Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Самарали меҳнатлари эвазига иқтисодиётни юксалтириш, турмуш фаровонлигини ошириш йўлида янги ғоя, янги ташаббуслар билан доимо сергак яшаётган наманганликлар учун республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳеч шубҳасиз дастуриламал бўлмоқда. Дарҳақиқат, кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари вилоятнинг энг чекка ҳудудлари қиёфасини ҳам тубдан ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Меҳнат жабҳаларидаги янгича шароит, кундалик турмушдаги қулайликлар ўз-ўзидан иш унумига, маҳсулдорликка ижобий таъсир этмоқда.
Инсон омили ва манфаатлари олий қадрият саналувчи Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичига ўтилиши вилоят аҳлининг ўз салоҳият ва имкониятларини сафарбар этиши учун Президентимизнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган тамойилларга ҳамоҳанг амалга оширишга киришилганлиги муваффақиятлар гарови бўлиши шубҳасиз. Мазкур ҳужжат моҳиятан жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг «йўл харитаси»га айланиб улгурди.
Хусусан, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йилида Наманган вилоятида иқтисодиётнинг қарийб барча соҳаларида ижобий ўзгаришлар, истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳолининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини таъминлашда ўз ифодасини топмоқда. Яъни, республикамиз ҳаётида юз бераётган сезиларли ўзгаришларни синчковлик билан кузатаётган юртдошларимизни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар уларнинг эртанги кунга бўлган ишончларини янада мустаҳкамламоқда, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлидаги мақсадларини ойдинлаштирмоқда.
Ортга назар ташлайдиган бўлсак, вилоятда йил давомида ҳаётбахш ислоҳотларнинг самарасини ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар жиҳатдан жадал ривожлантирилиши учун мақбул даражадаги шарт-шароитлар яратиш, корхоналарни модернизация қилиш ва барча соҳаларни либераллаштириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.
Энг муҳими, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган принцип асосида ташкил этилаётган стратегияда акс этган тамойилларнинг ижроси қисқа вақтда самарали натижалар бераётганини кўриш мумкин. «Вилоятни 2017–2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури» бўйича ҳар бир ҳудудда ташкил этилган тадбиркорлар, фуқаролар ҳамда сайёр қабуллардаги ташаббускорлар таклифларига асосан ҳисобот йили давомида 1176 та, жумладан, саноат соҳасида 330 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 566 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 277 та истиқболли лойиҳалар рўйхати шакллантирилди.Ушбу таклифлар асосида қарийб 1,5 трлн сўм миқдоридаги маблағлар эвазига олти мингдан зиёд иш ўрни барпо этиш белгилангани ҳолда, амалда 1015,2 млрд сўм маблағ ҳисобига 1174 та лойиҳа амалга оширилди.
Тараққиётни таъминловчи куч сифатида эътироф этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар ишбилармонлар сони кескин ўсишига, бандлик ва ишлаб чиқариш ҳажми ортишига, бу ўз навбатида, турмуш сифати ўзгаришига ижобий таъсир этмоқда. Вилоятда ташкил этилган учта кичик саноат зонасига тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилаётгани, шунингдек, енгил саноат соҳасида «Текстиль кластери» инновацион модели ишлаб чиқилиши вилоятнинг саноат соҳасини ҳам тубдан ривожлантиришга ҳисса қўшиши аниқ.
Вилоятни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришда ички ва ташқи қўйилмаларнинг ўрни беқиёс. Ишга тушган лойиҳалар таҳлилларига кўра, саноат соҳасида 333 та лойиҳага жами 148,4 млрд сўм миқдорида инвестиция йўналтирилиб, 11136 та янги иш ўрни барпо этилди. 708,4 млрд сўм миқдоридаги инвестициялар ҳисобига 236 та янги корхона ишга туширилиши вилоят салоҳиятини оширди. Натижада, маҳаллий хом ашё ҳисобига янги тур маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари вилоятнинг республика иқтисодиётига қўшаётган улуши ҳам сезиларли даражада ўсаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, янги корхоналарнинг очилиши маҳаллий ёшларни иш ўринлари билан таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, уларнинг ташкил этилиши ҳисобига 7164 та иш ўрни яратилди. Лойиҳаларни амалга оширишда, айниқса, енгил саноатга дахлдор 54 та, қурилиш материалларига оид 41 та, озиқ-овқат бўйича 32 та корхонанинг модернизациясига алоҳида аҳамият қаратилди.
