Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар азалдан илғор ва кўп қиррали бўлиб, ҳамкорликнинг кенг доирасини қамраб олган. Икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот олий ва юқори даражаларда қўллаб-қувватланмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер.Штайнмайернинг 2019 йилдаги ўзаро расмий ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларга сезиларли туртки берган ҳолда уларни янги конструктив даражага кўтарди.
Гюнтер ОВЕРФЕЛЬД 2017 йил сентабрь ойидан эътиборан Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ҳисобланади. Германия билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 29 йиллиги муносабати ила жаноб элчи икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига берган ўз баҳолари билан ўртоқлашиш учун «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журналининг Бош муҳарририга интервью беришга рози бўлди.
– Жорий йилнинг март ойида Германия билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 29 йил тўлди ва давлатларимиз ўртасидаги алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Жаноб элчи, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги даражаси ҳақидаги ўз фикрингиз билан билдирсангиз.
– Германия билан Ўзбекистон ўртасида юзага келган умумий муносабатлар ХХ аср бошларига бориб тақалади, яъни Биринчи жаҳон урушидан кейиноқ кўп сонли ёш ўзбек зиёлилари ва олимлари ўқиш ҳамда илмий тадқиқот олиб бориш учун Германияда бир муддат яшаган. Афсуски, уларнинг кўпчилиги кейинчалик Сталин режими чоғида қатағон қилинди. Айтмоқчиманки, дўстлик ришталари ҳар доим мавжуд бўлган. Германия Ўзбекистонни 1990-йилларнинг бошида мустақилликка эришганидан сўнг тан олган тўртинчи мамлакат бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ислоҳотлар сиёсати бошланганидан буён ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди – икки томонлама савдо бир неча йил ичида уч баробар ошиб, 2019 йилнинг охирида қарийб 1 миллиард еврога етди. Ўзбек ва немис компанияларининг бундан кейинги ҳамкорликка бўлган катта қизиқиши боис прогнозларимиз ғоят оптимистик бўлиб, ишончим комилки, коронавирус пандемияси тугаганидан сўнг 2020 йилнинг бошида қаерда тўхтаб қолганимиздан келиб чиқиб, биз биргаликдаги ишни қайтадан янги даражада бошлашимиз мумкин бўлади.
Шуни таъкидлашим керакки, савдо-иқтисодий муносабатлардан ташқари маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлигимиз ҳам яхши ривожланган. Масалан, Ўзбекистоннинг 500 минг нафар фуқароси немис тилини ўрганаётганини таъкидлашни истардим – бу бутун Осиёда немис тилини ўрганувчиларнинг энг кўп сонидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг январь ойида Берлинга ташрифи ва Германия Президенти Штайнмайернинг худди шу йили май ойида Тошкентга жавоб ташрифи чоғида муносабатлар янада чуқурлашиб, энг юқори сиёсий даражада қўшимча динамикага эга бўлди.
– 2019 йил май ойида бўлиб ўтган ҳукуматлараро музокаралар якунлари бўйича Германия Ўзбекистонга 2019 ва 2020 йилларга мўлжалланган молиявий ва техник ҳамкорликни ривожлантириш учун жами 123,8 млн. евро миқдорида маблағ ажратилишини тасдиқлади. Германия томони қабул қилган мажбуриятлар қайси соҳаларга қаратилган?
– Ўша вақтдан буён сиз айтган рақамларни 180 млн. еврогача оширдик. Дарҳақиқат, бу мен юқорида айтиб ўтган умумий муносабатларимизнинг ижобий динамикасини акс эттиради. Техник ва молиявий ҳамкорлик бўйича ижроия агентликларимизнинг ҳар иккаласи ҳам Тошкентда жойлашган. Ушбу ҳамкорликда асосий эътибор соғлиқни сақлаш масалалари, хусусан, Қорақалпоғистон ва Термиз шаҳридаги шифохона ва ўқув марказларини ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялашга қаратилган. Лекин биз телемедицина, оналар саломатлиги ва силга қарши кураш билан ҳам фаол шуғулланмоқдамиз. Коронавирус пандемияси вақтида Covid’га қарши кураш бўйича етакчи агентлигимиз, Берлиндаги Роберта Кох институти (RKI) билан Ўзбекистоннинг тегишли институтлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.
Ўзаро ҳамкорлик касбий таълим, кичик ва ўрта корхоналарни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторларини қўллаб-қувватлаш соҳаларини ҳам қамраб олган.
– Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт Федерал вазирлиги (BMZ), шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги каби бошқа федерал идораларнинг буюртмаси бўйича Ўзбекистонда тегишли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бир неча ой олдин Германия кўплаб ҳамкор мамлакатлар, шу жумладан, Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа мамлакатлари учун тўғридан-тўғри ёрдам дастурларини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бу нима билан боғлиқ? Нега ҳамкорлар сафида фақат Ўзбекистон қолди?
– Биз ҳамкорлигимизни янада самаралироқ қилиш учун уни кам сонли мамлакатларга қаратиш юзасидан умумий сиёсий қарор қабул қилдик. Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорликни, мамлакатнинг БМТ барқарор ривожланиш мақсадларига қатъий содиқлиги ва унинг бутун Марказий Осиёнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида асосий ролни ўйнашини ҳисобга олган ҳолда, ёрдамимизни Ўзбекистонга қаратишга қарор қилдик. Ўзбекистон ҳозирги вақтда Марказий Осиёдаги биз икки томонлама ҳамкорликка эга бўлган ягона мамлакат ҳисобланади. Бу билан ҳам биз мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатини муайян тарзда қўллаб-қувватлашдан умидвормиз.
– Мамлакатингиз диверсификацияланган саноат иқтисодиёти, аҳоли жон бошига тўғри келадиган юқори ЯИМ ва ривожланган инфратузилмага эга. Германия кучли ҳисобланган деярли барча соҳалар Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотади. Немис техникасининг сифати ва мукаммал сервис Ўзбекистонда яхши обрўга эга. Бугунги кунда инвестиция лойиҳалари қайси соҳаларда долзарб ҳисобланади ва яна қаерда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари мавжуд?
– Немис компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли секторларига сармоя киритишлари мумкин. Ҳозирга қадар инвестициялар, хусусан, енгил, юк автомобиллари ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришга йўналтирилди. Пандемия ўзининг сафарлар ва тўғридан-тўғри учрашувлар учун тўсиқлари билан, афсуски, ушбу динамикани узиб қўйди. Бироқ биз тез орада шу ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларнинг жонланишини кўришимизга аминман.
Шу билан бирга умумий инвестиция муҳити барча хорижий инвесторлар учун жозибадор бўлиб қолиши зарур. Шартнома ва битимларнинг ишончлилиги, қарор қабул қилишнинг тезкорлиги ва шаффофлиги, шунингдек, судларнинг очиқлиги, самаралилиги ва мустақиллиги муҳимлигини алоҳида таъкидлашни истардим.
– 2010 йил май ойида давлатлараро самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бошқа мамлакатларнинг ишбилармон доиралари билан янада кучли алоқаларни ўрнатиш ва бўлажак шерикларнинг алоқа базасини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг қарори билан Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди. Ушбу Кенгашнинг фаолияти ҳақида ҳам сўзлашсак. Бугунги кунда у қанчалик фаол ишламоқда?
– Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши – бу икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида янги ғоялар ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш билан шуғулланувчи турли компаниялар бирлашмаси. У Германия ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида очиқ мулоқот учун майдон бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон томонидан норасмий Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашига Бош вазир А. Арипов раҳбарлик қилади.
Жаҳон иқтисодий инқирози шароитида Ишбилармонлар кенгаши қўшма ишбилармонлик фаоллигини амалга оширишнинг самарали механизми бўлиши мумкин.
– Европа комиссияси муддатидан олдин Ўзбекистонга «GSP+» преференциялар умумий тизимининг бенефициари мақомини беришга қарор қилди, бу эса мамлакатимизга Европа Иттифоқига божсиз етказиб бериладиган товарлар сонини икки баравар ошириш имконини беради. Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2019 йил якунларига кўра Германиянинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 2,3 фоизни ташкил қилган. Афсуски, Covid-19 пандемияси бундай фаолликнинг пасайишига олиб келган ҳолда ҳамкорлик кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди. Сизнинг фикрингизча, ўзаро савдо ҳамкорлигини жадаллаштириш учун иқтисодиётнинг қайси тармоқлари энг яхши салоҳиятга эга?
– Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдо айланмасида ривожланишнинг юқори даражаси кузатилди. Мисол учун, 2020 йилнинг январь ва февраль ойларида, бевосита пандемия авж олишидан олдин, икки томонлама савдо ҳажми олдинги йилнинг шу ойларига нисбатан ҳар ойда 20 фоизга ошиб борди. Икки томонлама савдо иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, қурилиш, машинасозлик каби кўплаб тармоқларини қамраб олди. Мен биз пандемия туфайли тўхтатиб қолган ишларни давом эттириш учун барча соҳада катта салоҳиятни кўраяпман. Айниқса, мамлакатларимиз ўртасида туризмнинг ривожланиши ҳақида сўз очмоқчи эдим, ушбу соҳа 2018/2019 йилларда жуда тез ўсишга эришган эди.
– Ҳа, ўша даврда чиндан ҳам сайёҳлик ўз чўққисига чиққан эди. Туризм соҳаси мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун стратегик соҳалардан биридир. Айтинг-чи, Германия фуқаролари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятидан қанчалик хабардор ва ушбу йўналиш мамлакатингиз сайёҳлари орасида машҳурми?
– Ўзбекистонга Германия туризми Covid-19 инфекцияси авж олишидан олдин жуда яхши йўлга қўйилган эди. Германия Ўзбекистонга ташриф буюрганлар сони бўйича Европа мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Фуқароларимиз асосан Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Хива каби дунёга машҳур тарихий жойларини кўриш учун келадилар.
Бироқ, назаримда, Ўзбекистоннинг гўзал табиати ҳам, албатта, европалик, шу жумладан, германиялик сайёҳларни жалб этиши муқаррар. Туризмни ривожлантиришга нисбатан минтақавий ёндашувни қўллаш мантиқан тўғри деб ўйлайман. Марказий Осиёнинг бир неча давлатлари бўйлаб чўзилган гўзал тоғ тизмаларигагина назар солишнинг ўзи кифоя қилади.
– Жаноб Элчи, Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликка қандай баҳо берасиз?
– Маданий ва маърифий ҳамкорлигимиз ўта ижобий тус олган. Мен мактаблар ва университетларда ярим миллион нафар ўзбеклар немис тилини ўрганишаётганини аввалроқ айтиб ўтган эдим. Немис мутахассислари бу ерда, хусусан, ўқитувчиларни тайёрлаш орқали таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб фаолият юритишмоқда. Ишлаб чиқилган талаба алмашиш дастурлари, ўқиш, нотиқлик ва театр учун немис тили танловларимиз, кўп сонли кўргазмалар, концертлар, кинофильмлар намойишлари ва Консуллик ходимлари томонидан Тошкентдаги Гёте институти билан биргаликда ташкил этиладиган ҳамда қўллаб-қувватланадиган бошқа маданий тадбирлар, айниқса, ёшлар орасида маълум ва машҳур. Ўйлайманки, омадимиз келди, биз пандемияга қарамасдан, видео-конференц-алоқа ва бошқа IT воситалари ёрдамида ҳамкорликнинг ушбу соҳаларидаги лойиҳаларимизни қўллаб-қувватлашга муваффақ бўлдик.
– Журналимиз анъанасига кўра, бир нечта саволларга қисқача жавоб бера оласизми? Биринчи блиц-савол: Сиз Элчихона раҳбари сифатида ўз олдингизга қўядиган асосий вазифалар нималардан иборат?
– Биринчи ва энг муҳим вазифа – ўз ходимларимизни рағбатлантириб, жамоанинг яхши раҳбари бўлиш. Назаримда, ушбу вазифани муваффақиятли уддалай олдим. Бу ишимизнинг барча йўналишлари учун базавий асос ҳисобланади. Икки томонлама муносабатларимизга келадиган бўлсак, дунёдаги ҳар бир элчи ўзи бўлиб турган мамлакат билан сиёсий муносабатларга эътибор қаратиши лозим. Бундан ташқари мен иқтисодий ва илмий ҳамкорлигимиз ривожига эътибор қаратишга ҳаракат қилдим.
– Сизни юртимизнинг нимаси кўпроқ мафтун этади?
– Менга тарихий шаҳарларингиз, хусусан, Хива, шунингдек, Ўзбекистон жанубининг бетакрор гўзал тоғли ҳудудлари жуда ёқади.
– Халқларимиз ўртасида умумий хусусиятларни кўрасизми?
– Менимча, ўзбеклар худди Германиянинг оддий фуқаролари каби амалий тафаккур юритувчи одамлар. Бундан ташқари мени жуда ёқимли тарзда ажаблантирган бир жиҳат – мен ўзбеклар ҳам, биз немислар каби, мазали таом ва ажойиб пивони хуш кўришига гувоҳ бўлдим!
– Мароқли суҳбат учун раҳмат.