Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ва эркинлигига амал қилиш ҳамда ижтимоий ва атроф-муҳит софлигига қаратилган бозор муносабатларини шакллантириш орқали дунё ҳамжамиятига тўла ҳуқуқли интеграциялашишни таъминловчи ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш сари дадиллик билан бормоқда. Республикамиз мустақилликни қўлга киритган кунларданоқ табиатни муҳофаза қилиш, экологияни асраш масаласига алоҳида эътибор берила бошланди.Табиатни муҳофаза қилишни такомиллаштириш юзасидан унинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини яратиш мақсадида дастлаб «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Сўнгра унинг таъсирчан механизмларини яратиш учун экологияга оид қатор қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Бутун республикамизда бўлгани каби вилоятда ҳам юқоридаги қонун ва қонуности ҳужжатларига оғишмай амал қилиниши натижасида табиат мусаффолиги таъминланишига ва экологик соф маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилмоқда.
Республикамизда амалга оширилаётган устувор ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши, шахсий манфаатлари ва қизиқишларини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитлар ва амалий механизмларни яратиб беришдан иборатдир.
Бу борада экотизимни яхшилашдаги асосий омиллар: ҳуқуқий тажрибаларни ўрганиш, замонавий илм-фан ютуқларини қўллаш, энг сўнгги техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш, экологик хавфсизликнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида белгилаб олинган. Жумладан, иқтисодий ривожланишнинг истиқболлари белгиланаётганда унинг атроф-муҳитга таъсири, экологияга таъсири албатта ҳисобга олиниши зарур. Иқтисодий ва экологик сиёсат уйғунлигини таъминлашда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ўрни катта.
Бошқарма ходимларининг бош вазифаси экологик хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қайта тиклаш соҳасида ягона давлат сиёсатини таъминлаш; вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, алоҳида шахслар томонидан ерлар, қазилма бойликлар, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик олами, атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш; табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини тармоқлараро комплекс бошқарувини амалга ошириш; атроф-муҳитнинг қулай ҳолатини таъминлаш ва экологик соғломлаштириш бўйича ишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштиришдан иборат.
Айни пайтда вилоятда қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш саноати ва бошқа тармоқлар, тадбиркорлик фаолияти изчил ривожланиб бораётгани ҳамда кўплаб корхона (атроф-муҳитга потенциал таъсир кўрсатувчи)лар сифатида мавжудки, улар бошқарма ва унинг тизимлари томонидан доимий тарзда назорат қилиб борилади.
Мустақиллик даврида Ўзбекистон табиий ресурсларининг нобарқарор бошқаруви билан боғлиқ мураккаб экологик муаммоларга дуч келди. Шунингдек, коммунал хўжалиги, саноат манбалари ва суғориладиган майдонлардан қайтган оқава сувлар натижасида вужудга келган юқори даражадаги ифлосланиш кузатилди. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги, энергетика ва саноат тармоқларидаги жиддий тузилмавий муаммоларга боғлиқ бўлиб, ҳали-ҳануз атроф-муҳит ва табиий ресурсларни бошқаришдаги қийинчиликнинг асосий сабабчиси бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ҳудудлари учун қуйидагилар муҳим аҳамиятга эга: аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш; атмосфера ҳавоси ва сув ресурслари ифлосланишига йўл қўймаслик, чучук сув етишмаслигига чек қўйиш; тупроқ шўрланиши ва емирилишини пасайтириш; қаттиқ саноат чиқиндилари тўпланишини камайтириш; сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имкониятларини кенгайтириш; биологик хилма-хиллик ва маҳсулдорлик пасайиши ва қисқаришига чек қўйиш.
Иқтисодиётда сўнгги йилларда рўй бераётган тармоқ ўзгаришлари табиий ресурслардан фойдаланиш даражаси ва атроф-муҳит ифлосланишига шубҳасиз, таъсир этмоқда. Шу боис қайд этилганидек, экологик қарорлар қабул қилишнинг иқтисодий омиллари, яъни экологик ва иқтисодий сиёсатни уйғунлаштириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди. Бу борада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси иқтисодий воситаларни кенг қўллаган ҳолда асосий эътиборни ресурс тежовчи ва кам чиқитли технологияларни, янги хизмат турлари, тадбиркорликнинг оптимал кўринишларини жорий қилишга қаратмоқда.
