Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маҳаллий фармацевтика тармоғининг жадал ривожланиши фармацевтика компаниялари сонининг кўпайиши, янги асл дори-дармонларнинг яратилиши ва жорий этилиши, дори-дармонларни бошқариш тизимининг такомиллаштирилиши ва улар сифатини назорат қилишнинг кучайтирилишида намоён бўлмоқда.
Давлат фармакопеяси – бу дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифатига нисбатан қўйиладиган замонавий талаблар мажмуи бўлиб, у, бир томондан, муайян мамлакатда фармацевтика тармоғининг ривожланиш даражасини белгилайди, иккинчи томондан эса дори воситаларининг сифатини янада ошириш учун асос яратади.
Давлат фармакопеясини тайёрлаш ва чоп этиш жараёни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси Бош муҳаррири – фармацевтика фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Каримович ЖАЛИЛОВ билан суҳбатлашдик.
– Айтинг-чи, нима учун Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва чоп этиш зарур бўлди? У қандай мақсадларни кўзлайди?
– Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 2016 йил 4 январдаги ЎРҚ-399-сонли қонунида давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси қўйилган. Қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси дори воситаларига ва тиббий буюмлар, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган айрим ёрдамчи моддалар ва хом ашёларнинг сифатига қўйиладиган умумий ва хусусий талаблар ифодаланган фармакопея мақолалари (монографиялар), алоҳида матнлар, жадваллар ва бошқалар мажмуасини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармакопея қўмитаси Давлат фармакопеясини нашрга тайёрлаш бўйича ваколатли органи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги ПФ-5707-сон «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида қисқа муддатларда халқаро фармакопея, ривожланган мамлакатларнинг минтақавий ва кенг эътироф этилган фармакопеялари билан уйғунлашган, мамлакатимизда фармацевтика тармоғининг турли йўналишларини янада ривожлантириш ишида юқори талаблар ва масъулиятини ўзида мужассам этган Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
– Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш нимадан бошланди?
– Давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган топшириғини бажариш йўлида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йил 17 июлдаги 24-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини нашрга тайёрлаш (қайта нашр қилиш) бўйича ишларни ташкил этиш» тўғрисидаги буйруқ имзоланди, унга кўра:
● Давлат фармакопеясини нашрга тайёрлаш тизими биринчи марта ишлаб чиқилди;
● Давлат фармакопеясининг тузилиши ва мазмунини тасдиқловчи олий орган сифатида таҳририят ҳайъати, шунингдек, бирлаштирувчи таҳририят кенгашининг умумий ва хусусий фармакопея мақолаларининг лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ишчи орган, ўз тегишли ишчи гуруҳларига эга бўлган ўн битта ихтисослаштирилган эксперт комиссиясидан иборат тузилма ташкил этилди;
● фармакопея мақолаларининг лойиҳаларини тузиш ва кейинги уч босқичли экспертизадан ўтказиш механизми ишлаб чиқилди;
● ихтисослаштирилган эксперт комиссиялари томонидан тайёрланган материалларни таҳририят ҳайъати мажлисларида кўриб чиқиш ва маъқуллаш, сўнгра таҳририят ҳайъатида маъқулланиш кетма-кетлиги белгиланди;
● синов усулларини ўзлаштириш ва Давлат фармакопеяси талаблари билан белгиланган сифат нормативларига риоя этилишини таъминлаш.
Шу билан бирга Давлат фармакопеясининг умумий талабларини тармоқнинг замонавий ютуқлари билан уйғунлаштириш мақсадида тайёргарлик босқичида дунёнинг ривожланган мамлакатлари, минтақавий ва миллий фармакопеялари ва албатта, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан чоп этиладиган халқаро фармакопея таҳлил қилинди. Европа, Америкa, Буюк Британия, Япония, Германия, МДҲ мамлакатлари фармакопеясининг тузилиши ва мазмуни ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасида фармацевтика тармоғи ривожланишининг бугунги даражаси хусусан, фармацевтика тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, янги оригинал инновацион дори препаратларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртларининг мавжудлиги, уч мингдан ортиқ номдаги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи 200 дан ортиқ маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолият кўрсатиши ва юқорида санаб ўтилганлар билан боғлиқ бир қатор бошқа омиллар юқори замонавий халқаро стандартларга мос келадиган ўз миллий фармакопеямизни яратишга ёрдам беради.
– Дунёда амал қилиб турган барча фармакопеялар бир-биридан фарқ қилса керак. Кимнинг фармакопеяси асос қилиб олинган ва нима учун?