Қамров жиҳатидан бандликни оширишда юқори кўрсаткичга эга хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 169,3 млрд сўмлик инвестициялар йўналтирилиб, 566 та замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди ҳамда 3689 нафар ишсиз фуқаро мунтазам иш жойларига ва муқим даромад манбаларига эга бўлди.
Тезкор ҳаётимизни бугун ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. АКТ ҳар бир соҳага жадал кириб, унга эҳтиёж ҳам тобора ошмоқда. Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизни банк хизмати, тезкор пул ўтказмалари, тўловлар ва ахборот оқимини интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Вилоятда 138,9 млрд сўм миқдоридаги маблағлар эвазига ташкил этилган шохобчалардан 15 таси алоқа ва ахборотлаштириш, иккитаси молия, тўққизтаси транспорт, 31 таси овқатланиш, 332 таси савдо, 22 таси кўчмас мулк, иккитаси таълим, 29 таси соғлиқни сақлаш, 11 таси компьютер ва маиший жиҳозларни таъмирлаш, 58 таси шахсий хизматлар, биттаси меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлилига оид хизматлар бўлиб,13 таси бошқа хизмат турларига тўғри келади. Интеллектуал хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган «Yodiy media» МЧЖ фуқароларнинг тезкор ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондирмоқда.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг таянчи, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи энг муҳим соҳа эканлигини чуқур ҳис этаётган фермерларимиз эндиликда нафақат чорва ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш, балки кўптармоқли хўжалик сифатида шаклланиб турли хил ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратмоқдалар. Бу борада вилоят имкониятлари муфассал ўрганилиб, истиқболли 277 та лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳаларга 159,7 млрд сўм миқдорида маблағлар сарфланиб, 1918 та қўшимча иш ўринлари яратилди. Бугун фермер ва деҳқон хўжаликлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги Наманганнинг қирмизи олмалари, мева-сабзавотлари хорижга экспорт қилиниб, чет элда уларга талаб тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади, дейди Президентимиз. Дарҳақиқат, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича вилоятда 86 та қорамолчилик, 16 та асаларичилик, 24 та балиқчилик, 23 та паррандачилик, 28 та боғдорчилик, 18 та узумчиликка ихтисослашган хўжаликлар ташкил этилди. Шунингдек, 15 та иссиқхонадан баҳор, куз ва қиш мавсумларида самарали фойдаланилмоқда, 14 та музлатгичли омборхона эса етиштирилган маҳсулотларни уринтирмай сақлаш имконини бермоқда.
Давлат ғазнасидан йилма-йил ажратмалар миқдори оширилаётган соҳа – соғлиқни сақлаш тизимидир. Ижтимоий соҳалар, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат даражаси савиясини ошириш дастурига мувофиқ, тизимдаги ҚВПлар негизида 60 дан зиёд оилавий поликлиника, 30 га яқин тез тиббий ёрдам кўрсатувчи шохобчалар ташкил этилди. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида тез тиббий ёрдам хизмати учун 104 та махсус транспорт воситаси ажратилиб, ходимларнинг касбий салоҳияти муттасил оширилаётгани ижобий самара бермоқда. Вилоятдаги қатор соғлиқни сақлаш муассасалари инсон ҳаёти учун энг зарур жиҳозлар билан таъминлангани, эндиликда мураккаб операцияларни ҳам шу ернинг ўзида амалга ошириш имконини бермоқда. Бу эса, аҳолининг тиббиёт ходимлари томонидан мунтазам кўрикдан ўтишини таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаб, олдини олишга хизмат қилмоқда.
