– Хўжалигимиз пахта ва ғалла етиштиришда тумандаги энг илғор фермер хўжаликларидан бири ҳисобланади, – дейди Мингбулоқ туманидаги «Бахтиёр Абдусаломович» фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Қодиров мухбиримиз Анваржон Қобилов билан бўлган суҳбатда.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш ҳамда ишлаб чиқаришга янгиликларни жорий қилиш орқали сўнгги уч йилда ҳосилдорлик пахтачиликда 9, ғаллачиликда эса 14 центнерга ошган. Агар биз, 2013–2015 йилларда эришилган натижаларга аҳамият қаратадиган бўлсак, унда 125,1 гектар майдонга чигит экилиб, режада белгиланган 35 центнер ўрнига ўртача 39,5 центнердан пахта ҳосили етиштирилганига гувоҳ бўламиз. Натижада жами 483,2 тонна юқори сифатли пахта етиштирилиб, йиллик режа 115 фоизга бажарилган.
Бахтиёр Қодировнинг ўз меҳнатидан фахрланиб айтган сўзлари ҳар қандай кишини тўлқинлантиради. Бу каби ютуқларни кузатиб, мамлакатимизда фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар туфайли фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига айланганига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.
– Кўриниб турибдики, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, фермер хўжаликларида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалардан ҳар қанча фахрланса арзийди. Шу билан бирга, Сиз раҳбарлик қилаётган хўжаликда яна қандай қўшимча чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиш мумкин?
– Ери унумдор, ҳосилдорлиги юқори, ўсиш ҳамда ривожланиш кўрсаткичлари бошқаларнинг ҳавасини келтираётган мазкур хўжаликни 2006 йилдан буён бошқариб келаман. Шахсан мен шунга амин бўлдимки, бугунги фермер нафақат деҳқончилик маданияти, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ютуқларидан хабардор бўлиши, замонавий ишлаб чиқарувчи сифатида ҳам фаолиятини кенгайтириши кераклигини замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Иқтисодиётимизнинг аграр секторида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, юз бераётган таркибий сифат ўзгаришлари, яратилаётган қулайликлар ва соғлом иқтисодий муҳит самараси ўлароқ, мамлакатимизда ўрта синф вакиллари шаклланиб, улар ўз мулкларига эгалик қилиб эркин фаолият юритишмоқда.
Демак, бундан фермер хўжаликлари мисолида ер ўз эгасини топганлигини англаш мумкин. Энг муҳими, фермер хўжаликлари фаолиятининг ривожланиши ишсизликнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Масалан, биргина хўжалигимиз мисолида оладиган бўлсак, бу ерда 50 нафар ишчи-ходим доимий иш билан таъминланган. Биргина 2013–2015 йилларда 17 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга жойлаштирилди. Шуни ҳам айтиш лозимки, хўжаликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам асосий эътиборни қаратиб, олинаётган даромадлар ҳисобидан «МТЗ-80» русумли чопиқ трактори, «ТТЗ» транспорт трактори, «Puma» русумидаги ҳайдов трактори, «ОВХ», 2 та тиркама ҳамда битта сеялка, битта чизел мосламаси, НРУ, юқори унумли техника учун беш корпусли омоч ҳамда киркопка сотиб олинган. Бунинг натижасида маҳсулотларни етиштиришда четдан техника жалб этилишига барҳам берилиб, техника хизмати учун сарфланадиган катта миқдордаги хўжалик маблағи иқтисод қилинишига эришилмоқда.
– Ҳақиқатан ҳам, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар фермерларнинг меҳнатга бўлган муносабатини, дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборди. Мана шу ўзгаришларнинг фаолиятингизда тутган аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Маълумки, вилоятимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишида ҳамда унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини орттиришда қишлоқ хўжалиги тармоғи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, соҳани ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда қулай муҳит, мукаммал ҳуқуқий ва иқтисодий асослар, берилаётган енгиллик ва имтиёзларлардан ўз ўрнида унумли фойдаланишимиз даркор. Айтайлик, бизга бириктирилган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳа тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга самарали жалб этиш натижасида 2013–2015 йилларда кетма-кет 117,3 гектар майдонга ғалла экилиб, гектаридан ўртача 60 центнердан 700–729 тоннадан зиёд юқори сифатли ғалла йиғиб олинди. Давлатга 453 тоннадан ортиғи сотилиб, режа 122 фоизга уддаланди. Жорий йилда ҳам пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш мақсадида, ғўза ва ғалла парваришида фан-техника ютуқлари, илғор тажрибалар ишга солинмоқда.
Эртанги мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун мавжуд ресурслардан самарали фойдаланилмоқда. Бу борада пахта ва ғалла майдонларидаги ҳар бир ўқариқлар бошига қазилган ҳосил чуқурлари 10–15 тоннадан маҳаллий ўғитлар билан тўлдирилиб, фекал билан суғоришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан берилаётган минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материалларидан тежамкорлик билан фойдаланиш йўлга қўйилган. Пахтачиликда ўзига хос услуб яратиш мақсадида хўжалигимизда вегетация даврида ғўза қатор ораларини юмшатишда чизел-мосламага қўшимча равишда амиакли селитра суви билан ўғитлашни жорий қилдик. Амиакли селитра ғўза қаторидан 15 см. узоқликка қуйилиб, ўсимликнинг осон озиқланишига шароит яратади ҳамда техника билан икки марта ўрнига бир марта комплекс ишлов берилади. Бунинг натижасида ҳар гектар пахта майдонидан 7 литрдан ёқилғи тежаб қолинишига эришилмоқда. Бундан ташқари, ғўза қатор орасига суспензия сепишда ҳам ўзига хос услуб яратилган. Бугунги кундаги белгиланган меъёрлар бўйича ўргамчаккана ва бошқа зараркунандаларга қарши гектарига 50 килограммдан олтингугурт кукуни сепилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда яна бир жиҳат хусусида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан, яъни, ўзим яратган услубга кўра, «ОВХ» пуркагичнинг тепа қисмига 70 килограммли идиш ўрнатиб, унга кичик электр двигатель жойлаштирилди. Ғўза қатор орасига суспензия сепиш даврида ўрнатилган идишга олтингугурт кукуни солиниб, электр двигатели ёрдамида ҳар гектар ерга беш килограммдан олтингугурт кукуни суспензия билан биргаликда сепилиши йўлга қўйилди. Натижада, ҳар гектар ердан 45 килограммдан олтингугурт кукуни ҳамда гектаридан уч литрдан ёнилғи иқтисод қилишга муваффақ бўляпмиз. Бундан ташқари, 2010 йилдан бошлаб ғўза уруғчилиги билан шуғулланиб, ҳар йили давлатга шартнома асосида уруғлик пахта етиштириб беряпмиз.
– Ҳеч кимга сир эмас, жадал суръатлар билан ривожланаётган хусусий тадбиркорликка ва фермерлик ҳаракатига ҳукуматимиз томонидан эътибор юқори бўлаётган бугунги кунда фермерлар олдида ижтимоий-сиёсий фаолликни ошириш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларни юксалтириш, янги технологиялар билан ишлаш кўникмасини шакллантириш ҳамда қишлоққа саноатни олиб кириш масалаларида ҳам Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик?
– Фермерлар ва фермер хўжаликларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббус ҳамда ғояларини рўёбга чиқаришига кенг кўламли аҳамият қаратилаётгани боис жамиятимизда янгича фикрлайдиган, ижтимоий масъулиятни ҳис қиладиган, ватан равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган янги давр одамлари, янги куч пайдо бўлди. Бу ҳолат эса асосий мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.