишига эришиш кутилмоқда.
Яна бир эътироф этиш лозим бўлган масала, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини, эришилаётган ютуқлар ва натижаларни кенг жамоатчиликка етказишдир. Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрда алоҳида фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ва Марказий банк раҳбарлари таркибида идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
Ҳозирги кунда ишчи гуруҳи томонидан доимий равишда таҳлилий маълумотлар, пресс-релизлар, кўрсаткичлар ва инфографикаларни оммавий ахборот воситалари, оммавий сайтларда эълон қилиб бориш ҳамда ҳар ойда камида икки маротаба халқаро пресс-клубда давра суҳбатлари ўтказиб бориш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида, Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида сайёр семинарлар ва «давра суҳбатлари» ташкил этиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент молия институтида республикамизнинг етук олимлари иштирокида ижтимой-иқтисодий ислоҳотлар натижалари кенг муҳокама қилиниб, атрофлича таҳлил этиб борилмоқда. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифалардан яна бири, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларга ўз мурожаатларини очиқ-ойдин ва қулай билдириши учун зарур имкониятларни яратишдан иборат. Давлат статистика қўмитаси томонидан бу борада қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот йили иккинчи чорагидан бошлаб қўмита расмий веб-сайтида «Раиснинг виртуал қабулхонаси» ишга туширилиб, унинг узлуксиз фаолияти таъминланди. Барча давлат статистика органлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига интеграция қилинди. Йил давомида келиб тушган 46 та мурожаатда кўтарилган масалаларнинг ижобий ҳал этилиши таъминланди.
Давлат статистика қўмитаси раҳбарлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳоли мурожаатлари учун сайёр қабуллар ташкил этилди. Сайёр қабулларда келиб тушган барча мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилиб, улар бўйича зарур ва ижобий қарорлар қабул қилинди.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар қандай соҳанинг ривожланишида ва унинг истиқболида кадрлар салоҳияти муҳим устуворлик касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган қарорида ҳам статистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Қарорда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари марказининг 2017 йилги ўқув-тематик дастурлари янгиланди. Шунингдек, 2018 йил учун тизим ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастури ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент молия институти билан ўқув-амалиёт тадбирларини ўтказиш, битирувчилардан кадрлар захирасини шакллантириш, улар бандлигини таъминлаш, илмий-тадқиқот, ўқув-услубий қўлланмаларни ҳамкорликда чоп этиш каби йўналишларда келишув шартномалари имзоланди.
Жумладан, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг касб малакасини ошириш орқали, мамлакатимизда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларининг амалга ошириш жараёнларини ҳамда аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларни тўлиқ акс эттирадиган статистик-таҳлилий ахборотларни тезкор ва сифатли тайёрлаш ишларини самарали ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қисқача қилиб айтганда, Ўзбекистон статистикасини илғор хорижий мамлакатлар статистикаси қаторидан муносиб жой олиши учун барча илмий-амалий тажрибани, бор куч ва имкониятларни ишга солиш, тизим органлари таҳлилий салоҳиятини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мақсадли ва юқори савияда ташкил этилади, пировардида муҳтарам Президентимиз томонидан тизим олдига қўйилган вазифалар тўлиқ ва самарали тарзда амалга оширилади.
Баҳодир БЕГАЛОВ,
Давлат статистика қўмитаси
раиси, иқтисод ф.д., профессор