Эртамиз қандай бўлиши биз бугун фарзандларимизга бераётган таълим-тарбия сифатига чамбарчас боғлиқ. Буни теран англаган вилоят маорифчилари асосий эътиборни, энг аввало, мактабгача таълим-тарбия тизими сифатини яхшилашга, боғчанинг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратишган. Шу мақсадда вилоятдаги 30 га яқин МТМ таъмирдан чиқарилиб, тарбияланувчилар кўникмаларини ошириш учун энг зарур ўқув қўлланмалари, китоблар, дидактик ўйинчоқлар билан таъминланди. Мураббийларнинг касбий салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлашга зарурий омил сифатида қаралмоқда. Бу каби вазифалар вилоятдаги ўрта таълим мактаблари, олий ўқув юртларида ҳам самарали йўлга қўйилиб, барча эътибор – дунёқараши кенг, янгича фикрловчи билимдон авлодни тарбиялашга қаратилган.
Таъкидлаш керак, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини ҳис этиш билан унга ёндашилмоқда. Бу жиҳат вилоят миқёсида кўплаб муаммолар ўз вақтида ечим топишига, юзлаб оилаларга хурсандчилик олиб киришига сабаб бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда ногирон шахсларга тўлақонли ҳаёт кечириши учун 208,3 млрд сўм миқдорида пенсия ва нафақалар тўланиб, моддий ва маънавий кўмак берилди. Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож аҳолини қўллаб -қувватлаш мақсадида уч нафар ногирон фуқарога арзон уй-жой берилиб, унинг бошланғич тўловига 58,7 млн сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лаёқати чекланган 200 нафар ногирон аёлга тикув машиналари тақдим қилиниб, касаначилик билан шуғулланиш имконияти яратилди.
Барча вилоятларда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари Наманган вилоятида ҳам қизғин паллага кирди. Албатта, бу янгидан қурилаётган ёхуд реконструкция қилинаётган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва ижтимоий инфратузилма объектлари, ҳудудларга кўрк бағишлаб, кишилар турмуш тарзини ўзгартираётган намунали уй-жойлар қурилишида ўз ифодасини топмоқда. Инвестиция дастури доирасида 85 та ижтимоий-инфратузилма объектларида қурилиш-монтаж, жумладан, 20 та умумтаълим мактаблари, 27 та МТМлари, реконструкция ҳисобига олтита соғлиқни сақлаш муассасалари, иккита спорт иншооти ва битта болалар мусиқа ва санъат мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Инсон манфаатлари – олий қадрият саналган юртимизда аҳоли турли қатламлари эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда уй-жойлар қуриш анъанага айланди. Ҳисобот йилида аҳолига жами 141,1 млрд сўм маблағ ҳисобига қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 1142 та арзон уйлар, шундан, 24 та 2–3 қаватли кўп хонадонли, 588 та бир қаватли 2–3 хонали уйлар ва 186 та икки қаватли тўрт хонали уй-жойлар қурилди. Мос равишда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплекслари, боғча, поликлиника, мини-стадион, спорт майдончалари бунёд этилгани аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйлар қуриш ва реконструкция қилиш ҳақидаги топшириқлари асосида дастур қабул қилинган. Дастурга кўра, шаҳарнинг иккита мавзесида жами 336 хонадонли саккизта кўп қаватли уй қурилиб, ўз эгаларига топширилди.
Аҳолининг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг бозорига бор, дейди доно халқ. Зеро, фаровонлик ва тўкинлик бозорларда акс этади. Биз, бу жиҳатдан тўлиқ фахрлансак арзийди. Бозорларимиз деҳқон ва фермерларимиз етиштирган дармондориларга бой мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан тўла. Деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ҳамда замонавий савдо комплекслари қуриш дастури бўйича 2017 йилда Учқўрғон туманидаги деҳқон бозори реконструкция қилиниб, замонавий савдо комплекслари ишга туширилгани аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди.
Хуллас, наманганликлар ҳар бир жабҳадаги ижобий янгиланишни, ўзгаришларни, турмуш фаровонлигини тубдан яхшилашни ҳалол меҳнатлари эвазига яратишни ўз олдига мақсад қилиб олганлар. Қайд этилган ютуқларга қарамай, вилоятда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Навбатдаги вазифалар ана шу муаммоларни, бу эзгу мақсад йўлида учрайдиган барча қийинчиликларни бартараф этишга қаратилган.
Акбар ҲАКИМОВ,
Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари;
Баҳодир НАЗРУЛЛАЕВ,
Наманган вилояти иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс
ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари