Республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Зомин туманида ҳам ўз аксини топмоқда. Яъни бу энг аввало, туман аҳолиси (154,6 минг киши)нинг турмуш даражаси йил сайин яхшиланиб бораётгани, қулай инфратузилма тизимлари яратилаётгани, хусусий мулкчилик янги босқичга кўтарилиб, ишбилармонлик ва тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётганида ўз ифодасини топмоқда. Шу жумладан, тумандаги кенг қамровли бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришдаги, маънавият, маданият, таълим ҳамда тиббиёт йўналишларидаги ўзгаришлар ҳам фикримизни яққол тасдиқлаб турибди.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бунёдкорлик ғоялари асосида қиёфаси тубдан ўзгариб бораётган ҳудудлар қатори Зомин туманида ҳам бирин-кетин замонавий корхоналар, ишлаб чиқариш мажмуалари бунёд этилаётгани, мавжудлари эса замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланаётгани ўз олдимизга қўйган пировард мақсадларни рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши учун кенг имкониятлар очиб берилмоқда.
Айтиш жоизки, ҳудудда тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бизнеснинг барча соҳалари, шунингдек, жорий йилда қабул қилинган давлат аҳамиятига молик дастуриламал ҳужжатлар асосида ривожлантирилаётгани туфайли туман иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бормоқда. 2017 йили туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, саноат соҳасида умумий қиймати 8,0 млрд.сўмни ташкил этадиган 16 та объект фойдаланишга топширилиб, 143 та иш ўрни, қишлоқ хўжалигида 24 та лойиҳа, хизмат кўрсатишда 78 та лойиҳа ишга туширилиб, 821 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, тумандаги компьютер мониторлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Тrust electronics» МЧЖ ўз маблағи (800 млн. сўм) ҳисобидан йилига 6,5 минг дона электр гўшт майдалагич ишлаб чиқариш қувватига эга янги линияни йўлга қўйди. Хизмат кўрсатиш сохасида «Азим зомин шифо» МЧЖ томонидан умумий қиймати 1,1 млрд.сўм бўлган соғломлаштириш маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада, 100 нафар ёш йигит-қизлар иш ўрнига эга бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 6 млрд. сўмдан зиёд бўлган, 840 гектар ер майдонига узумзор ташкил этилиб 300 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Буни кичик бизнес субъектлари сони йил сайин ортиб, хусусий тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Айтиш жоизки, ҳисобот даврида кичик бизнес субъектлари томонидан 964 та янги иш ўрни яратилди. Туманнинг асосий тармоқлари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажмида кичик бизнес субъектлари улуши катта бўлди. 2017 йилда 723 та кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган бўлиб, бу кўрсаткич 103,2 фоизга ортди. Муҳими, барча жабҳаларда уларнинг иштироки муттасил ошиб бормоқда.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили якунларига эътибор қаратсак, қуйидагича манзара ҳосил бўлганини кўрамиз. Яъни 2017 йил якунини ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда ўсиш кузатилганига гувоҳ бўламиз.
ни ташкил этди. Зоминликлар ишлаб чиқарилаётган ўз маҳсулотларини хориж бозорларига чиқариш масалаларида ҳам яхши натижаларни қўлга киритмоқда. Хусусан, 2017 йилда 6,5 млн.долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганини инобатга оладиган бўлсак, бу борада ҳам сезиларли муваффақиятларга эришилаётгани маълум бўлади.
Буларнинг барчаси алал-оқибат аҳолининг фаровон турмуш тарзи асоси бўлган бандлик кўрсаткичлари ортишига сабаб бўлмоқда. 2017 йилда бандликни таъминлаш ҳудудий дастурига мувофиқ 2704 та янги иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, мақсадли режалар бўйича 347 та саноат, 620 та хизмат кўрсатиш, 222 та қишлоқ хўжалиги ва 46 та ишламасдан турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига яратилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 220 та, аҳолини шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжалигида ўз-ўзини банд қилиш ва оилавий тадбиркорликда ҳисобига 682 та, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилишдаги мавсумий ва вақтинча ишлар ҳисобига 599 та янги иш ўрни яратилди.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш субъектларининг фаолият кўлами кенгайиб бориши натижасида ўтган давр мобайнида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари тайёрлаш 849,2 минг сўмга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 281,3 минг сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2169,1 минг сўмга, пуллик хизмат кўрсатиш 884,1 минг сўмга, чакана савдо айланмаси 2622,2 минг сўмга тўғри келди.