Ўтган йиллар давомида вилоятда экологик ҳолатни соғломлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонунчиликка риоя қилиш устидан назоратни кучайтириш ва текширишларни тартибга солиш борасида муайян дастур белгиланиб, амалий ишлар бажарилди. Хусусан, Ш.Рашидов туманидаги Қангли ҚФЙда «Eko House» МЧЖга саккиз гектар ер майдони ажратилди. Мазкур жамият чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, қайта ишлаш лойиҳасининг умумий қиймати 16,4 млрд. сўмга тенг бўлиб, 1,5 млрд. сўми қурилиш-монтаж ишлари учун 14,9 млрд. сўми эса чиқинди саралаш ва қайта ишлаш асбоб-ускуналари хариди учун сарфланди. Милий банк кредити ҳисобидан – 14,9 млрд. сўм (асбоб-ускуналарга – 3,5 млн. долл.), тадбиркорлар ҳисобидан – 1,5 млрд. сўм (қурилиш ишларига) жалб этилди. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган «Eko House» МЧЖ ҳар ойда 400 т чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш қувватига эга. Корхона асосан Жиззах шаҳри, шунингдек, Ш.Рашидов ва Зарбдор туманидаги чиқиндиларни қабул қилиб, саралайди ва қайта ишлайди. Мазкур жамият атроф-муҳит мусаффолигига, экологик барқарорлик таъминланишига муносиб ҳисса қўшади.
Ҳудуд экологияси, атроф-муҳит тозалиги борасида аҳолига кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб боришда ОАВларининг роли ниҳоятда катта. 2016–2017 йиллар давомида вилоят телерадиокомпаниясида экологик маданиятга доир 150 дан зиёд чиқишлар қилинди. Шунингдек, бошқарма ходимлари амалга ошираётган ишлар вилоят ва республика радиотўлқинлари орқали тарғиб қилинмоқда. Инсонларни фикрлашга, атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмасликка ва экологияга муносабатни ўзгартиришга чорловчи долзарб мавзулардаги мақолалар туманлардаги маҳаллий рўзномаларда чоп этилаётгани ижобий натижалар бермоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят газеталарида 50 дан ортиқ долзарб мавзудаги мақолалар чоп этилди. Шунингдек, 2017 йилдан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни, қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда 165 га яқин семинар, маъруза, давра суҳбатлари ташкил қилиниб, 1320 марта жойларда тушунтириш ишлари олиб борилди. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, бу каби ишлар мунтазамлик касб этиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари давом эттирилади.
Бошқарманинг экоҳаракатчилари табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, жорий этилаётган ҳар бир янгиликнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш каби муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида тизимда иқтисодий услубларни жорий этиш, яъни ҳақ тўлаш ҳисобига табиатдан фойдаланиш ва бошқариш усулини қўллашмоқда. Экологик вазиятни тартибга солишнинг асосий омилларидан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф-муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун тўловлар тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорининг бажарилишидир. Қарор асосида атроф-муҳитга зарар етказиб ишлаётган корхона ва ташкилотлардан жарима тўловлари ундирилмоқда. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида табиатдан фойдаланишнинг илмий асосланган иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларини жорий қилиш» концепциясининг иқтисодий усулларини босқичма-босқич жорий қилиш давом эттирилмоқда.
Аграр соҳани модернизация қилишни таъминловчи ўта муҳим вазифалардан бири бу – суғорма деҳқончилик қилинадиган ҳудудларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини кескин ошириш, мазкур ҳудудлардаги тупроқ унумдорлигини яхшилаш, ундан самарали ва имконият даражасида тўлиқ фойдаланишга эришишдир. Фақат шундагина жамиятда ижтимоий-психологик ва иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган минтақавий озиқ-овқат ва хомашё хавфсизлигига эришилади. Республика иқтисодиётини экологик барқарорлик сари йўналтириш устувор вазифаларини амалга ошириш учун кўзланган сиёсатни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарур. Дарҳақиқат, бебаҳо неъмат саналмиш турмуш тарзимиз, соғлиғимиз табиат яшиллиги, атроф-муҳит софлиги ҳамда экологик барқарорлик – ҳаво мусаффолиги билан чамбарчас боғлиқ. Ҳудудларимиз гўзаллиги, атроф-муҳит софлиги, боғлар яшиллиги, наботот ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги, сой ва дарёларимиз сувлари тиниқлигини асл ҳолича келгуси авлодга етказиш ҳар биримизнинг нафақат асосий, балки инсоний бурчимиздир.
Инсоний бурчимизни бажаришда эса фарзандларимизга биринчи навбатда ўзимиз ибрат, намуна бўлишимиз зарур. Майли, бу кранда оқиб ётган сув жўмрагини бураш бўладими, кўчадаги чиқитни махсус жойга ташлаш бўладими, шу ҳаракатларимиз билан табиат мусаффолигига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Зеро, бундан Она-табиат фақат ва фақат фойда кўради. Қолаверса, бу табиат олдидаги инсонийлик бурчимиз ҳамдир!
Бахриддин МАҲМУДОВ,
иқтисод фанлари доктори
Нилуфар ЭРНАЗАРОВА,
мустақил тадқиқотчи