Ҳозирги кунда маҳаллий бюджет харажатларининг 55,9 фоизи мақсадли субвенциялар ҳисобига қопланмоқда ёки республика бюджетидан 47,9 млрд.сўм субвенция олинаётгани туманнинг республика бюджетига боғлиқлиги юқори даражада эканини кўрсатмоқда. Шунга кўра жорий йилда туманда ишлаб чиқилган субвенцияни қисқартириш юзасидан ишлар давом эттирилиб, йил якунига қадар режалаштирилган 55,9 фоиз ўрнига уни 49,4 фоизга тушириш ёки 6,5 фоизга камайтириш мўлжалланмоқда.
2017 йил инвестиция дастурига асосан реконструкция қилинаётган Зомин тумани Тиббиёт бирлашмасида бугунги кунга келиб, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Шунингдек, туман ҳудудида 82 та намунавий, профилактика инспекторлари учун 22 та уй-жойлар қуриш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 январдаги қарорига асосан, Зомин туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича 16 та чора-тадбирлар режасини рўёбга чиқариш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Шу жумладан, 5 млн. АҚШ доллари эвазига ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади. Айни пайтда «Зомин текс» МЧЖ томонидан мазкур корхонанинг асос қисмини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.
Келажакни кўзлаб иш юритиш хайрли амаллардан бўлиб, бунда юрт обод бўлади, аҳоли иш билан таъминланади, фаровон ҳаёт тарзи йўлга қўйилади. Шу маънода туманнинг икки минг гектар майдонида «Тошкентвино» АЖга қарашли замонавий технология асосида бунёд этиладиган токзорлар учун 2011,1 гектар (жумладан, Э. Холматов номидаги СИУ ҳудудидан 435,2 гектар, «ХРУ-17» СИУ ҳудудидан 696,9 гектар, «Молгузар» СИУ ҳудудидан 879 гектар) узумчилик ихтисослиги бўйича ер майдонлари ажратилди. Айни пайтда «Молгузар» ва «ХРУ-17» СИУ ҳудудида жами 840 гектар ер майдонларига кўчат экиш ишлари якунланган, Э.Холматов СИУ ҳудудида 100 гектардан ортиқ ер майдонлари экишга тайёрланмоқда.
Бундан ташқари «Тошкентвино» АЖ иштирокида вино заводи ҳамда алоҳида пиво ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун Э.Холматов номидаги СИУ ҳудудидан 12,5 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирги кунда заводнинг бош офисини қуриш ишлари 70 % якунланиб, ишлаб чиқариш заводи қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.
Туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида туман ҳудудида 5 та янги санаторий ва 5 та болалар оромгоҳлари қурилади. Айни пайтда Навоий тоғ-кон металлургия комбинати томонидан санаторий қуриш ишлари якунланиб қолди. Бу каби янгиланишларнинг давоми сифатида Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи мутасаддиларига санаторийлар қуриш учун ер майдонлари таклиф этилди. Ҳозирги кунда ушбу корхоналарнинг ташаббускор гуруҳлари томонидан лойиҳа-танлов ишлари олиб борилмоқда.
Туман аҳлининг якдиллик билан ва ҳамиша узоқни кўзлаб иш юритиши туфайли ўзига хос ташаббускор, тадбиркорлар томонидан асаларичилик, чорвачилик ва деҳқончилик соҳалари ҳам жадал ривожлана бошлади. Туман аҳлини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида туманда асалари оилаларини боқиш ва тарқатишга ихтисослаштирилган «Омон Зомин асали» агрофирмаси ташкил этилиб, «Алоқабанк»нинг туман филиали томонидан асаларичиликни ривожлантириш мақсадида бугунги кунга қадар 152 фуқарога 994,1 млн. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Шунинг баробарида ҳозирги кунда «Зомин зафар чорваси» агрофирмаси томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар эвазига наслли қўйлар тарқатиш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги қарорига асосан, 2017–2018 йилларда туманда умумий қиймати 434,5 млрд. сўмга тенг бўлган 188 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 3233 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг 37 таси йирик лойиҳалар ҳисобланади. Масалан, бунга «Zomin Milk Food» МЧЖ томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган умумий қиймати 26 млрд. сўмга тенг бўлган «Сутни қайта ишлаш», «Zomin Farm» МЧЖнинг «Доривор ўсимликлар асосида дори воситалари ишлаб чиқариш», «Хуршида Баҳром» ХКнинг «Мўъжаз» меҳмонхона ташкил этиш лойиҳаларини мисол келтириш мумкин. Иккинчи чорак якунлари бўйича муҳим аҳамиятга молик 37 та лойиҳа сирасига кирувчи умумий қиймати 16,9 млрд. сўмга тенг бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилди, 100 та янги иш ўрни яратилди.
Ҳозирги кунда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қўшимча тарзда 4 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, «Зомин текс экспорт» МЧЖ томонидан қиймати 113,3 млрд.сўм бўлган, 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш қувватига эга “полиефир ипи ва ундан синтетик матолар тўқиш”ни ташкил этиш, «Зомин мева логистика» МЧЖ томонидан қиймати 56 млрд.сўм бўлган, 100 та янги иш ўринлари яратиш қувватига эга “музлаткичли сиғим ва интенсив боғ барпо этиш” бўйича белгиланган топшириқларни адо этишга катта эътибор қаратилаяпти.
Таъкидлаш жоизки, республика бўйича мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 66 та тумандан бири ҳисобланган Зомин тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ҳам иқлим жиҳатидан, ҳам ернинг унумдорлиги жиҳатидан жуда мос ҳудуд саналади. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан туманнинг пахтачилик ҳудудларини қўшни Зарбдор туманига ўтказиш ва уни тўлиқ мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган туманга айлантириш бўйича бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди хамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 27 майдаги СҚ-179-III-сонли қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2017 йил 7 декабрдаги 123-ф-сонли фармойишига асосан туманнинг «Намуна», «Ғалаба», «Наврўз», «Оқар», «Мустақиллик», «Ғолиб» ва «Иқбол» СИУлардаги ер эгалари ва ердан фойдалувчиларнинг ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилди ва хатлов бўйича аниқланган жами 20232 гектар ер майдонини Зарбдор тумани тасарруфига ўтказилди.
Туман аҳли мақсадли режаларни муваффақиятли амалга ошириш билан бирга белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Яъни аҳоли турмуш тарзини яхшилаш бўйича маҳаллаларда учрашувлар ўтказиш ва иштирокчилар фикр-мулоҳазаларига ҳар тарафлама ёндашиш, таклифларни ўрганиш ва муаммоларни тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида ҳал этишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Айни пайтда юртимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир фуқаро самарали меҳнат қилиши ва ўз меҳнати маҳсулидан баҳраманд бўлишга ҳақли эканлигини теран англаб етмоқда.
Хуллас, зоминликлар орзу умидларини кўнгли очиқлик, серҳимматлик ва меҳнаткашликлари билан рўёбга чиқаришга интилмоқдалар. Улар туғилиб ўсган маконларини янада гуллаб-яшнатиш, иқтисодиётини юксалтириш йўлида сидқидилдан ва самарали меҳнат қилиб, эл-юрт равнақи, Ватан тараққиётига ҳисса қўшишни ўзларининг муқаддас бурчлари, деб биладилар.